BRB-TECH ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида банклар, бизнес ва давлат учун ўз тажрибасини намойиш этди
Компания онлайн банкинг, масофавий банк хизматлари, халқаро тўловлар, P2P хизматлари, масофадан банк ҳисоб рақамини очиш ва бошқа кўплаб рақамли хизматларни жорий этиш билан шуғулланади.

Бугун банк ва финтех компаниялари учун рақамлаштириш шунчаки замонавий илова яратишдан иборат эмас. Тизим юкламаси ошганда унинг тезлиги, маълумотлар базаси, хавфсизлик ва мавжуд инфратузилма билан интеграция каби масалалар ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли бизнесга фақат код ёзиб берадиган дастурчи эмас, балки компаниянинг реал муаммоларини тушуниб, уларга мос технологик ечим таклиф қила оладиган ҳамкор керак.
BRB Tech компанияси эса ўзини айнан шундай технологик ҳамкор сифатида тақдим этмоқда.
Компания вакилларининг айтишича, ICTWEEK 2026 ҳафталигида BRB Tech дастурий таъминот ишлаб чиқувчи компания сифатида эмас, балки бизнес жараёнларини ўрганиб, уларга мос ечимлар ишлаб чиқадиган технологик ҳамкор сифатида ўз имкониятларини намойиш этмоқда.
Компаниянинг асосий йўналишларидан бири — финтех ва молия сектори. Бу соҳада BRB Tech онлайн банкинг, масофавий банк хизматлари, халқаро тўловлар, P2P хизматлари, масофадан банк ҳисоб рақамини очиш ва бошқа кўплаб рақамли хизматларни жорий этиш билан шуғулланади.
BRB Tech ёндашувида эса тайёр дастурий маҳсулотни шунчаки тақдим этиш билан чекланилмайди. Компания вакилларига кўра, аввало платформадаги мавжуд муаммолар ўрганилади, аудит ўтказилади ва бизнесга айнан қайси ечим кераклиги аниқланади. Шундан кейингина оптимал технологик таклиф ишлаб чиқилади.
Компания давлат органлари билан интеграция бўйича ҳам тажрибага эга эканини таъкидламоқда. Шу сабабли BRB Tech ўз мижозларига нафақат дастурий таъминот, балки бизнес жараёнларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва тайёр технологик ечимларни ҳам таклиф қилмоқда.
Янги тўлов технологиялари
ICTWEEK 2026 доирасида компания янги тўлов технологияларини ҳам намойиш этмоқда. Улар қаторида “табассум тўлови” ва кафт орқали тўлов технологиялари бор.
Компания вакилларининг қайд этишича, ушбу ечимлар ташрифчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Янги тўлов технологиялари банк сектори билан бирга бизнес эгалари учун ҳам хизмат кўрсатиш жараёнларини янгилаш ва мижозларга янги имкониятлар тақдим этишга хизмат қилиши мумкин.





