
Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ёғингарчилик кузатилади
Жума ва шанбага ўтар кечаси республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кузатилади. Ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилмоқда.
© Javhar Chorshanbiyeva Ўзгидромет 16-18 январ кунлари учун об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, бугун кундузи ва шанба кунига ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик (ёмғир ёғади, аста-секин қорга айланади) бўлади. Фарғона водийси вилоятларида ёмғир кечга томон бошланади.
Шанба куни кундузи республика бўйича барқарор об-ҳаво сақланиб туради, баъзи жойларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади, аммо унинг жадаллиги нисбатан камаяди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ушбу кунларда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
Якшанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат кечаси ва эрталаб Навоий, Тошкент, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда бироз қор ёғади.
Бугун кундузи ҳаво ҳарорати +5...+8 даража илиқ, шанба ва якшанба кунлари 0...+5 даража илиқ атрофида бўлади. Ҳарорат кечалари -3 даража совуқ, +2 даража илиққача пасаяди.
Баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
Шамол секундига 7-12 метр тезликда эсади, 16 январда айрим жойларда 13-18 метргача кучайиши мумкин.
Тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қор ёғади. 16 январда баъзи жойларда кучли бўлади. Қор кўчиши хавфи бор.
Тошкент шаҳрида бугун вақти-вақти билан ёмғир ёғади, кечқурун қорга айланиши мумкин. Ҳарорат +6...+8 даража илиқ бўлади.
Шанба куни кечаси ва эрталаб ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, туман тушиши мумкин. Кундузи вақти-вақти билан бироз қор ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси ва кундузи +1...+3 даража илиқ бўлади.
Якшанба куни кечаси ва эрталаб бироз қор ёғади, туман тушиши мумкин. Кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси -1 даража совуқ, +1 даража илиқ, кундузи +3...+5 даража илиқ бўлади.





