Ҳисобдан четда қолган 810 минг киши: аҳолини рўйхатга олиш натижалари қандай?
37 йилдан кейин ўтказилган рўйхатга олиш аҳолининг ёш таркиби, оилалардаги фарзандлар сони ва ҳудудлар ўртасидаги демографик фарқларни очиб берди. Vaqt.uz таҳлилига кўра, аҳолининг учдан бири меҳнат ёшига етмаган, кўп фарзандли оилалар улуши эса сезиларли даражада камайган.

Ўзбекистонда аслида неча киши яшайди? 37 йил давомида бу саволга аниқ жавоб бериш қийин эди, чунки мамлакатда 1989-йилдан бери аҳолини тўлиқ рўйхатга олиш ўтказилмаганди.
2026-йилги рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 млн 47,3 минг кишини ташкил этди. Маълум бўлишича, аҳолининг 32 фоизи меҳнат ёшига етмаган, аксарият одамлар шаҳарларда яшайди. Сўнгги 37 йилда беш ва ундан ортиқ фарзандли оналар улуши 4 баравардан кўпроқ камайган. Рўйхатга олиш яна 2,1 млн киши доимий яшаш жойида бўлмаганини ҳам кўрсатди.
Vaqt.uz рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилиб, Ўзбекистоннинг бугунги демографик қиёфасини ўрганди.
Аҳоли 16 йилда қарийб 10 млн кишига кўпайди
Ўзбекистон аҳолиси сўнгги йилларда барқарор ўсиб бормоқда. 1897-йилда мамлакат ҳудудида 3,9 млн киши яшаган бўлса, 1989-йилга келиб бу кўрсаткич 19,9 млн кишига етган. Кейинги 37 йилда эса аҳоли яна қарийб 19,1 млн кишига кўпайди.

Манба: Статистика қўмитаси
Бу ўсишнинг сўнгги йиллардаги суръатлари ҳам эътиборга молик. Миллий статистика қўмитасининг аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида янгиланган ҳисоб-китобларига кўра, 2010-йил бошида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 29 млн 215,9 минг кишини ташкил этган. 2026-йил 1-январга келиб бу кўрсаткич 39 млн 24 минг кишига етган. Демак, 16 йил ичида мамлакат аҳолиси 9 млн 807 минг кишига ёки 33,6 фоизга ошган.
Аввалроқ, Vaqt.uz Ўзбекистон аҳолиси 16 йилда қарийб 10 млн кишига кўпайгани ҳақида ёзган эди. Ўшанда эълон қилинган маълумотлар аҳоли сонининг йиллар кесимидаги ўсишини кўрсатган бўлса, янги рўйхатга олиш натижалари бу рақамларни қайта ҳисоблаш ва демографик манзарани янада аниқроқ баҳолаш имконини берди.
Йиллик кўрсаткичларни солиштирганда, энг катта ўсиш 2023-йилдан 2024-йил бошигача бўлган даврда қайд этилган. Бу вақт ичида доимий аҳоли сони 792,4 минг кишига кўпайган. 2023-йил бошидан 2024-йил бошигача бўлган даврда ўсиш юқори бўлган бўлса, 2024–2025-йилларда 762,5 минг кишини, 2025–2026-йилларда эса 702 минг кишини ташкил этган.

Манба: Vaqt.uz
Шундай қилиб, охирги йилда аҳоли ўсиши аввалги икки йилга нисбатан секинлашган. Бироқ мамлакат аҳолиси барибир йилига 700 мингдан ортиқ кишига кўпаймоқда. Бу эса таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой, транспорт ва меҳнат бозорига бўлган талаб ҳам юқори бўлиб қолишини англатади.
Рўйхатга олишнинг яна бир муҳим натижаси — аввалги йиллардаги аҳоли сони ҳам қайта кўриб чиқилганидир. Янгиланган ҳисоб-китобларга кўра, 2026-йил 1-январь ҳолатидаги аҳоли сони олдинги расмий кўрсаткичдан 786,9 минг кишига ёки 2,1 фоизга юқори чиққан. 2011–2026-йиллардаги маълумотларда тафовут 1,9–2,1 фоиз, 2010-йилда эса 4,3 фоизни ташкил этган.
Бунда гап 786,9 минг кишининг бир йил ичида пайдо бўлгани ҳақида эмас. Миллий статистика қўмитаси рўйхатга олиш натижаларидан келиб чиқиб, аввалги йилларнинг демографик кўрсаткичларини ҳам қайта ҳисоблаган. Ҳисоб-китобларда туғилиш, ўлим, миграция, ёш ва жинс таркиби, шунингдек, ҳудудий ўзгаришлар инобатга олинган.
Аҳолининг учдан бири меҳнат ёшига етмаган
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 55,7 фоизи, яъни 21,7 млн киши меҳнатга лаёқатли ёшда. Меҳнат ёшига етмаганлар 12,5 млн кишини (32 фоиз), меҳнат ёшидан катталар эса 4,8 млн кишини (12,3 фоиз) ташкил этади.
Демак, меҳнат ёшига етмаганлар сони кекса ёшдагилардан қарийб 2,6 баравар кўп. Бу Ўзбекистон аҳолиси таркибида болалар ва ёшлар улуши юқори эканини кўрсатади.
Бундай ёш таркиби демографик юкламада ҳам кўринади. Меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар 100 кишига ўртача 79,6 нафар бола ёки кекса тўғри келади. Шаҳарларда бу кўрсаткич 77,9 нафар, қишлоқларда эса 81,7 нафар. Яъни қишлоқ жойларида меҳнат ёшидаги аҳолининг зиммасидаги демографик юклама бироз юқорироқ.

Манба: Статистика қўмитаси
Ўзбекистон аҳолисининг ёш-жинс пирамидаси пастки қисмида кенг, юқорига қараб эса торайиб боради. Бу аҳолининг катта қисмини болалар ва ёшлар ташкил этишини кўрсатади. Энг катта гуруҳ — 0–4 ёшдагилар: уларнинг жами сони 4,6 млн нафардан ошади. 5–9 ва 10–14 ёш гуруҳларида ҳам аҳоли сони юқори.
Пирамидада 20–29 ёшдагилар сони 15–19 ёшдагиларга нисбатан кам. Масалан, 15–19 ёш гуруҳида 3,15 млн киши бўлса, 20–24 ёшда бу кўрсаткич 2,66 млн, 25–29 ёшда эса 2,65 млн кишини ташкил этади. 30–39 ёш гуруҳида аҳоли сони яна ортади. 40 ёшдан кейин эса ёш ошгани сари аҳоли сони камайиб боради.
Жинслар кесимида ҳам фарқлар бор. 45 ёшгача бўлган гуруҳларнинг аксариятида эркаклар сони аёлларникидан кўпроқ. 45–49 ёш гуруҳидан бошлаб эса аёллар сони устунлик қилади. Бу фарқ катта ёшдагилар орасида янада ортади. Масалан, 65–69 ёш гуруҳида аёллар сони эркаклардан қарийб 71 минг нафарга, 70–74 ёшда эса 44 минг нафарга кўп.
2 миллиондан ортиқ кишининг доимий яшаш жойида бўлмаган
Ўзбекистон аҳолисининг жинсий таркиби деярли тенг, бунда эркаклар 19,8 млн кишини ёки аҳолининг 50,6 фоизини, аёллар эса 19,3 млн кишини ёки 49,4 фоизини ташкил этади. Эркаклар сони аёллардан 485,1 минг нафарга кўп.
Аҳолининг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи эса қишлоқларда яшайди. Рақамларда бу 21,3 млн шаҳар аҳолиси ва 17,8 млн қишлоқ аҳолисига тенг. Шундай қилиб, шаҳарларда яшовчилар қишлоқ аҳолисидан 3,5 млн нафарга кўп.

Манба: Статистика қўмитаси
Рўйхатга олишнинг яна бир муҳим натижаси — 2,1 млн киши доимий яшаш жойида бўлмаган. Бу жами аҳолининг 5,4 фоизини ташкил этади. Уларнинг асосий қисми, яъни 1,64 млн киши ишлаш учун бошқа жойга кетган. Яна 329,2 минг киши таълим олиш сабабли вақтинча яшаш манзилида бўлмаган.

Манба: Статистика қўмитаси
Қолганлар оилавий сабаблар, даволаниш, туризм, дам олиш, тижорат ва бошқа мақсадларда доимий яшаш жойидан вақтинча кетган. Демак, вақтинча бошқа жойда бўлганларнинг қарийб 79 фоизи меҳнат фаолияти билан боғлиқ сабаблар туфайли уйдан узоқда бўлган.
Аёллар орасида бевалар улуши эркакларникидан 4,7 баравар кўп
Статистика қўмитаси қайд қилишича, 15 ёш ва ундан катта аҳолининг 71,6 фоизи расмий никоҳда яшайди. Бу 19,5 млн кишига тенг. Ҳеч қачон никоҳдан ўтмаганлар 5,45 млн ёки 20,1 фоизни ташкил этади. Бевалар улуши 4,4 фоиз, ажрашганлар эса 1,8 фоиз бўлган.
Оилавий ҳолат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ҳам фарқ бор. Масалан, бева аёллар сони 981,5 минг нафарни ташкил этган бўлса, бева эркаклар 208,5 минг нафар. Яъни бева аёллар эркаклардан қарийб 4,7 баравар кўп. Расмий ажрашган аёллар сони ҳам эркакларникидан уч баравардан кўпроқ.
Беш ва ундан ортиқ фарзандли оналар улуши 4 баравар камайди
Маълумотларга кўра, 15 ёшдан катта 10,5 млн аёл жами 29,2 млн нафар фарзанд кўрган. Фарзанд кўрган ҳар бир аёлга ўртача 2,8 нафардан бола тўғри келади.
Сўнгги 37 йилда оилалардаги фарзандлар сони сезиларли ўзгарган. 1989-йилда беш ва ундан ортиқ фарзанд кўрган аёллар улуши 35,7 фоиз бўлган. 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 8,8 фоизгача тушган.
Айни пайтда икки ва уч фарзандли аёллар улуши ошган. 2026 йилда уч фарзанд кўрган аёллар 31,1 фоизни, икки фарзанд кўрганлар 27,5 фоизни ташкил этган. Бир фарзандли аёллар улуши 16,6 фоиз, тўрт фарзандлилар эса 16 фоиз бўлган. Таққослаш учун, 1989 йилда икки фарзандли аёллар улуши 21,2 фоиз, уч фарзандлилар 15,2 фоиз эди. Демак, сўнгги ўн йилликларда беш ва ундан ортиқ фарзандли оилалар улуши камайиб, икки-уч фарзандли оилалар кўпайган.
Фарзандлар сони аёлларнинг ёшига қараб ҳам фарқ қилади. 15–19 ёшдаги фарзандли аёлларнинг 76,7 фоизи бир нафар фарзанд кўрган. 70 ёш ва ундан катта аёлларнинг эса 28 фоизи беш ва ундан ортиқ фарзандли.
Умумий манзарабда эса оилалар таркиби ўзгараётганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Яъни кўп фарзандли оилалар улуши қисқариб, икки-уч фарзандли оилалар кенгаймоқда.
Ўзбекистонда қайси миллат вакиллари энг кўп яшайди?

Миллий таркибда ўзбеклар энг катта улушга эга — 34,9 млн киши ёки аҳолининг 89,4 фоизи. Кейинги ўринларда тожиклар (3,3 фоиз), қорақалпоқлар (2,2 фоиз), қозоқлар (1,8 фоиз) ва руслар (1,6 фоиз) туради. Қирғизлар 219,1 минг, туркманлар 194,8 минг, бошқа миллат вакиллари эса 300 минг кишини ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида ўзбекларнинг энг катта улуши Хоразм вилоятида — 98,7 фоиз. Энг кичик кўрсаткич Қорақалпоғистонда қайд этилган: 47,6 фоиз. Бу ҳудудда 1,02 млн ўзбек ва 772 минг қорақалпоқ яшайди.
Тожиклар асосан Сурхондарё (274 минг), Наманган (255 минг) ва Фарғона (210 минг) вилоятларида истиқомат қилади. Рус миллати вакилларининг қарийб ярми — 300 минг нафари Тошкент шаҳрида яшайди.
Миллий таркиб билан бирга, аҳолининг асосий мулоқот тили ҳам ўрганилган. Натижаларга кўра, 35,65 млн киши ёки аҳолининг 91,3 фоизи ўзбек тилини асосий мулоқот тили сифатида кўрсатган. Кейинги ўринларда қорақалпоқ (910 минг), тожик (851 минг), рус (787 минг) ва қозоқ (561 минг) тиллари туради.
Аввалроқ, аҳолининг қарийб 91 фоиз камида умумий ўрта маълумотга эга эканини ёзган эдик.
Теглар






