Иккинчи чоракда никоҳлар сони 5,4 фоизга кўпайган

08.08.2025 | 11:003 дақиқа

2022 йил охиридан бери биринчи марта никоҳлар сонида ўсиш кузатилди, бу эса демографияда ижобий ўзгаришларга ишора қилмоқда.

Иккинчи чоракда никоҳлар сони 5,4 фоизга кўпайган
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида 51,4 мингта никоҳ қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 фоизга кўпдир. Никоҳлар ўсиши 2021 йил иккинчи чорагидан бери энг юқори чораклик ўсиш сифатида қайд этилди. Ҳозирча бу ҳолат фақат иккинчи чоракка хосми ёки узоқ муддатли тенденциянинг қайта тикланишими — аниқ айтиш қийин. Агар кейинги чоракларда ҳам никоҳлар ўсиши давом этса, 2025 йилда туғилишлар сонида ҳам тикланиш кузатилиши мумкин. Маълумотларга кўра, туғилишларда ҳам ижобий белги сезилмоқда. Биринчи чоракда туғилишлар 3,7 фоизга камайган бўлса, иккинчи чоракда камайиш 3,1 фоизгача секинлашган. Шунингдек, биринчи чоракда 131 та туман ва шаҳарда туғилишлар камайган бўлса, иккинчи чоракда бу кўрсаткич 127 та туман/шаҳаргача тушган. Бу эса айрим ҳудудларда туғилишлар ўсиш фазасига ўтаётганини англатади. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, ҳозирча бир чораклик маълумотга асосланиб қатъий хулоса чиқариш мумкин эмас. Бироқ никоҳлар ўсиши яқин келажакда мамлакат демографиясида ижобий силжишлар учун замин яратиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, никоҳдан ажралишлар сони ҳам ўтган йилга нисбатан кўпайган ва ажралишларнинг асосий қисми — 14,1 минг ҳолат ёки 60,6 фоизи шаҳар жойларда содир бўлган.

Теглар

Мавзуга оид