add

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олганлар қўлга тушди

Бугун 10:212 дақиқа

Улар бир неча ой давомида қиймати 15,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган олтинни қазиб олган.

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олганлар қўлга тушди

Навоий вилоятида олтинни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Тезкор тадбирлар натижасида қиймати 15,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган олтин моддаси аниқланиб, гумонланувчилар қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ 2025 йилнинг ёз ойларидан бошлаб Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Қалқонота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Сармишсой тоғ тизмасида ноқонуний қазиш ишларини йўлга қўйган. Улар тегишли рухсатномаларсиз ер қаъри бойликларини қазиб олиб, таркибида олтин бўлган тоғ жинсларини йиғиш билан шуғулланган.

Фаолият давомида гуруҳ аъзолари сунъий ҳовузлар ҳамда ағдарма майдонларини ташкил этган. Қазиб олинган тоғ жинслари шу ернинг ўзида тўпланиб, кейинчалик ўзлаштириш мақсадида сақлаб келинган. Бу жараён бир неча ой давомида яширин тарзда амалга оширилган.

2025 йил октябрь ойида Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Навоий вилояти бўйича бўлими, вилоят Ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, олтин қазувчилар қўлга олинган.

Ҳодиса жойидан жиноят аломатларини тасдиқловчи қум уюмлари, сунъий ҳовузлар, ағдармалар ва турли асбоб-ускуналар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Тергов органлари маълумотига кўра, мусодара қилинган тоғ жинслари таркибида 9 килограмм 928 грамм олтин моддаси мавжуд бўлиб, унинг умумий қиймати 15 миллиард 551 миллион 219 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айбдор деб топилган шахсларга катта миқдорда жарима, озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Ҳозирда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, уларнинг вазифалари ҳамда бошқа жиноятларга алоқадорлиги юзасидан қўшимча тезкор-суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид