Logo

Ўзбекистон делегацияси Нетаняҳунинг БМТдаги нутқини бойкот қилди

Кеча 22:242 дақиқа

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу БМТ минбарига кўтарилган вақтда зални тарк этган делегациялар орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бўлган.

Ўзбекистон делегацияси Нетаняҳунинг БМТдаги нутқини бойкот қилди

24 сентябр куни Ню-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 81-сессияси доирасида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу нутқ сўзлашни бошлаган пайтда ўнлаб давлатлар делегациялари зални тарк этди. Улар орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бўлган. Буни «Reuters» агентлиги тарқатган фотосуратлар тасдиқлайди. Унда Ўзбекистон делегациясининг жойлари ҳам бўш қолгани кўринади.

«Reuters» тарқатган кадрларда Нетаняҳу минбарга кўтарилган вақтда делегацияларнинг бирин-кетин чиқиб кетаётганини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, Нетаняҳу нутқи вақтида зални тарк этган давлатларнинг тўлиқ расмий рўйхати БМТ томонидан эълон қилинмаган.

Турли манбалар тарқатган видеоларда Саудия Арабистони, Судан, Тунис, Ўзбекистон, Шри-Ланка, Бангладеш, Жазоир, Эрон, Малайзия, Черногория ва Қирғизистон делегацияларига тегишли ўринлар бўш қолгани кўринади. Шунингдек, Иордания, Ливия, Маршалл ороллари ва Маврикий вакилларининг ўринлари ҳам бўш бўлган.

Айрим хабарларда эса Туркия, Эрон, Покистон, Афғонистон, Бангладеш, Индонезия, Малайзия, Бруней-Даруссалом, Малдив ороллари, Мянма, Шимолий Корея, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон делегациялари нутқ вақтида залдан чиққани айтилган.

«Associated Press» агентлиги маълумотига кўра, Фаластиннинг БМТдаги миссияси бошқа давлатлар делегацияларини Нетаняҳу нутқи вақтида зални тарк этишга чақирган. Натижада, нутқ бошланганида залда кўплаб ўриндиқлар бўшаб қолган.

Исроил бош вазири эса уларни «маънавий қўрқоқлар» деб атаган.

Нетаняҳу БМТда нималар деди?

Нетаняҳу 40 дақиқага яқин давом этган нутқида Исроилнинг Ғазо ва Эрондаги ҳарбий ҳаракатларини оқлаган. У Исроил Ғазода геноцид содир этаётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, мамлакат ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш чораси сифатида баҳолаган. Шунингдек, у Эронга қарши АҚШ ва Исроилнинг қўшма зарбаларини ҳам ёқлаб чиққан.

Исроил бош вазири Ню-Йорк мэри Зоҳран Мамданини, Ғарбий Европа давлатларини, шунингдек, Қатар ва Туркияни ҳам танқид остига олган.

Нетаняҳунинг нутқидан олдин Ню-Йоркдаги БМТ қароргоҳи яқинида юзлаб намойишчилар тўпланган.

Ўзбекистоннинг БМТдаги иштироки

Ўзбекистон делегацияси БМТ Бош ассамблеясининг жорий сессиясидаги бошқа тадбирларда ҳам фаол иштирок этди. 24 сентябр куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сессия доирасида нутқ сўзлаб, Ўзбекистоннинг очиқлик, яхши қўшничилик ва ўзаро мулоқот тамойилларига содиқлигини таъкидлади. У ўз чиқишида Марказий Осиё ва Орол муаммоси, юртдаги ислоҳотлар, сунъий интеллект, қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари масалаларига тўхталиб ўтди.

Теглар

Мавзуга оид