Ўзбекистондаги банк кредитларининг 45 фоизи ва депозитларининг 76 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда
Мамлакат банк тизимида жами 659 трлн сўмлик кредит портфели ва 501 трлн сўмлик депозит маблағлари шаклланган. Пойтахт депозитлар ҳажми кредитлар ҳажмидан юқори бўлган ягона ҳудуд ҳисобланади.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида банк кредитлари ҳажми 297,5 трлн сўмни (жами ҳажмнинг 45,1 фоизи), депозитлар ҳажми эса 383 трлн сўмни (мамлакат банкларидаги барча маблағларнинг 76,4 фоизи) ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Марказий банк маълумотларига кўра, пойтахтда юридик шахсларнинг депозитлари 275,8 трлн сўмга етган. Бу мамлакат бўйича корхона ва ташкилотлар банкларда сақлаётган жами маблағларнинг 89,1 фоизини ташкил этади.
Шу билан бирга, Тошкентда юридик шахсларга ажратилган кредитлар 224,3 трлн сўмга, аҳолига берилган кредитлар эса 73,2 трлн сўмга етган.
Тошкент мамлакатда депозитлар ҳажми кредитлардан юқори бўлган ягона ҳудуд бўлиб қолмоқда. Пойтахтда кредитлар ва депозитлар нисбати 0,78 ни ташкил этади.
Ҳудудлардаги ҳолат: кредитлар депозитлардан уч баробар кўп
Қолган 13 та ҳудудда эса вазият бутунлай аксинча. Уларда жами кредитлар 361,6 трлн сўмни, депозитлар эса 118,1 трлн сўмни ташкил этган. Яъни, берилган кредит маблағлари жалб қилинган депозитлардан уч баробар кўпдир.
Энг катта тафовут Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ҳудудда кредитлар депозитлардан 9,1 баробар кўпни ташкил қилмоқда. Жиззах (5,4 баробар) ва Наманган (4,8 баробар) вилоятларида ҳам бу борада юқори тафовут сақланиб қолган.
Кредит ва депозитлар бўйича ҳудудий кўрсаткичлар
Ҳудудлар орасида кредитлар ҳажми бўйича Фарғона вилояти 38,7 трлн сўм билан етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Самарқанд (34,5 трлн), Тошкент вилояти (31,4 трлн), Андижон (31,2 трлн) ва Қашқадарё (31 трлн сўм) вилоятлари банд этган. Кредитлашнинг энг паст кўрсаткичлари эса Жиззах (21,2 трлн), Сирдарё (21,3 трлн) ва Навоий (21,6 трлн сўм) вилоятларида қайд этилган.
Депозитлар ҳажми бўйича Самарқанд вилояти биринчи ўринда (14,7 трлн сўм) бормоқда. Кейинги ўринларда Бухоро (13,9 трлн) ва Хоразм (13 трлн сўм) вилоятлари жойлашган. Энг кам депозит маблағлари Сирдарё (2,3 трлн), Жиззах (3,9 трлн) ва Наманган (5,2 трлн сўм) вилоятлари банкларига жалб қилинган.
Аҳоли ва компанияларнинг улуши
Олтита ҳудудда аҳоли томонидан олинган кредитлар ҳажми компаниялар олган кредитлардан кўпроқни ташкил қилган.
Булар — Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидир.
Энг катта фарқ Навоий вилоятида кузатилган: бу ерда жисмоний шахсларга 13,2 трлн сўм, юридик шахсларга эса 8,4 трлн сўм кредит берилган.
14 та ҳудуддан 12 тасида (Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятидан ташқари барчасида) аҳолининг банклардаги омонатлари компаниялар депозитларидан юқори. Хусусан, Бухоро вилоятида жисмоний шахслар банкларга 11,6 трлн сўм, Хоразм вилоятида эса 11,4 трлн сўм маблағ жойлаштирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк айрим микромолия ташкилотларида кредитларнинг 69 фоизи муаммоли эканлигини маълум қилганди.





