
Қозоғистон президентининг собиқ маслаҳатчиси калтаклаб ўлдирилди
56 ёшли собиқ маслаҳатчиси ўзининг 36 ёшли эркак таниши билан жанжаллашиб қолган.

29 октабр куни Қозоғистонда юқори лавозимларда фаолият юритган собиқ давлат арбоби Ержан Бобоқумаров ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Sputnik Қозоғистон» ва «Orda.kz» хабар берди.
Маълумотларга кўра, 56 ёшли Бобоқумаров ва унинг 36 ёшли таниши ўртасида оғзаки тортишув келиб чиққан. Жанжал тез орада муштлашувга айланган. Собиқ амалдор оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этган.
Қозоғистон Бош прокурорининг ўринбосари Ғалимжон Қўйгелдиевнинг таъкидлашича, воқеа юзасидан полиция томонидан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчи вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ержан Бобоқумаров 1969 йил 2 март куни Талдиқўрғон вилоятида туғилган. У Ал-Форобий номидаги Қозоғистон давлат университетини тамомлаган ва 1990-йиллардан бошлаб давлат хизматларида фаолият юритган.
Бобоқумаров ўз хизмат фаолияти давомида Президент маъмурияти, Бош вазир девони ва Маданият вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. У 2019 йил апрел–июл ойларида президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг маслаҳатчиси бўлган. Кейинчалик 2022 йилгача Олмота ҳокимининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.
«Orda.kz» ёзишича, у 2022 йил январ воқеаларидан кейин лавозимини тарк этган ва оммавий ҳаётдан четлашган. Марҳумнинг хотини, бир ўғли ва бир қизи қолган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентабр ойида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) томонидан пойтахт Олмотада тайёргарлик босқичида бўлган террор ҳужумнинг олди олингани ҳақида хабар берган эдик.





