Қозоғистон ва Тожикистон $2,5 млрдлик бизнес келишувларини имзолади
Имомали Раҳмоннинг Остонага ташрифи якунларига кўра икки давлат ўртасида 20 та ҳужжат, тадбиркорлар томонидан эса $2,5 млрдлик 25 та келишув имзоланди.
© фото: пресс-служба президента РТ5–7 ноябр кунлари Тожикистон президенти Имомали Раҳмон расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлди. 7 ноябрда Остонада Қосим-Жомарт Тўқаев ва Имомали Раҳмон олий даражадаги музокаралар ўтказди ва якунда икки давлат раҳбарлари қўшма баёнот қабул қилди. Тожикистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф доирасида ҳукумат ва идоралар ўртасида 20 та, бизнес-форумда эса тадбиркорлар ўртасида умумий қиймати $2,5 млрд бўлган 25 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланган.
Ҳамкорликнинг 20 та йўналиши: энергетикадан сунъий интеллектгача
Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланган давлатлараро ҳужжатлар қатор соҳаларни қамраб олади. Улар орасида энергетика, тоғ-кон саноати ва металлургия, қишлоқ хўжалиги, савдо, рақамли технологиялар, тиббиёт ҳамда ижтимоий ҳимоя каби йўналишлар бор.
Хусусан, икки ҳукумат электр энергетикаси бўйича ҳамкорлик қилиш, Тожикистон чегара қўшинлари учун кадрлар тайёрлаш, тоғ-кон металлургияси лойиҳаларини ривожлантиришга келишиб олди. Шунингдек, нефт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича битим имзоланди.
Савдо йўналишида 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган йўл харитаси қабул қилинди. Саноат соҳасида 2027 йилгача бўлган ҳамкорлик режаси, қишлоқ хўжалигида эса 2027–2028 йилларга мўлжалланган йўл харитаси тасдиқланди.
Рақамли технологиялар соҳасида Тожикистон президенти ҳузуридаги Инновациялар ва рақамли технологиялар агентлиги ҳамда Қозоғистоннинг тегишли идоралари электрон тижоратни ривожлантириш ва сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Томонлар соғлиқни сақлаш ва пенсия таъминоти бўйича ахборот алмашиш, прокуратура ва давлат хизматини ривожлантириш йўналишларида ҳам алоқаларни кенгайтиришга келишиб олди.
Бундан ташқари, 6 ноябр куни Тожикистоннинг Суғд вилояти делегацияси Остонада Қозоғистон ҳукумати ва бизнес вакиллари билан музокаралар ўтказди. Суғд вилояти раҳбари Ражаб Аҳмадзода, Остона ҳокими Женис Қосимбек, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров ва саноат ва транспорт вазири Ерсайин Нагаспаев иштирокидаги учрашувларда қишлоқ хўжалиги, саноат ҳамда транспорт-логистика масалалари муҳокама қилинди.
Тожикистоннинг «Ховар» миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, Суғд вилояти тадбиркорлари ва Қозоғистон компаниялари товар айирбошлаш соҳасида қиймати $900 миллиондан ортиқ бўлган ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаган. Томонлар, шунингдек, Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозоғистонга экспорт қилиш, пахта толасини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар яратиш, замонавий иссиқхоналар ҳамда Суғд вилоятида агрологистика марказларини қуриш масалаларини кўриб чиққан.
Икки давлат ўртасидаги савдо $1,13 млрдга етди
Ушбу келишувлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми изчил ўсиб бораётган бир пайтда имзоланди. Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг январ-сентябр ойларида давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард 130 миллион долларни ташкил этган.
Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 230,9 млн долларга ёки 25,6 фоизга кўп. Қозоғистон Тожикистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида учинчи ўринда туриши ҳам алоҳида қайд этилган.
5 ноябрда Остонада ўтган бизнес-форум доирасида товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга бориб $2 млрдга етказиш мақсади илгари сурилди. 7 ноябрда қабул қилинган йўл харитаси айнан шу вазифани ижро этишга қаратилган.
Ўзаро савдо таркибида буғдой, табиий газ, металл маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги хомашёси асосий ўрин тутади. «Asia-Plus» нашрининг Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчиси Валихон Турехановга таяниб ёзишича, 2026 йилнинг январ-сентябр ойларида Тожикистон Қозоғистондан қиймати 264,1 млн долларга тенг қарийб 998,2 минг тонна буғдой сотиб олган.
Худди шу даврда Қозоғистондан $153,8 млнлик табиий ва бошқа турдаги газсимон углеводородлар, $150,2 млнлик арматура ҳамда $67,9 млнлик алюминий оксиди импорт қилинган.
Тожикистондан Қозоғистонга экспорт қилинган маҳсулотлар орасида рух рудаси ва концентратлари $32,2 млнлик кўрсаткич билан етакчилик қилмоқда. Шунингдек, $17,9 млнлик қайта ишланмаган қўрғошин, $4,4 млнлик тез сўнувчи оҳак, $3,7 млнлик дафтарлар ҳамда $2,8 млнлик ширинлаштирилган ёки хушбўйлантирилган сувлар экспорт қилинган. Қуритилган мевалар ва узум ҳам шулар жумласидандир.
Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва энергетикадаги ҳамкорлик
Икки давлат раҳбарларининг музокараларида қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таъкидлашича, 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги аграр маҳсулотлар савдоси 11 фоизга ўсиб, қарийб $600 млнга етган. Бу рақам ўзаро савдонинг қарийб ярмини ташкил этади.
Тўқаев қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш ва уларни қайта ишлаш бўйича тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратиш имкониятлари муҳокама қилинганини ҳам қўшимча қилди.
Транспорт соҳасида эса Қозоғистон президентининг қайд этишича, 2025 йилда давлатлар ўртасидаги автомобил йўллари орқали юк ташиш 8 фоизга, темир йўл орқали ташиш эса 15 фоизга ўсган. Юк ташишнинг умумий ҳажми қарийб 7 миллион тоннага етган. Томонлар транспорт жараёнларини рақамлаштириш ва юк қатновини қулайлаштиришга ҳам эътибор қаратди.
Энергетика соҳасида эса электр энергетикаси ва нефт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича битимлар имзоланган.





