Рамсар рўйхатидаги Ўзбекистон ҳудуди: Судоченинг ноёб экотизими ва қадимий Буюк Ипак йўли излари
Марказий Осиёдаги қитъалараро қушлар миграцияси йўлида жойлашган Судоче кўллар тизими ўзининг биохилма-хиллиги билан ҳудуд экологиясида стратегик рол ўйнайди. Қирқ мингдан зиёд пушти фламинголар ва Қизил китобга киритилган ўнлаб турларга бошпана бўлган мазкур ландшафт ёввойи табиатнинг жонли мувозанатини акс эттиради.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaҚўриқхоналар сайёрамизнинг биологик хилма-хиллигини, ноёб экотизимлар ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот ҳамда ўсимликлар оламини сақлаб қолишда фундаментал аҳамиятга эга. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида қатъий муҳофаза режимига эга бўлган ўнлаб давлат ландшафт ва турларни сақлашга ихтисослашган буюртма қўриқхоналари фаолият юритади. Бу ҳудудлар нафақат миллий, балки минтақавий экологик барқарорликни таъминлашда стратегик ўринга эга бўлиб, ана шундай муҳим масканлардан бири Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосида жойлашган Судоче давлат ландшафт буюртма қўриқхонаси ҳисобланади.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
2021-йили давлат буюртма қўриқхонаси сифатида қайта ташкил этилган «Судоче-Акушпа» нинг умумий майдони 144 минг 110 гектарни, жумладан унинг таркибидаги «Судоче-Акпетки» ҳудуди 84 минг гектарни ташкил этади.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Амударё делтасининг чап қисмида, Устюрт платосининг шарқий чинклари (қирралари) яқинида жойлашган Судоче кўллар тизими илгари Орол денгизининг энг йирик кўрфазларидан бири бўлган ва ўз вақтида унинг майдони 350 квадрат километргача етган. Ҳозирги кунда у бир нечта йирик ҳавзалардан, хусусан, Кичик Судоче, Қоратерен, Бегдулла-Айдин ва Акушпа каби кўллардан иборат бўлиб, ўзининг сув-ботқоқ экотизими билан иқлим барқарорлигида муҳим рол ўйнайди. Мазкур ландшафт йирик саёз чучук ва шўр кўлларни, қалин қамишзор ҳамда бутазорларни, шўрхок ва ботқоқли майдонларни, шунингдек, саксовул экинлари ва қадимий жарликлардан иборат чўл ҳудудларини ўз ичига қамраб олади.
Флора ва фауна
Судочье ҳудуди икки йирик чўл — Қизилқум ва Ustyurt платосининг ўзига хос табиат чегарасида жойлашганлиги сабабли, Марказий Осиё қитъалараро учиш йўлида мавсумий миграция даврида ўн минглаб сув ва суволди қушларининг тўхтаб ўтиш, ин қуриш ҳамда қишлаш жойи сифатида мисли кўрилмаган аҳамият касб этади.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Платонинг яқинлиги нафақат қушлар, балки кўплаб йиртқич сутэмизувчиларнинг кўпайиши учун ҳам қулай экологик замин яратади. Қўриқхона ҳудудида жами 314 турдаги ҳайвонот дунёси вакиллари, шулардан 80 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб» ига киритилган ноёб турлар қатъий муҳофаза қилинади.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Қорақалпоқ давлат университети профессори Исламбек Орипбоев ушбу масканнинг орнитологик қиммати ва ҳудуддаги популяция ўзгаришлари ҳақида шундай таъкидлайди:
«Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 48 турдаги қуш тури учраса, шуларнинг кўпчилиги Судочье кўллар системасида уялайди. Жумладан, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган flamingolarning Ўзбекистонда уяловчи асосий популяцияси шу кўллар тизимидадир. 2015-йил май ойида бу ҳудудда 7000 га яқин flamingo аниқланган бўлса, бугунги кунда бу рақамлар 40 мингдан ошади».

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Тарихий ёдгорлик ва халқаро аҳамият
Мазкур табиат маскани фақатгина флора ва фауна вакиллари учун бошпана вазифасини ўтабгина қолмай, ўз ҳудудида қадимий сивилизациялар тарихини ҳам яшириб келмоқда.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Қўриқхона чегараларида жойлашган бир нечта археологик ёдгорликлар орасида Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманидаги «Kubla Ustyurt» посёлкаси яқинида қад ростлаган ва давлат муҳофазасига олинган Урга қалъаси алоҳида маданий қимматга эга. Археологик изланишларга кўра, X-XIII асрларга тегишли бўлган ушбу ёдгорлик ўрта асрларда Хоразм воҳасининг савдо ҳамда маданий ҳаётида транзит нуқтаси бўлиб хизмат қилган.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Қадимги Буюк Ипак йўли тармоғидаги хавфли чўл ҳудудларида ўрнашган ушбу стратегик объект бугунги кунда ҳудуднинг экотуризм билан бир қаторда йирик археологик туризм салоҳиятини ҳам тўлиқ намоён этади.
Судочьенинг халқаро миқёсдаги бебаҳо ўрни жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилган бўлиб, у халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхати ҳисобланмиш Ramsar конвенцияси (Халқаро аҳамиятга эга бўлган, айниқса, сув қушларининг яшаш жойи ҳисобланган сув-ботқоқлик ҳудудларининг расмий рўйхатидир. Бу тизим 1971-йили Эроннинг Ramsar шаҳрида қабул қилинган «Сув-ботқоқлик ҳудудлари тўғрисидаги конвенция» асосида шакллантирилган.

Foto: Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva
Унинг асосий мақсади сайёрамиздаги экологик мувозанатни сақлаш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асрашдир.) га киритилган ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан дунё миқёсидаги қушлар учун энг муҳим ҳудудлардан бири (IBA — Important Bird Areas) дея эълон қилинган.
Теглар






