Logo

Россиядан Ўзбекистонга 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқиш тақиқланди

Бугун 11:044 дақиқа

Фармонда айрим истиснолар ҳам назарда тутилган. Қоидани бузган фуқаролардан 1 млн рублдан ортиқ сумма, бизнес субъектларидан эса олиб чиқилаётган барча нақд пул мусодара қилиниши мумкин. Тақиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари, шунингдек, Озарбойжон ва Тожикистонга ҳам тааллуқли.

Россиядан Ўзбекистонга 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқиш тақиқланди © Sun'iy intelekt

Россия президенти Владимир Путин Россиядан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларига, шунингдек Озарбойжон, Тожикистон ва Ўзбекистонга 1 млн рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқишни тақиқлади. ЕОИИ таркибига Россиядан ташқари Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон киради. Президентнинг тегишли фармони ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш порталида 29-сентябр куни чоп этилди.

Янги чеклов айрим ҳолатларга татбиқ этилмайди. Жумладан, белгиланган халқаро аэропортлар орқали нақд пул олиб чиқиш мумкин. Бунинг учун пулнинг тўлиқ суммаси банк ҳисобварағидан ечиб олинганини тасдиқловчи банк ҳужжатлари бўлиши керак.

Шунингдек, халқаро ташувлар билан шуғулланувчи юридик шахслар ҳамда Россиянинг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари фаолиятини таъминлаш учун олиб чиқилаётган маблағларга ҳам истисно қўлланади. Бунда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли билдиришномаси талаб этилади.

Қоидани бузган жисмоний шахслардан 1 млн рублдан ортиқ олиб чиқилаётган сумма мусодара қилиниши, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан эса олиб чиқилаётган барча нақд пул мусодара қилиниши белгиланган. Ҳукумат ва Марказий банк уч ой ичида Россия рублини хорижга олиб чиқиш ҳолатларини ҳисобга олиш тартибини ишлаб чиқиши керак. Фармон 29 сентябрдан — имзоланган кундан бошлаб кучга кирган.

Аввалроқ президентнинг 193-сонли фармони ЕОИИ давлатларига 100 минг доллар эквивалентидан ортиқ миқдорда нақд рубл олиб чиқишни тақиқлаган эди. Бунда сумма Марказий банк курси бўйича ҳисобланган. Шунингдек, оғирлиги 100 грамм ва ундан ортиқ бўлган аффинаждан ўтказилган олтин қуймаларини олиб чиқиш ҳам чекланган эди. Айрим ҳолатлар бундан мустасно бўлган.

Янги тақиқ татбиқ этилмайдиган давлатларга нақд рублни белгиланган лимитсиз олиб чиқиш мумкин эди. 10 минг доллардан ортиқ нақд пул ва йўл чекларини олиб чиқишда йўловчи божхона декларациясини тўлдириши талаб этилади. 100 минг доллардан ортиқ сумма учун эса маблағларнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар керак бўлади.

Июн ойидан бошлаб ЕОИИ давлатларидаги банклар Россия рублини нақд кўринишида қабул қилиш шартларини ҳам кучайтирган. Беларусда камида саккизта банк бундай операциялар учун 2–5 фоиз миқдорида комиссия белгилаган. Қозоғистоннинг БЦК банкида комиссия 5 фоизни, Қирғизистондаги Экоисламикбанкда эса айрим операциялар учун 5 фоизни ташкил этган. Арманистондаги айрим банклар нақд рубл билан ишлашни тўлиқ тўхтатган.

Россия нашрларининг ёзишича, бундай ўзгаришларга Россиядан нақд рублнинг кўпайиб кириб келаётгани сабаб бўлган. Беларус ва Қозоғистон банклари нақд рублнинг ортиқча тўпланиб қолаётгани, уни сақлаш, инкассация қилиш ва бошқа валюталарга айирбошлаш харажатлари ортиб бораётганини билдирган.

РБК суҳбатдошларидан бири Россия банкларида йирик операциялар устидан назорат кучайтирилганини нақд пул олиб чиқиш кўпайишининг омилларидан бири сифатида келтирган. Экспертларнинг фикрича, айрим россияликлар нақд маблағларни жойлаштириш учун ЕОИИ давлатларини қулай йўналиш сифатида танлаган бўлиши мумкин. Бироқ маҳаллий банклар ҳам бундай операцияларни хавфли деб баҳоламоқда.

Шу билан бирга, Россияда нақд пул муомаласини тартибга солиш бўйича чоралар ҳам кучайтирилмоқда. 2025-йилнинг охирида ҳукумат иқтисодиётдаги нақд пул ҳажмини қисқартириш вазифасини белгилаган. Май ойида Марказий банк банкларга йирик миқдордаги нақд пулларни ҳисобвараққа киритиш операцияларини диққат билан текширишни тавсия қилган. Апрел ойидан эса айрим истиснолар билан ЕОИИ давлатларига 100 минг доллар эквивалентидан ортиқ нақд пул олиб чиқиш чекланган эди.

Қолаверса, Россия рублининг қанча миқдори мамлакатдан олиб чиқилаётганини аниқ ҳисоблаш қийин. Чунки Россия Федерал божхона хизмати ЕОИИ давлатлари билан бундай операциялар бўйича божхона ва статистик ҳисоб юритмайди. Марказий банкда таъкидланишича, нақд пул олиб чиқиш доим мавжуд бўлган, аммо фуқароларнинг шахсий маблағлари ва меҳнат мигрантларининг пулларини ҳам ўз ичига олган турли оқимларни алоҳида ҳисоблаш қийин.

Сентябр бошида Россия молия вазири ўринбосари Алексей Моисеев Россия нақд рублларининг ЕОИИ давлатлари банкларига чиқиб кетиши кузатилмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай пулларни олиб чиқишга уринишларни аниқлаш ва тўхтатишда самарали ишлаган. Айрим ҳолатларда пуллар Россиядан олиб чиқилмасдан ортга қайтарилган, айрим ҳолатларда эса нақд маблағлар мусодара қилинган.

Моисеев шунингдек, ЕОИИ давлатларидаги мавжуд нақд рублларнинг «утилизацияси» билан боғлиқ жараённи ҳам тилга олган. Унинг таъкидлашича, молиявий ташкилотлар томонидан жорий этилган комиссиялар, жумладан, марказий банклар томонидан тартибга солиш қоидаларининг ўзгариши билан боғлиқ.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, йил бошидан август ойи бўйича дастлабки маълумотларни ҳисобга олганда, мамлакатда муомаладаги нақд пул ҳажми тахминан 2,5 трлн рублга ошган. Фақат июл ва август ойларининг ўзида ўсиш 1 трлн рублдан зиёд бўлган.

Теглар

Мавзуга оид