Саудия Арабистони нефт экспортини Ҳўрмуздан айланиб ўтувчи йўлга кўчирди
Bloomberg хабарига кўра, Саудия Арабистони «Шарқ-Ғарб» қувурини максимал қувватга чиқарди. Ҳўрмуз бўғози ёпилгани сабабли кунига 7 млн баррел нефт Янбу порти орқали ташилмоқда.

Саудия Арабистони Ҳўрмуз бўғозини айланиб ўтувчи «Шарқ-Ғарб» магистрал нефт қувури орқали ўтказиш ҳажмини максимал даражага — кунига 7 млн баррелга етказди. «Bloomberg» агентлигининг соҳадаги манбаларига кўра, айни пайтда Қизил денгиз бўйидаги Янбу порти орқали экспорт қилинаётган хом нефт ҳажми суткасига 5 млн баррелни ташкил этмоқда. Қувур орқали ўтаётган қолган 2 млн баррел нефт эса мамлакат ичидаги нефтни қайта ишлаш заводларига йўналтирилмоқда.
Бундан ташқари, қироллик Янбу порти орқали кунига 700 мингдан 900 минг баррелгача тайёр нефт маҳсулотларини ҳам экспорт қилмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши амалиёти бошланиши билан Саудия Арабистони ўзининг бир неча ўн йилликлар давомида тайёрлаб келинган «энг ёмон сценарий» режасини ишга туширди. Ҳўрмуз бўғози орқали урушгача кунига 15 млн баррел нефт ўтганини ҳисобга олсак, Янбу йўналиши йўқотишларни фақат қисман қоплай олиши мумкин.
Шунга қарамай, ушбу муқобил йўл жаҳон бозорида нефт нархининг ўта критик даражага кўтарилиб кетмаслигига асосий сабаб бўлмоқда. Узунлиги 1000 километрдан ортиқ бўлган ушбу қувур 1980-йиллардаги Эрон-Ироқ уруши даврида, танкерлар ҳужумга учраган пайтда қурилган эди. Жорий можаро эса Ҳўрмуз бўғозининг тарихда кузатилмаган даражада тўлиқ ёпилишига олиб келди, бу эса Саудиянинг захира йўлини ягона нажот йўлига айлантирди.
Бозордаги нарх тебранишлари
Саудиялик мулозимлар агар етказиб беришдаги узилишлар апрел ойи охиригача давом этса, нефт нархи баррелига 180 доллардан ошиб кетишини прогноз қилмоқдалар. «The Wall Street Journal» нашрининг ёзишича, Ар-Риёд нархларнинг бундай кескин сакрашидан манфаатдор эмас. Чунки ҳаддан ташқари қиммат нефт глобал бозорда узоқ муддатли беқарорликни келтириб чиқаради ва жаҳон иқтисодиётини рецессияга туширади.
Қиролликнинг мақсади — таклифни имкон қадар кўпайтириш орқали нархларни жиловлаб туришдир. Геосиёсий таҳлилчи Умар Каримнинг фикрича, Саудия Арабистони бозорда «мувозанат сақловчи» ролини ўйнашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши натижасида юзага келган 15 млн барреллик бўшлиқни фақат битта қувур билан тўлдириб бўлмаслиги бозордаги хавотирларни сақлаб қолмоқда.





