add

Сенатнинг инсонпарвар қарори, ИИБнинг ишдан олинган мансабдорлари ва қуёш панеллари ўрнатганлар оладиган субсидия — 3 ноябр дайжести

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Сенатнинг инсонпарвар қарори, ИИБнинг ишдан олинган мансабдорлари ва қуёш панеллари ўрнатганлар оладиган субсидия — 3 ноябр дайжести

Йўл қоидаларини бузганларга жарима ўрнига энди оғзаки огоҳлантириш ҳам берилади

Сенат томонидан кўриб чиқилган янги Қонун ҳайдовчилар ва пиёдаларга тегишли маъмурий жазо тизимини инсонпарварроқ қилишга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Шу билан бирга, таъкидланишича, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларда қонунга итоаткорлик ҳиссини кучайтиришда мавжуд тизим кутилган натижа бермаяпти. Шу боис, айрим хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, илк марта кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга жарима эмас, балки «оғзаки огоҳлантириш» чорасини қўллаш амалиёти жорий этилади. Бу фуқароларга ўз хатти-ҳаракатининг оқибатларини тушунтириш ва қайта содир этилишини олдини олишга хизмат қилади.

Ҳафта ичида Ўзбекистонда ҳаво кескин совуши кутилмоқда

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 3–6 ноябр кунлари мамлакатнинг кўпчилик ҳудудларида ҳаво ўзгарувчан бўлади. Айрим вилоятларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 3–5 ноябр кунлари ёмғир ёки қор ёғиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечаси 0…+5, кундузи +5…+12, кейинги кунларда –8…–3 ва –3…+2 даража оралиғида бўлади.

Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги қайта ташкил этилди

Президент фармонига кўра, Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш этиб қайта ташкил этилади.

Шу жумладан, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб қайта ташкил этилади.

Шунингдек, Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб қайта ташкил қилинади.

Мутасаддилар 4–6 ноябрь кунлари айрим вилоятларда шамол тезлиги сониясига 12 метргача кучайиши, шунингдек, туман ва нам ҳаво сабабли ҳаракатда эҳтиёткорлик зарурлигини эслатмоқда.

Қуёш панеллари ўрнатган 35,3 минг киши субсидия олди

Солиқ қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида 35 284 нафар жисмоний шахс электр тармоқларига ўтказилган қуёш энергияси учун 153 млрд 643 млн сўм давлат бюджетидан субсидия олди.

Ҳудудлар бўйича субсидиянинг энг катта қисми 42,6 млрд сўм билан Хоразм вилоятига тўғри келмоқда. Кейинги етакчи ҳудудлар эса Қорақалпоғистон Республикаси (22,4 млрд сўм) ва Бухоро вилояти (15,3 млрд сўм) бўлди.

Субсидияни «Солиқ» мобил иловаси «Кешбек ва имтиёзлар» хизматининг «Қуёшли хонадон» бўлимидаги «Картага пул ўтказиш» ойнаси орқали банк картасига ўтказиб олиш мумкин, дейилади хабарда.

Ички ишлар вазири ўринбосари ишдан олинди

Президентининг тегишли қарори билан Бекмурод Абдуллаев Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Шунингдек, президентининг фармойиши билан Рустам Турсунов ҳам Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Теглар

Мавзуга оид

Сенатнинг инсонпарвар қарори, ИИБнинг ишдан олинган мансабдорлари ва қуёш панеллари ўрнатганлар оладиган субсидия — 3 ноябр дайжести | Vaqt.uz