add

Тўқаев Трампнинг Украинанинг таслим бўлишига доир тинчлик режасини қўллаб-қувватлади

Трамп таклифига кўра, Украина НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши, аннекция қилинган Қрим, шунингдек, босиб олинган Луганск ва Донецк Россия ҳудудлари сифатида тан олиниши керак.

Тўқаев Трампнинг Украинанинг таслим бўлишига доир тинчлик режасини қўллаб-қувватлади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украинада тинчликка эришиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади. У бу ҳақда Остонада Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан ўтказган музокаралардан сўнг маълум қилди.

Тўқаев «Америка томони тақдим этган режа»ни муҳим эканлигини таъкидлади. У Қозоғистон ҳам Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги барқарор келишувни қўллаб-қувватлашини ва уни илгари суришда доимо иштирок этишга тайёр эканлигини эслатиб ўтди.

Axios нашри 21 ноябр куни «Трампнинг Украина-Россия можаросини ҳал қилиш режаси» деб номланган ҳужжатни эълон қилди. Материалда таъкидланишича, режа 28 бандни ўз ичига олади ва аллақачон Россия ва Украина томонларига муҳокама қилиш учун топширилган.

Нашр маълумотларига кўра, ҳужжат доирасида Украина НАТОга аъзо бўлишдан воз кечмоқда. Украина қуролли кучлари сони 600 минг нафаргача қисқартирилади. Мамлакатда сайловлар битимлар имзолангандан сўнг юз кун ўтгач ўтказилиши лозим. Аннексия қилинган Қрим, шунингдек, босиб олинган Луганск ва Донецк Россия ҳудудлари сифатида тан олинади.

Режа Россия, Украина ва Европа ўртасида ҳужум қилмаслик бўйича кенг қамровли келишувни назарда тутади. Киев хавфсизлик кафолатларини олади.

Алоҳида бўлим Украинани тиклаш масаласига бағишланган. Россиянинг музлатилган 100 миллиард долларлик активлари АҚШ раҳбарлигидаги тикланиш дастурига йўналтирилади. Европа яна 100 миллиард доллар ажратади. Маблағларнинг қолган қисми қўшма лойиҳалар билан шуғулланадиган Америка-Россия инвестиция воситасида фойдаланилади.

Ҳужжатда, шунингдек, Россиянинг G8 форматига қайтиши ҳақида сўз юритилган. Муаллифлар Москвага нисбатан санкцияларни босқичма-босқич бекор қилишни келишиб олишни таклиф этмоқда.

Axios манбаларининг таъкидлашича, режага можарога алоқадор барча томонлар учун тўлиқ амнистия банди киритилган. Ҳужжатда келгусида даъво қилмаслик ва суд жараёнларини бошламаслик мажбурияти кўрсатилган.

Теглар

Мавзуга оид

Тўқаев Трампнинг Украинанинг таслим бўлишига доир тинчлик режасини қўллаб-қувватлади | Vaqt.uz