Logo

Тошкентда 1 млн доллар пора сўраган солиқ ходими ушланди

Бугун 10:201 дақиқа

Солиқ ходими 3,5 гектар нотурар жойда қурилиш қилишга 34 та ташкилотдан рухсат олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 1 млн 50 минг доллар миқдорида маблағ талаб қилган. Ушбу шахс 40 минг долларни олаётган вақтда тезкор тадбирда қўлга олинган.

Тошкентда 1 млн доллар пора сўраган солиқ ходими ушланди © Ishki ishlar vazirligi

Тошкент вилояти солиқ бошқармасида ишловчи ходим тадбиркордан 1 млн доллардан ортиқ пора сўраган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, солиқ ходими Нурафшон шаҳрида жойлашган хусусий корхонага тегишли 3,5 гектар нотурар ер майдонидаги қурилиши тугалланмаган цехни юридик шахсдан харидор номига ўтказиб беришни ваъда қилган. Бундан ташқари, у шу жойда қурилиш ишларини олиб бориш учун 34 та давлат идорасидан керакли рухсатномаларни олиб беришини айтган.

Бу «хизматлар» эвазига у 1 миллион 50 минг АҚШ доллари талаб қилган. Солиқ ходими олдиндан 40 минг доллар олаётган пайтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ички ишлар органларининг таъкидлашича, хизмат мавқеидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, давлат идоралари номидан ноқонуний ваъдалар бериш орқали ўзгаларнинг ишончини суиистеъмол қилиш қонунчиликда оғир жиноят сифатида баҳоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва кадастр мансабдори 50 сотих ерни аукциондан олиб бериш учун 100 минг доллар талаб қилиб, 30 минг доллар олаётганда қўлга тушганди.

Теглар

Мавзуга оид