add

Тошкентда «Конституция кўчаси» очилади

Кеча 12:252112 дақиқа

Конституция куни муносабати билан Тошкентда «Конституция кўчаси» ташкил этилади. Тадбирда ҳуқуқий бурчаклар, концертлар, викториналар ва сайёр қабуллар ўтказилади.

Тошкентда «Конституция кўчаси» очилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Адлия вазирлиги ҳамкор ташкилотлар билан бирга пойтахтнинг «Сайилгоҳ» кўчаси ҳамда барча ҳудудлар марказий кўчаларида «Конституция кўчаси»ни ташкил этмоқда. Лойиҳа аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Конституция аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилади.

Тадбирнинг асосий қисми сифатида махсус «Конституция бурчаклари» ташкил этилади. У ерда фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, қонунчиликдаги долзарб янгиликлар юзасидан тушунтиришлар ўтказилади. Узоқ йиллик тажрибага эга давлат ташкилотлари мутахассислари аҳолига ҳуқуқлардан тўғри фойдаланиш бўйича амалий йўл-йўриқларни тақдим этади.

Байрам доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш қилинади. Шу билан бирга, кўнгилочар ва маданий дастурлар белгиланган бўлиб, барча ёш тоифалари учун очиқ тадбирлар ташкил этилади. Совринли викториналар орқали иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимлари синовдан ўтказилади.

Шунингдек, аҳоли мурожаатларини жойида эшитиш ва ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар фаолият юритади. Унда мансабдор шахслар фуқаролар билан бевосита мулоқотда бўлиб, турли муаммо ва таклифларни кўриб чиқади.

Тошкент шаҳридаги марказий тадбир «Сайилгоҳ» кўчасида 2025 йил 5 декабр куни соат 11:00 да бошланади. Ташкилотчилар мазкур лойиҳанинг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва аҳолининг фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Lex.uz порталида 2025 йилнинг биринчи ярмида энг кўп ўқилган ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Конституцияси бўлган эди.

Теглар

Мавзуга оид