Logo

Трамп ва унинг оиласи собиқ СССР ҳудудида бизнесини кенгайтирмоқда — «Bloomberg»

Бугун 08:004 дақиқа

Оиланинг минтақадаги лойиҳалари кўчмас мулк, стратегик минераллар ва транспорт инфратузилмасини қамраб олмоқда.

Трамп ва унинг оиласи собиқ СССР ҳудудида бизнесини кенгайтирмоқда — «Bloomberg» © Trump Tower TbilisiPhotographer: Archi Group and Invia/Business Wire

Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп ва унга яқин бизнес доиралари иқтисодий таъсирини кучайтиришга интилаётган минтақа — Кавказ ва Марказий Осиёдаги манфаатларини кенгайтирмоқда. Лойиҳалар орасида Грузиядаги йирик кўчмас мулк мажмуаси, Қозоғистондаги вольфрам кони ҳамда Арманистон ва Озарбайжонни боғловчи янги транспорт йўлаги бор. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Тбилисида 280 метрлик «Trump Tower» қурилади

Трамп бренди минтақадаги йирик лойиҳалардан бири билан Грузия пойтахти Тбилисига қайтмоқда.
«Trump Organization» ҳамкорлари билан биргаликда «Downtown Tbilisi» мажмуаси таркибида «Trump Tower» қурилишини режалаштирган. Бино 62 қаватли ва тахминан 280 метр баландликда бўлиши кутилмоқда.

«Trump Tower» «Downtown Tbilisi»нинг марказий объекти бўлади. Мажмуанинг умумий қиймати 2 млрд доллар деб баҳоланган. Бу сумма «Trump Tower»нинг алоҳида қиймати эмас, балки бутун мажмуанинг умумий қийматидир. Унда турар жойлар, меҳмонхона, ресторанлар ва савдо объектлари бўлиши режалаштирилган.

«Trump Organization» маълумотига кўра, лойиҳа Грузиянинг «Archi Group» компанияси ва бошқа ҳамкорлар билан амалга оширилмоқда.

Лойиҳа тақдимотида «Trump Organization» ижрочи вице-президенти Эрик Трамп видеомурожаат билан қатнашган. Унинг айтишича, компания бирор жойга кириб келганда, бошқа брендлар ҳам унинг ортидан келиши мумкин.

«Биз бирор жойга келганимизда, бошқалар ҳам ортимиздан келади», — деган Эрик Трамп.

Қозоғистондаги вольфрам лойиҳасида Трампнинг ўғиллари ҳам бор

Трамп оиласи билан боғлиқ бизнес манфаатлари стратегик минералларга ҳам бориб тақалади.
«Bloomberg» ва «Financial Times» маълумотларига кўра, АҚШдаги «Skyline Builders Group» компанияси Қозоғистондаги йирик вольфрам лойиҳаси билан боғлиқ битимда иштирок этмоқда. «Skyline Builders» ва «Cove Kaz Capital Group» бирлашиши натижасида «Kaz Resources Inc.» ташкил этилиши режалаштирилган.

Доналд Трамп кичик ва Эрик Трамп «Skyline Builders» компаниясига инвестиция қилган. Шу сабабли улар мазкур битим орқали Қозоғистондаги вольфрам лойиҳасига билвосита манфаатдор бўлиши кутилмоқда.

Бу ерда гап Трамп оиласи Қозоғистондаги конни бевосита сотиб олгани ҳақида эмас. Трампнинг ўғиллари инвестиция қилган «Skyline Builders» компанияси вольфрам лойиҳасига боғлиқ корпоратив битимда иштирок этмоқда.

Лойиҳа бўйича АҚШнинг Экспорт-импорт банки $900 млнгача, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) эса $700 млнгача молиялаштириш бўйича қизиқиш билдирган. Компания ушбу маблағларни АҚШ ва Қозоғистондаги эҳтимолий давлат кўмаги доирасида жами $1,6 млрдгача деб кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, бу маблағлар ҳозир компанияга тўлиқ ажратилган дегани эмас. Компания маълумотида ҳар икки ҳолатда ҳам молиялаштириш бўйича Letter of Interest берилгани қайд этилган.
Вольфрам юқори технология, саноат ва мудофаа соҳаларида қўлланадиган стратегик хомашёлардан бири ҳисобланади.

Трамп маъмурияти қўллаб-қувватлаётган транспорт коридори

Минтақадаги яна бир йирик лойиҳа Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.

АҚШ ва Арманистон ўртасида келишилган TRIPP — Trump Route for International Peace and Prosperity ташаббуси Арманистон ҳудудида мультимодал транспорт алоқасини ривожлантиришни назарда тутади. Лойиҳа Озарбайжоннинг асосий ҳудуди ва Нахичеванни боғлаб, Транскаспий савдо йўлининг муҳим бўғинига айланиши кўзда тутилган.

Лойиҳа Трамп оиласининг хусусий бизнеси эмас. У АҚШ ва Арманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик келишуви доирасида амалга оширилаётган давлат ташаббусидир.

Арманистон ТИВ маълумотига кўра, TRIPP Development Company — қўшма корхона ташкил этилиши режалаштирилган. Унда АҚШ томонига тегишли TDC US 74 фоиз, Арманистон эса 26 фоиз улушга эга бўлиши кўзда тутилган. Дастлабки келишув муддати 49 йил этиб белгиланган.
Келишувда TRIPP доирасида темирйўл, автомобиль йўллари, нефть ва газ қувурлари, оптик толали алоқа ҳамда электр инфратузилмаси каби лойиҳалар амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган.

«Bloomberg»: бизнес ва давлат сиёсати бир вақтда ҳаракатланмоқда

«Bloomberg» Трамп оиласи ва унга яқин бизнес доираларининг минтақадаги лойиҳаларини Вашингтоннинг Кавказ ва Марказий Осиё билан иқтисодий ҳамда дипломатик алоқаларни кучайтириш ҳаракатлари билан бир вақтда кечаётган жараён сифатида ёритган.

Нашр Тбилисидаги «Trump Tower», Қозоғистондаги вольфрам лойиҳаси ва Арманистон–Озарбайжон ўртасидаги янги савдо йўлини бир материалда келтириб, Трамп оиласи ва унинг ҳамкорлари манфаатлари кўчмас мулкдан тортиб, стратегик минераллар ва транспорт инфратузилмасигача бўлган соҳаларни қамраб олаётганини қайд этган.

Шу билан бирга, ушбу лойиҳаларнинг мақоми бир хил эмас: «Trump Tower» ва Қозоғистондаги вольфрам лойиҳаси хусусий бизнес билан боғлиқ бўлса, TRIPP АҚШ ва Арманистон ўртасидаги давлатлараро келишув доирасида амалга оширилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид