Хитой компаниялари Ўзбекистон лойиҳалари учун ҳисоб-китобдан икки баравар қиммат нарх талаб қилди
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Хитой маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ирригация лойиҳалари нима сабабдан кечикаётганини тушунтирди.
© Фото: Қонунчилик палатасиЎзбекистонда Хитой маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш лойиҳалари пудратчиларнинг ҳисоб-китобдагидан икки баравардан ортиқ қиммат нарх таклиф қилгани сабабли кечикмоқда. Бу ҳақда 11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев маълум қилди, дея ёзмоқда «Газета.uz».
Қайд этилишича, парламент йиғилишида Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Имомназар Турсунов Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларида 130 миллион долларлик лойиҳалар бўйича инвестицияларни ўзлаштириш умуман бошланмаганини кўтариб чиққан.
Вазир ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, лойиҳаларни жадаллаштириш учун даставвал Хитойнинг «CITIC» ва «CAMC» компанияларини жалб қилиш режалаштирилганини билдирган.
Таъкидланишича, пудратчилар қурилиш ишларини дастлаб ўз маблағлари ҳисобидан бошлаши, кейинчалик эса харажатлар Хитойнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.
«Бу компаниялар билан музокаралар қилганимизда нафақат 10 фоиз, 20 фоиз, икки баравардан ҳам кўпроқ қиммат маблағлар эвазига қилишни таклиф қилишди. Биз мана шу ишлар бўйича бир йилдан ортиқ улар билан музокаралар, мулоқотлар қилиб, натижага эриша олмадик», — деган Шавкат Хамраев.
Тендердан кейин ҳам нархлар 20 фоизга юқорилигича қолган
Бир йилдан ортиқ давом этган музокаралар бесамар кетгач, Ўзбекистон ҳукумати лойиҳаларни белгиланган тартибда молиялаштириш учун Хитой Экспорт-импорт банкига (Eximbank) мурожаат қилган.
Вазирнинг тушунтиришича, банк томонидан лойиҳаларни кўриб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва пудратчиларни танлаш тартиб-таомиллари учун яна тахминан бир ярим йил вақт сарфланган.
Учта компания иштирокида ўтказилган тендерда ғолиб бўлган «CITIC» компанияси барибир дастлабки ҳисоб-китоблардан 20 фоиз қимматроқ нархни белгилаган.
Нархни пасайтириш юзасидан олиб борилган музокараларда томонлар келишувга эриша олмагач, вазирлик бошқа йирик Хитой компанияси — «Sinohydro» билан музокараларни бошлаган. Вазир 11 ноябрь тонгида ҳам ушбу компания билан навбатдаги музокаралар ўтказилганини тасдиқлади.
«Биз энди бу ишни тезроқ қиларканмиз, деб қиммат нархда қилсак — эртага барибир бюджет қайтариши керак. Шунинг учун шу тўхтаб турибди», — дея таъкидлаган Сув хўжалиги вазири.
Унинг қўшимча қилишича, лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилган. Каналларни бетонлаш ишларини сифатли ва белгиланган маблағлар доирасида 2027–2028 йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳанинг дастлабки режаси қандай эди?
Мазкур лойиҳалар президентнинг 2024 йил 29 ноябрдаги ПҚ-409-сонли қарори асосида бошланган эди. Ҳужжатда Хитой Экспорт-импорт банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан умумий қиймати 220 миллион долларлик иккита лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Жумладан, Бухоро, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилишга 160 миллион доллар йўналтирилиши ва бунга Хитойнинг «CITIC Construction Co. Ltd» компанияси бош пудратчи этиб белгиланиши қарор қилинганди.
Қашқадарё вилоятидаги 60 миллион долларлик лойиҳа учун эса «CITIC Construction Co. Ltd» ва «China CAMC Engineering Co., Ltd» компаниялари танланган. 2025 йилдан бошлаб кредит битимларини амалдаги иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда имзолаш белгиланган эди.





