Хорижий университетда илмий даража олган мутахассисларга имтиёзли ипотека кредити берилади

Бугун 17:252 дақиқа

Ҳукумат қарорИ билан нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража олган ёш мутахассисларга уй-жой хариди учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш тартибини белгилади.

Хорижий университетда илмий даража олган мутахассисларга имтиёзли ипотека кредити берилади

Ўзбекистонда хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража олган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ипотека дастури жорий этилди. 2026 йил 9 апрелда қабул қилинган 159-сонли қарор билан ушбу йўналишдаги махсус низом тасдиқланди.

Кредит миқдори ва муддати

Мазкур низомга мувофиқ, талабгорлар мамлакат ҳудудидаги бирламчи уй-жой бозоридан уй сотиб олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 150 баробаргача бўлган ипотека кредитидан фойдаланиши мумкин. Кредит 10 йил муддатга берилади ва ҳар ойда қайтариш шарти билан расмийлаштирилади.

Кредитлар тижорат банклари томонидан йиллик 14 фоиз ставкасда ажратилади. Шу билан бирга, ажратиладиган маблағ сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 80 фоизидан ошмаслиги шарт қилиб белгиланган.

Ариза топшириш жараёни тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, талабгорлар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон тарзда мурожаат қилади. Аризага уй-жой бўйича қурилиш ташкилоти билан тузилган шартнома ҳам илова қилиниши лозим.

Кредит ажратиш талаблари

Ўзбекистон фуқароси бўлганда;

Кредит олиш учун ариза билан мурожаат қилган кунда 35 ёшдан ошмаганда;

Кредит олувчи ушбу халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан эълон қилинган рейтингда юқори 100 талик рўйхатга киритилган хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража олганда;

Кредит олувчининг хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража олганлиги ҳақидаги дипломи белгиланган тартибда нострификация қилинганда.

Тижорат банклари аризачининг тўловга лаёқатини 3 иш куни ичида ўрганиб чиқади ва тегишли хулосани Oлий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади. Янги тартиб хорижда таълим олган ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб камида 15 йил иш стажига ва олий малака тоифасига эга педагоглар ва тиббиёт ходимларига уй-жой сотиб олишда ипотека бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Теглар

Мавзуга оид