Logo

ХВЖ Ўзбекистонга олтин бўйича маслаҳат берди

Олтин нархининг кўтарилиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча маблағ келтирмоқда. Бироқ халқаро молия ташкилоти бу борада келажакдаги хавфларга эътибор қаратди.

ХВЖ Ўзбекистонга олтин бўйича маслаҳат берди © Фото: Getty Images

Халқаро бозорда олтин нархининг кўтарилиши Ўзбекистон давлат молияси учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Бироқ бу тушумларнинг барчасини жорий харажатларга сарфлаш келгуси йилларда бюджет барқарорлигига хавф туғдириши мумкин. ХВЖ айнан шу масалага эътибор қаратиб, ҳукуматга табиий ресурслардан, айниқса олтиндан тушадиган даромадларни бюджет ҳисоб-китобидан алоҳида баҳолашни тавсия этди.

Марказий банкда Кавказ ва Марказий Осиё иқтисодий истиқболига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда ХВЖнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе фонд бу таклифни Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат мазкур ёндашувни очиқ қабул қилган.

Фонд таклиф этаётган асосий ўзгариш — норудавий бюджет балансини ҳисоблашдир. Бунда давлат даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқни аниқлашда олтин ҳамда бошқа минерал ресурслардан тушадиган даромадлар чиқариб ташланади. Натижада бюджетнинг оддий солиқлар, божхона тушумлари ва бошқа барқарор манбаларга қай даражада таяниши аниқ кўринади.

ХВЖ вакилининг фикрича, олтин нархи юқори бўлган даврда бюджетга кутилганидан кўпроқ маблағ тушади. Бу эса ҳукуматни харажатларни оширишга ундаши мумкин. Бироқ ресурслар нархи пасайганда бундай харажатларни сақлаб қолиш қийинлашади. Шу боис нархлар ўсишидан олинган қўшимча даромаднинг бир қисмини жорий харажатларга сарфлаш ўрнига жамғариб бориш мақсадга мувофиқ.

Олтин нархи бюджет даромадларини қандай оширди?

ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил этган. Бу давлат бюджети учун белгиланган 3 фоизлик мақсадли чегарадан паст.

Фонд ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йилда бюджет даромадларининг ЯИМга нисбати аввалги йилга қараганда 1,5 фоиз бандга ошган. Шундан 1,4 фоиз банди минерал ресурслардан, айниқса олтиндан тушган қўшимча даромадлар ҳиссасига тўғри келган. Қолган ўсишнинг бир қисми эса қўшилган қиймат солиғи тушумлари билан боғлиқ.

Бошқача айтганда, 2025 йилда бюджет даромадлари ўсишининг асосий қисми оддий солиқ тушумлари эмас, балки минерал ресурслар бозоридаги қулай нархлар ҳисобига шаклланган.

Норудавий бюджет баланси нима учун керак?

ХВЖ таклиф этаётган кўрсаткич иқтисодий адабиётларда «non-mineral budget balance» — норудавий бюджет баланси деб юритилади. Нефт экспорт қилувчи давлатлар бундай ёндашувдан анчадан бери фойдаланиб келади. Уларда нефтдан тушадиган даромадлар бюджет ҳисоб-китобидан чиқариб ташланади. Шу орқали давлат бошқа манбалардан қанча маблағ топаётгани ва харажатларини қай даражада қоплай олаётгани баҳоланади.

Ўзбекистонда эса асосий эътибор олтин ва бошқа минерал ресурслардан тушадиган даромадларга қаратилади.

Бу кўрсаткичнинг моҳияти шундаки, бюджет ҳолати фақат умумий тушум ва харажатлар ўртасидаги фарқ билан ўлчанмайди. Олтиндан келган маблағлар чиқариб ташлангач, бюджетнинг аслида қанчалик мустаҳкам экани намоён бўлади.

 

Ўзбекистон бюджети олтинга қай даражада боғлиқ?

Олтин Ўзбекистоннинг энг муҳим экспорт маҳсулотларидан биридир. Бироқ унинг бюджетга таъсири фақат экспорт тушумлари билан чекланмайди. Фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхоналардан тушадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳам давлат даромадларининг сезиларли қисмини ташкил этади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда давлат бюджетига ер қаъридан фойдаланганлик учун 25,8 трлн сўм солиқ тушган. Бу жами 359,8 трлн сўмлик давлат бюджети даромадларининг қарийб 7,2 фоизига тенг. Аммо бу маблағнинг барчаси фақат олтиндан эмас — мазкур солиқ бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ тўловларни ҳам ўз ичига олади.

 

ХВЖ харажатларни чеклаш билан бирга солиқ имтиёзларини ҳам қисқартиришни таклиф қилмоқда

Олтиндан келадиган қўшимча даромадларни жамғариш ХВЖнинг ягона тавсияси эмас. Фонд вакили бюджет харажатлари, субсидиялар ва солиқ имтиёзлари сиёсати бўйича ҳам қатор таклифлар билдирди.

Хусусан, амалдаги тушумлар бюджет прогнозидан юқори бўлса, харажатларни ҳам шунга мос равишда ошириб юбормаслик тавсия этилди. Шунингдек, барчага бирдек бериладиган мақсадсиз субсидияларни чеклаш ва солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Коба Гвенетадзе вақтинчалик солиқ имтиёзларини жорий этишда эҳтиёткор бўлишга чақирди. Унинг фикрича, бундай имтиёзлар бир марта берилгач, улардан воз кечиш қийинлашади. Бизнес учун эса қисқа муддатли солиқ енгилликларидан кўра, барқарор иқтисодий муҳит ва олдиндан башорат қилинадиган солиқ сиёсати муҳимроқ.

Шу билан бирга, ХВЖ Ўзбекистонда давлат қарзи ва бюджет барқарорлиги ҳозирча жиддий босим остида эмаслигини билдирди. Гвенетадзе амалдаги иқтисодий шароитни ислоҳотларни амалга ошириш учун қулай давр деб баҳолади.

Теглар

Мавзуга оид