Logo

Ёпилган «Yangi Bank» биноси Enter Engineering’нинг «меросхўри»га ўтдими?

Кеча 17:353 дақиқа

Банкнинг пойтахтда жойлашган бош офиси аукционда 111,3 млрд сўмга «Kapital loyihalar guruhi» МЧЖга сотилди. Бу компания Enter Engineering’нинг «меросхўри» бўлиши мумкин. Бундан ташқари, компанияга ОКМК ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эгалик қилади. Янги эганинг ўзи «Yangi Bank» бош офиси манзилида рўйхатдан ўтган.

Ёпилган «Yangi Bank» биноси Enter Engineering’нинг «меросхўри»га ўтдими? © Yangi bank

Йил бошида лицензияси олиб қўйилган «Yangi Bank»нинг бош офиси сотилди. Мазкур бино илк бор 163 млрд сўм бошланғич нарх билан аукционга қўйилганди. Бироқ сотув ҳадеб амалга ошавермагач, нарх 106 млрд сўмгача туширилди.

9-ноябр куни ўтказилган аукционда 111,3 млрд сўм нарх билан «Kapital loyihalar guruhi»  МЧЖ ғолиб бўлган.

Савдога чиқарилган объект Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 99-уйда жойлашган.

Энг қизиғи, бинонинг янги эгаси «Kapital loyihalar guruhi» МЧЖ 2026-йилнинг 3-апрелида айнан «Yangi Bank» бош офиси жойлашган манзилда рўйхатдан ўтган.

Бу компания кимга тегишли ва Enter Engineering’га қандай алоқаси бор?

«Kapital loyihalar guruhi» МЧЖнинг таъсисчилари тенг улушларда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси экани қайд этилган. Компаниянинг устав капитали 4,27 трлн сўмга тенг.

Компания расмий сайтига кўра, «Kapital loyihalar guruhi» МЧЖ — Ўзбекистон Республикасида стратегик аҳамиятга эга йирик инфратузилма ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этилган тўлиқ циклли EPC-пудратчи. Компания йирик лойиҳаларни нолдан то ишга тушгунга қадар ишларни бажаради.

«Kapital loyihalar guruhi» МЧЖ таркибида маълум йўналишлар учун жавобгар бир неча компаниялар ҳам бор. Эътиборли жиҳати, компаниянинг лойиҳалаш, қурилиш ҳамда сақлаш йўналишларида ишларни бажарувчи сифатида кўрсатилган «Uzliti Engineering», «Road Bridge Pavement Construction» МЧЖ ва «Point Vision» МЧЖ компанияларининг учаласи ҳам Enter Engineering томонидан таъсис этилган.

Март ойида Ўзбекистон ҳукумати иш ҳақи қарздорлиги (тахминан 131 млн доллар), бюджет ва банклар олдидаги мажбуриятларни қоплаш учун Enter Engineering, Eriell ва Saneg активларини сотиши маълум қилинганди. Мазкур компанияларнинг барчаси тўлиқ ёки қисман Бахтиёр Фозилов билан боғланади.

Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров ўз саҳифасида шундай ёзган:

«Eriell, Enter ва Saneg триллионлаб мажбуриятлари кимга ўтказилмоқда?..

Норасмий маълумотларга кўра, Saneg активлари ФРРУ 100% таъсисчилигида тузилган Turon Energy компаниясига, Enter активлари «Kapital loyihalar guruhi» МЧЖга, Eriell активлари эса «Turon Production» МЧЖга ўтказилган ва ўтказилмоқда. Лекин саналганларнинг триллионлаб сўмда ва миллиардлаб доллардаги мажбуриятлари-чи? Мажбуриятлар ўзидан ўзи сўрилиб кетмайди-ку (Zeromax’нинг қақачларини ҳалигача тўлаётганимиз сингари). Улар кимнинг бўйнига осилмоқда ёки реструктуризация қилинмоқда (айниқса, Ўзбекистон резидентлари ва банкларидан олинганлари)».

«Yangi Bank»нинг ҳам Бахтиёр Фозилов билан алоқаси борлигини тахмин қилиш мумкин. Сабаби, банк ёпилишидан аввал унга раҳбарлик қилган Тимофей Смирнов «Yangi-Group» МЧЖ ҳамда Бахтиёр Фозилов таъсисчиси бўлган «Sanoat Energetika Guruhi Enera» МЧЖнинг раҳбари сифатида кўрсатилган.

Агарда Enter Engineering активлари «Kapital loyihalar guruhi» МЧЖга ўтказилаётган бўлса, демак, хориж компаниясининг мажбуриятларини давлатга тегишли компания сўндиради. «Yangi Bank» биноси учун ҳам маблағ давлат компанияси томонидан тўланган дейиш мумкин.

«Yangi Bank»нинг сотилган биносидан тушган пул маблағлари мажбуриятлар учун йўналтирилади. Сабаби, «Yangi Bank» икки йилдан кўпроқ фаолияти давомида жами 171,5 млрд сўм зарар кўрганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Yangi Bank»нинг «етим ука»си — «Yangi Finance» кредитларининг учдан иккиси қайтмаётгани ҳақида хабар бергандик.

Теглар

Мавзуга оид