Форма, стипендия ва ишсизлик: олий таълимдаги асосий саволларга жавоб берилди

Олий таълим тизимидаги энг кўп муҳокама қилинаётган масалалар — талабалар формаси, стипендия миқдори ва битирувчиларнинг ишсизлиги, тизимдаги коррупция ҳолатлари. Матбуот анжуманида бу муаммолар юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Пора билан ушланган ходим, талабаларнинг ҳал бўлмайдиган форма муаммоси ва баҳсли қарорлар. Олий таълим тизимида нима ўзгаряпти? Ректорларни ким тайинлайди? 15 апрель куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида ўтган матбуот анжуманида шу саволларга жавоб берилди.

Формасиз талаба дарсга киритилмайдими?

ОТМда доимий ва муҳокамадан тўхтамайдиган мавзу — бу форма масаласи. Талабалар билим муҳим деса, муассаса ректорлари талаба форма кийиши керак деган аниқ қоидани рўкач қилади. Жорий йил феврал ойида Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида содир бўлган ҳолат ортидан талабаларнинг форма кийган ҳолда дарсда қатнашиши масаласи муҳокамалар марказига тушган эди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида ўтган матбуот анжуманида ушбу мавзу яна кўтарилди.

Вазир журналистларнинг саволига жавоб берар экан, ҳар бир олий таълим муассасаси ички тартиб-қоидаси бўйича ўзларининг формага бўлган талабини қўйганини ва бу бажарилиши кераклигини таъкидлади.

«Олий таълим муассасаси бўлгандан кейин маълум қоидалар асосида ишлашимиз керак. Ижтимоий тармоқларда айрим талабалар кийим-бош сабаб дарсга киритилмаяпти, ёки улар билан аудиторияларда тушунтириш ишлари олиб бориляпти, деган гаплар айтилаётганини кўряпмиз. Аммо талабани дарсдан четлатиш ёки ташқарида қолдириш бўйича олий таълим муассасаси ёки вазирлик томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Талаба албатта ўқишга кириши керак. Нима масала бўлса ҳам, буни босқичма-босқич тушунтириш орқали тизимли ҳал қилиш лозим»,– деди Шарипов.

Шунингдек, вазир бугунги кунда Ўзбекистондаги саноқли университетлар талабаларга университет ҳисобидан форма олиб бераётганини ҳам қўшимча қилди.

Стипендия миқдори нега оширилмаяпти?

Матбуот анжуманида стипендия масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистонда камбағаллик чегараси бир киши учун ойига 715 минг сўм этиб белгиланган. Шу билан бирга, олий таълимдаги талабалар стипендияси йиллар давомида ҳали 600 минг сўмга ҳам етгани йўқ. Хўш, бунга сабаб нима? Ушбу саволга Олий таълим вазири шахсан жавоб берди.

«Бизда бир муаммо бор. Сўнгги тўрт йилда контракт нархлари деярли оширилмади (фақат бир марта 15 фоизга). Агар эски тизим сақланганида, маошлар ва харажатлар ошгани каби контракт ҳам ошган бўлар эди. Бу ҳолда бугун контрактлар 88 фоизга юқори бўлиши мумкин эди.Ҳозир айрим йўналишларда талабалар йилига 6 миллион сўм тўлаяпти, аммо бир талабага кетадиган харажат 14 миллион сўмга етган. Шу сабабли 26 та олий таълим муассасаси дотацияда ишламоқда.Етишмаётган маблағ асосан супер-контракт орқали қопланяпти: оддий контракт тўлови билан қопланмаган қисм супер-контракт ҳисобидан ёпилмоқда», – дейди вазир.

Мутахассисга кўра, бугунги кунда базавий стипендия миқдори 569 670 сўмни ташкил этади. Шунингдек, аъло баҳоларга ўқиган талабаларучун 20 фоизлик қўшимча тўлов назарда тутилган. Карантиндан кейин сўнгги тўрт-беш йил давомида стипендия миқдори оширилмади. Сўнгги марта оширилганда эса у 10 фоизга кўтарилди. Келгусида ҳам стипендияни босқичма-босқич ошириш режалаштирилган. Ўтган йили бу масала яна кўтарилган бўлса-да, ҳозирча аниқ натижа йўқ.

Маълум қилинишича, ҳозир Ўзбекистонда 1,5 миллион талаба таҳсил олмоқда. Бу саккиз йил аввалгидан тўрт баравар кўп.

Қанча талаба ишсиз қолди?

Таълим тизимидаги азалий муаммолардан бири — битирувчининг иш топа олмаслиги. Бир йилда 200 мингдан ортиқ талаба ОТМни битириши мумкин, лекин уларнинг кўпи ишсиз қолади. Афсуски, бугун олий маълумотли ишсизлар сони ортиб бормоқда. Соҳада мутахассислар етарли бўлса-да, ўз йўналиши бўйича иш топаолмаётган ёшлар ҳам талайгина. Хўш, 2025 йилда қанча олий таълим муассасаси битирувчиси ишга жойлашмади? Олий таълим вазирлиги ушбу саволга жавоб берди.

Вазирлик маълумотига кўра, 2025 йилда жами 238 минг нафарбитирувчи олий таълимни тамомлади. Шундан 8 мингдан ортиғи иш билан тўлиқ таъминланмаган.

Таъкидланишича, ушбу тоифадагиларнинг катта қисми ишга эҳтиёж билдирмаган ёки оилавий сабабларга кўра ишлашни истамаган. Бир қисми эса юқори маошли, ўзига мос иш ўринларини кутиб юрибди.

Қолган битирувчиларнинг аксарияти ишга жойлашган, бир қисмихорижга ўқиш ёки иш учун кетган, яна бир қисми эса ўқишни магистратура ва бошқа босқичларда давом эттирмоқда. Шунингдек, айримлари турли юридик ва жисмоний шахслар, банклар ҳамда ўзини ўзи банд қилганлар сифатида бандликка эга.

Вазирлик ходими 100 минг доллар олаётган вақтида ушланди: вазирликдан муносабат

Хусусий олий таълим муассасаларига лицензия бериш жараёни қатъий назорат остида экани айтилади. Бироқ вазирлик ходими 100 минг доллар олаётган пайтда қўлга олингани каби ҳолатлар фонида, ушбу жараёнда шаффофлик ва коррупсияга қарши самарали механизмлар қанчалик таъминланмоқда?

«Март ойида содир бўлган кўнгилсиз ҳолат, яъни фирибгарлик билан боғлиқ ҳолат юзасидан айтиб ўтаманки, вазирлигимиз раҳбарияти ва масъуллари бу каби ҳолатларга бепарво эмас. Раҳбариятимиз коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз. Ходимларимиз ҳам коррупцияга нисбатан қатъий позицияда.Оддийроқ қилиб айтганда, ‘гуруч курмаксиз бўлмайди’. Ушбу ходим билан ҳам қонунчиликка мувофиқ, бошқа ходимлар каби интизомий тартибда тегишли чоралар кўрилган.Шунингдек, сўнгги йилларда вазирлигимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда. 2022–2023 йилларда 47–50 балл атрофида бўлган кўрсаткич 2024 йилда 82 баллга етган бўлса, 2025 йил якунига кўра 86 баллни ташкилэтди»,-дейди мутахассис.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, 2026–2027 ўқув йилидан магистратурага ҳужжат топширишда бакалаврни хорижий тилда битирганлардан тил сертификати талаб қилинмайди. Шу билан бирга, қабул шартлари ҳам ўзгариши мумкин.

Шунингдек, энди ректорларни вазир тайинлайди. Олийгоҳлар фаолияти янги рейтинг тизими асосида тўртта йўналиш кесимида баҳоланади. Ректорлар тайинлови эса вазирлик томонидан, юқори ташкилотлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Қолаверса, 2025 йил 13 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 578-сонли қарорига кўра. SAT сертификатига эга бўлган абитуриентлар математика ва чет тили (инглиз тили) фанлари таркибига кирадиган йўналишларда 1200 ва ундан юқори баллга эга бўлган тақдирда имтиҳонсиз, қўшимча грант асосида талабаликка тавсия этилади.

Мазкур тартиб 2026–2027 ўқув йилидан, яъни келгуси қабул жараёнидан бошлаб амалиётга жорий этилиши режалаштирилган.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 39

Barchasi

Mavzuga oid