Logo

Трампга юборилган махсус совға, Украинани табриклаган ТИВ ва кибертаҳдидларга қарши янги институт — 24 август дайжести

Kecha 23:092 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Трампга юборилган махсус совға, Украинани табриклаган ТИВ ва кибертаҳдидларга қарши янги институт — 24 август дайжести

Илҳом Алиев: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни бутунлай ўзгартирди

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёти ҳамда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган ўзгаришларга юқори баҳо берди.

Унинг таъкидлашича, давлат раҳбари мамлакат бошқарувига келган пайтдаги вазият билан бугунги ҳолат ўртасида жуда катта фарқ бор бўлиб, Ўзбекистонни ривожланиш йўлига олиб чиқиш ҳамда унинг иқтисодиётини шакллантириш учун жуда катта куч билан ишлашга тўғри келган.

Жамшид Қўчқоров мамлакатнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари ва келгуси режалари ҳақида маълумот берди

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи давлат қарзи ЯИМнинг тахминан 27 фоизини ташкил этаётгани ҳамда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашни режалаштираётганини айтди.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги ўн йилда ўртача йилига 6−7 фоизга ўсган. Шу даврда мамлакат ялпи ички маҳсулоти қарийб 60 млрд доллардан 180 млрд долларгача ошиб, иқтисодиёт ҳажми уч баробарга кўпайган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳам 1900 доллардан 4600 долларгача ўсган. Бу Ўзбекистоннинг ўртадан юқори даромадли давлатлар гуруҳига яқинлашишига имкон берган.

Кибертаҳдидларга қарши янги институт ташкил этилди

Ўзбекистон президенти 20-август куни «Ўзбекистон Республикаси Криптология, ахборот хавфсизлиги ва инновацион технологиялар институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Янги институт Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази негизида ташкил этилди. У мазкур марказнинг барча ҳуқуқ, мажбурият ва вазифалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ўзбекистон ТИВ Украинани Мустақиллик куни билан табриклади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинани 24 август — Мустақиллик куни билан табриклади. Вазирликнинг Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида Украина халқига қаратилган қисқа табрик эълон қилинди.

Жорий йилда Украина ўзининг давлат мустақиллиги эълон қилинганининг 35 йиллигини нишонламоқда. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, ушбу давлат 1991 йилда собиқ иттифоқ таркибидан ажралиб чиққан.

Мирзиёев Трампга махсус совға юборди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга иккита анъанавий ўзбек шийпонини махсус совға сифатида юборди. «New York Times» нашрининг хабар беришича, мураккаб ёғоч ўймакорлиги билан безатилган ушбу шийпонлар Вашингтондаги Ғарбий Потомак паркида барпо этилиши режалаштирилаётган Америка Қаҳрамонлари миллий боғига ўрнатилади.

АҚШ Ички ишлар департаментининг алоқа бўйича директори Кэти Мартин ушбу совғани тасдиқлаган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов ҳам ижтимоий тармоқда шийпонлар Америка Қаҳрамонлари боғининг бир қисмига айланаётганини қайд этди.

Teglar

Mavzuga oid