
Камбағал аҳолиси кўп вилоятлар, автомобиллар учун ошган божлар ва аёлларнинг оила қуриш ёши — 6 январ дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

1 февралдан газ ва электр учун субсидияни онлайн олиш мумкин
2026 йил 1 февралдан бошлаб муҳтож оилалар газ ва электр энергияси харажатлари учун субсидияни онлайн шаклда олишлари мумкин бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги қарорига кўра, эндиликда компенсация учун мурожаат қилиш жараёни соддалаштирилиб, аризаларни Ягона миллий ижтимоий ҳимоя тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали топшириш имконияти яратилди.
Бироқ, субсидия беришда қатъий талаблар мавжуд: агар оила тасарруфида икки ёки ундан ортиқ автомобил, икки ва ундан ортиқ кўчмас мулк ёки ер участкаси бўлса, тўлов рад этилади. Аризалар ҳар ойнинг 16-кунига қадар қабул қилиниб, автоматик тарзда кўриб чиқилади ва тасдиқланган маблағлар ойнинг 27-кунигача фуқароларнинг банк карталарига ўтказиб берилади.
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида камбағал аҳоли сони кўпроқ?
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси рекорд даражада — 5,8 фоизгача пасайди, бироқ Самарқанд вилояти 265 минг нафар эҳтиёжманд аҳоли билан республикада ҳали ҳам етакчилик қилмоқда. Кучли учликдан Фарғона (239 минг) ва Қашқадарё (238 минг) вилоятлари жой олган. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат бўйича жами камбағал аҳоли сони 2,2 миллион нафарни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли даромадлари ўртасидаги тенгсизлик камайиб, бой ва кам таъминланганлар ўртасидаги фарқ 5,7 бараваргача тушган. Камбағалликни қисқартиришда «Хитой тажрибаси» асосидаги янги ёндашувлар ва тадбиркорликка ажратилган 127 триллион сўмдан ортиқ кредитлар муҳим роль ўйнади. Энг катта ижобий ўзгариш Жиззах ва Хоразм вилоятларида кузатилиб, эҳтиёжмандлар улуши қарийб икки баробарга қисқарди.
Фарғонада ўқитувчиларни навбатчиликка мажбурлаган директор ишдан олинди
Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 37-мактабда ўқитувчиларни 13 кун давомида тун-у кун навбатчилик қилишга мажбурлаган директор вазифасини бажарувчи X.Н. лавозимидан озод этилди. Мактаб раҳбари томонидан чиқарилган буйруқда педагоглар 25 декабрдан 6 январга қадар "хавфсизликни таъминлаш" важи билан мактабда қолишлари белгиланган эди. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўтказган текширув натижасида навбатчилик педагогларнинг лавозим мажбуриятларига кирмаслиги ва буйруқ ноқонуний экани тасдиқланди. Тизимдаги бошқа раҳбарлар ҳам ўқитувчиларга қўшимча вазифа юкламаслик бўйича қатъий огоҳлантирилди. Бошқарма ушбу воқеани бутун тизимга татбиқ этмасликни сўраб, педагоглар ҳуқуқи ҳимоя қилинишини таъкидлади.
Ўзбекистонда кичик литражли автомобиллар учун божлар ошди
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда двигатель ҳажми кичик (1000 ва 1200 см кубгача) бўлган янги автомобиллар импорти учун берилган божхона имтиёзлари муддати тугади. 2023 йилда бозорда рақобатни ошириш мақсадида жорий этилган "ноль" ва 5 фоизлик ставкалар ўрнини энди стандарт божхона тўловлари эгаллади. Бу эса кичик литражли машиналарнинг божхона қиймати сезиларли даражада ошишини англатади.
Янги қоидаларга кўра, двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автомобиллар учун 15 фоиз бож ва ҳар бир см куб учун 0,4 доллар, 1200 см кубгача бўлганлар учун эса 15 фоиз бож ва ҳар бир см куб учун 0,6 доллар миқдорида тўлов ундирилади. Экспертларнинг фикрича, имтиёзли давр тугаши натижасида ушбу сегментдаги автомобилларнинг умумий тўлов юкламаси яна аввалги юқори даражасига қайтади.
Ўзбекистонда аёллар асосан неча ёшда турмуш қурмоқда?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда жами 177 017 та никоҳ қайд этилган.
Қайд этилган никоҳларда аёлларнинг ёш гуруҳлари бўйича тақсимланиши қуйидагича:
20 ёшгача – 65 078 нафар (36,8 фоиз)
20-30 ёш – 94 765 нафар (53,5 фоиз)
31-40 ёш – 13 137 нафар (7,4 фоиз)
41 ёш ва ундан катталар – 4 037 нафар (2,3 фоиз).





