add

Қурувчилар қайтарадиган миллиардлар, имтиҳонсиз ОТМга кирадиган болалар ва экспортнинг асосий манзиллари — 25 декабр дайжести

Kecha 22:291493 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Қурувчилар қайтарадиган миллиардлар, имтиҳонсиз ОТМга кирадиган болалар ва экспортнинг асосий манзиллари — 25 декабр дайжести

Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган судялар ишдан олинди

Президент фармойиши билан Акмал Шукуровни озодликка чиқариш ҳақида қарор қабул қилган Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Муроджон Мирзажонов ва яна уч нафар судья лавозимидан озод этилди. Судьялар одил судловни амалга оширишда қонунчиликни бузганликда айбланмоқда. Маълум бўлишича, апелляция инстанцияси оғир тан жароҳати етказиш ва фирибгарликда айбланган Шукуровнинг 8 йиллик қамоқ жазосини озодликни чеклашга алмаштириб, уни суд залидан озод қилган эди.

Бироқ, жамоатчиликнинг кескин эътирози ва прокуратура протестидан сўнг, иш қайта кўрилиб, Шукуров 6 йилга озодликдан маҳрум этилди ва қамоққа қайтарилди. Ушбу ҳолат ортидан бошланган хизмат текшируви натижасида судьялар Мухтарама Тургунова, Одилбек Илхомжонов ва Мирзиёд Абидовларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозимига Фарҳоджон Ғаниев тайинланди.

Ўзбекистон энг кўп қайси давлатларга экспорт қилмоқда?

2025 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистон экспорти 30,9 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 26,2 фоизга ўсди. Экспорт портфелида Россия 4 млрд доллар билан етакчиликни сақлаб қолган бўлса, Хитой 1,9 млрд доллар билан иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, қўшни бозорлар — Афғонистон ва Қозоғистонга бўлган экспорт ҳажми ҳар бири 1,3 млрд доллардан ортиб, ташқи савдода муҳим ўрин тутмоқда.

Экспортнинг ТОП-10 давлатлари қаторидан Туркия (1 млрд доллар), Франция (775,8 млн доллар) ва БАА (642,7 млн доллар) ҳам жой олган. Европа Иттифоқи давлатлари ичида Франция бозорига йўналтирилган маҳсулотлар ҳажми сезиларли даражада экани алоҳида қайд этилди. Минтақавий ҳамкорлик доирасида Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон давлатлари ҳам Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари сифатида экспорт ҳажми ошишига ҳисса қўшган.

Қурилиш компаниялари истеъмолчиларга 6,7 млрд сўм қайтаради

Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси аралашуви билан шартнома мажбуриятларини бажармаган 5 та қурилиш компаниясидан истеъмолчилар фойдасига 6,7 млрд сўм маблағ ундирилди. Фуқаролар уй-жой учун тўловларни ўз вақтида амалга оширган бўлса-да, «GLAMUR GOLD», «LUCKY TECHNICAL» ва бошқа ташкилотлар хонадонларни белгиланган муддатда топширмаган. Ушбу ҳолат юзасидан қўмита томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун асосида судга даъво аризалари киритилди.

Ҳозирда 16 нафар истеъмолчининг мулкий ҳуқуқлари тикланиб, ундирилган маблағларни қайтариш бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Қўмита жами 32 нафар фуқаро манфаатида 11 млрд сўмдан ортиқ маблағни ундиришни талаб қилмоқда. Қолган истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Ўзбекистонга туристлар оқими илк марта 10 миллиондан ошди

2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар сони тарихда илк бор 10,7 миллион нафарни ташкил этиб, рекорд натижа қайд этилди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,4 фоизга ошган. Сайёҳлар оқимининг асосий қисми қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келиб, Қирғизистондан 3 миллион, Қозоғистон ва Тожикистондан эса 2,5 миллиондан ортиқ киши ташриф буюрган.

Шунингдек, узоқ хориж давлатларидан келаётган сайёҳлар сонида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Россиядан қарийб бир миллионга яқин, Хитойдан 250 минг ва Туркиядан 161 минг нафардан ортиқ меҳмонлар келган. Мутахассислар ушбу ўсишни авиақатновларнинг кўпайиши, визасиз режим имкониятлари ва маҳаллий туризм инфратузилмасининг яхшиланиши билан изоҳламоқдалар.

Ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар учун олий таълимда қўшимча квота ажратилади

Президент фармонига мувофиқ, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасаларида 5 фоизгача қўшимча квота ажратилиши белгиланди. Ушбу тоифадаги болалар Болалар масалалари бўйича комиссия қарори ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги йўлланмаси асосида ўқишга қабул қилинади. Эътиборли жиҳати, улар таълим ташкилотларига бепул асосда, ҳеч қандай кириш имтиҳонларисиз ва синовларсиз қабул қилинади.

Янги механизм ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жамиятга мослаштириш ва уларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шунингдек, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия квота асосида қабул қилинган талабаларнинг ўзлаштириш даражаси ва хулқ-атворини доимий таҳлил қилиб боради. Бу тизим Ўзбекистонда 2030 йилгача болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш стратегиясининг муҳим қисми сифатида жорий этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid