500 млн сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди
9 та давлат банкига бир ойда бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди.
© Prezident matbuot xizmatiПрезидент Андижонда давлат банкларини мижозлар бизнесини ўстириш тамойили асосида трансформация қилиш зарурлигини айтди.
Унинг айтишича, йил бошидан гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Банклар анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Энди реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига асосланган комплекс молиявий маҳсулотлар кенг жорий қилинади.
Кичик тадбиркорларнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади.
500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди. Кредит гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олиш кредитларида эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.
Тўққизта давлат банкига бир ойда бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди. Маҳалла банкирлари янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириб боради.
Солиқ идоралари ҳам тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш ва иш ўринларини сақлаб қолишга кўмаклашиши зарурлиги таъкидланди.
Вилоятда айрим корхоналар айланмаси ва иш ўринлари қисқаргани, бир қатор бизнес субъектлари фаолияти тугатилгани қайд этилди. Маҳаллага тушган солиқ ходимлари бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганиб, ечим топишга фаол киришиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Энди даромади ёки иш ўрни камайган корхонага маҳалла солиқчиси бориб, муаммони ўрганади. Ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири билан бирга солиқ тўловини кечиктириш, кредит муддатини узайтириш, айланма маблағ, бозор ёки экспортга кўмаклашиш бўйича туман штабига таклиф киритади. Мазкур жараёнда ҳар бир бизнеснинг даромадга кириш даври ва хусусияти инобатга олинади. Ёшлар бандлиги маҳалла солиқчилари фаолиятини баҳолаш ва меҳнатига ҳақ тўлашда самарадорлик мезони қилиб белгиланади.
Тадбиркорларнинг масалаларини судда кўришни тез ва самарали ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди. Президентга кўра, улар кредит, олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, коммунал ва солиқ қарздорлигига оид низоларни кўриб чиқиш чўзилаётганини айтмоқда. Далиллар етарли бўлган ишлар бўйича жараёнларни соддалаштириш ва муддатларни қисқартириш мумкинлиги қайд этилди.
Олий суд, Бизнес-омбудсман ва Адлия вазирлиги Андижонда тадбиркорларнинг мурожаатларини эшитиб, масалаларига ечим топиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Октябрь–ноябрь ойларида республика бўйлаб тадбиркорлар ва давлат ташкилотлари юристлари учун низоларни судгача ҳал қилиш, уларни камайтириш ва суд жараёни бўйича ўқувлар ўтказилади. Бир ойда процессуал қонунчилик таҳлил қилиниб, қайси ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш ва муддатларни қисқартириш мумкинлиги юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.





