АҚШ бошлаган уруш дунёни энг оғир очарчиликка олиб келди

БМТга кўра, агар уруш ёзгача чўзилса, миллионлаб инсонлар ҳаёт учун зарур озиқ-овқатдан маҳрум бўлиши мумкин.

АҚШ бошлаган уруш дунёни энг оғир очарчиликка олиб келди

Агар Эрон билан уруш июн ойигача давом этса, дунёда ўта оғир даражада очликдан қийналаётганлар сони 45 миллион кишига кўпайиб, жами 319 миллиондан ошади — бу мутлақ тарихий рекорддир. Бундай прогноз БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури томонидан эълон қилинди.

«Бу дунёдаги очарчиликни рекорд даражага олиб чиқади ва бу ўта даҳшатли истиқболдир», - деди ташкилот ижрочи директори ўринбосари Карл Скау Женевадаги матбуот анжуманида.

Скаунинг сўзларига кўра, 28 февралда АҚШ ва Исроил уруши бошланганидан бери ташкилотнинг денгиз орқали юк ташиш харажатлари 18 фоизга ошган — айрим йўналишларни тўлиқ ўзгартиришга тўғри келган. Уруш асосий гуманитар йўлакларни тўсиб қўйган, оқибатда энг оғир инқироз ҳудудларига ҳаётий муҳим юкларни етказиб бериш кечикиб қолмоқда.

Нархларнинг кўтарилиши ташкилотни молиялаштириш кескин камайган бир пайтда содир бўлмоқда: донор давлатлар маблағларни тобора кўпроқ мудофаа эҳтиёжларига йўналтиряпти.

«Ҳатто ушбу урушгача ҳам биз оғир вазиятда эдик — очлик на кўлами, на чуқурлиги бўйича ҳеч қачон бунчалик шафқатсиз бўлмаган эди», — дея қўшимча қилди Скау.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши 28 феврал куни бошланган эди. Можаронинг илк кунларидаёқ Эрон олий раҳбари Али Хоманий ўлдирилди — мамлакат бошқаруви унинг ўғли Мужтаба қўлига ўтди. Бунга жавобан Теҳрон қўшни давлатларга зарбалар берди ва Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйди. Мавжуд маълумотларга кўра, низо қурбонлари сони Эронда камида 1 255 кишини, Ливанда эса 773 кишидан ортиқни ташкил этмоқда. Нефт нархи кескин кўтарилиб, бир баррел учун 100 доллардан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Теглар

Мавзуга оид