АҚШ-Эрон можаросининг 50-куни

Кеча 21:555 дақиқа

Эрон Ҳўрмуз бўғозини маълум шартлар асосида қайта очди. Бироқ, АҚШнинг Эрон портларига нисбатан қамали давом этадиган бўлса, Теҳрон бўғозни яна ёпиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

АҚШ-Эрон можаросининг 50-куни © [Khaled Abdullah/Reuters]

Эрон расмийлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг музокаралар жараёни ҳақидаги даъволарини рад этди. Ҳўрмуз бўғози атрофида кескинлик ҳамон сақланиб қолаётган бир вақтда, томонларнинг баёнотлари ўртасидаги жиддий қарама-қаршиликлар яққол кўзга ташланмоқда.

Шунга қарамай, Трамп ўзаро келишувга эришиш йўлида ҳеч қандай «тўсиқлар» қолмаганини таъкидлади. Бироқ у битим юз фоиз тўлиқ якунланмагунча қамал давом этишини қатъий маълум қилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчининг билдиришича, Ҳўрмуз бўғози Ливандаги ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳамда аввалдан тасдиқланган денгиз йўналишларига мувофиқ, маълум шартлар асосида савдо кемалари учун тўлиқ очиқ. Аммо Теҳрон АҚШнинг Эрон портларига нисбатан қамали давом этган тақдирда, бўғозни ёпиш таҳдидини яна бир бор эслатиб ўтди.

Эрондаги вазият

·         Бойитилган уран масаласи: Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг бойитилган уран захиралари ҳеч кимга берилмаслигини таъкидлаб, Теҳрон уларни топширишга рози бўлгани ҳақидаги Трампнинг даъволарини қатъиян рад этди.

·         Ҳўрмуз бўғозидаги тўловлар режаси: Эрон Ҳўрмуз бўғозида «анъанавий» транзит тўловларини жорий қилмаслигини маълум қилди. Аммо хавфсизлик қўмитаси вакили Иброҳим Ризоийнинг сўзларига кўра, айни пайтда кема эгаларидан «бўғоз хавфсизлигини таъминлаганлик учун» ҳақ ундиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ризоийнинг таъкидлашича, кемалар бўғоздан фақат Эрон расмийлари билан олдиндан келишилган ҳолдагина ўтиши мумкин. Душман давлатларнинг ҳарбий кемалари, хусусан, АҚШ ва Исроил кемаларининг ҳаракатланиши эса бутунлай тақиқланади.

 

Уруш дипломатияси

·         Ливан ва Исроил ўртасидаги келишув: Президент Жозеф Ауннинг таъкидлашича, ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг Ливан узоқ муддатли битимларнинг «янги босқичига» қадам қўймоқда ва бундан буён «бошқаларнинг уруши учун жанг майдони» бўлмайди.

·         Франция ва Буюк Британиянинг Ҳўрмуз бўғозидаги миссияси: Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг маълум қилишича, Франция ва Буюк Британия «шароит имкон бериши билан» Ҳўрмуз бўғозида кемаларнинг эркин ҳаракатланишини ҳимоя қилиш бўйича кўп миллатли саъй-ҳаракатларга бошчилик қилади. 

·         Хитойга эҳтимолий ташриф: Трампнинг қайд этишича, Хитой раиси Си Жинпинг Ҳўрмуз бўғозининг қайта очилишини қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, Трамп Хитойга «тарихий аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган» ташриф билан боришига ишора қилган.

·         Яманда ҳусийларининг Ливанни қўллаб-қувватлаш намойиши: Сано шаҳрида бўлиб ўтган намойишда йиғилганлар Ливан билан бирдамлигини билдиришди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ва Яманнинг шимолий қисмини назорат қилувчи қуролли ҳусийлар ҳаракати, зарурат туғилган тақдирда, урушга қўшилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

 

Кўрфаздаги вазият

·         Нозик тикланиш жараёни: Саудия Арабистони молия вазири Муҳаммад ал-Жадаан Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг қайта очилишини олқишлади, бироқ вазият ҳануз қалтис эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айрим давлатлар ишлаб чиқаришни тезда тиклаши мумкин бўлса-да, бошқаларига етказилган зарар кўламига қараб бунинг учун кўпроқ вақт керак бўлади.  

 

АҚШдаги вазият

·         АҚШ Россия нефти бўйича имтиёзни узайтирди: Молия вазирлиги бошқа давлатларга санкция остидаги Россия нефтини денгиз орқали 16 майга қадар харид қилишга рухсат берувчи имтиёз муддатини узайтирди. Бундан кўзланган асосий мақсад — уруш сабабли юзага келган узилишлар шароитида дунё бозоридаги таъминотни барқарорлаштиришдир.

·         Эрон портларидаги қамал ўз кучида: АҚШнинг ҳарбий-денгиз қамали ҳамон давом этмоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотларига кўра, 21 та кема Эрон портларидан ортга қайтиш ҳақидаги буйруққа бўйсунган.

·         Трамп Эрон билан музокараларда босимни кучайтирмоқда: АҚШ президенти музокаралар «жуда яхши кечаётганини» таъкидлади, аммо ўзаро битимга эришилмаса, ўт очишни тўхтатиш тартиби узайтирилмаслигидан огоҳлантирди. Шунингдек, у Теҳрон ўзидаги бойитилган уранни топшириши мумкинлигини иддао қилди, бироқ Эрон томони буни кескин рад этди.

·         Трамп НАТОнинг таклифини рад этди: АҚШ президенти НАТОнинг Ҳўрмуз бўғозида ёрдам бериш таклифини инкор қилиб, алянсни «қоғоз йўлбарс» деб атади ва ундан «узоқлашишни» талаб қилди.

 

Исроилдаги вазият

·         Исроилнинг Ливанга зарба бериши «тақиқланди»: Трампнинг маълум қилишича, АҚШ Исроилга Ливан ҳудуди бўйлаб ҳужумларни давом эттиришни тақиқлаган ва бу борада «энди етар», деб баёнот берган.

·         Нетаньяху ҳарбий ҳаракатлар тугамаганини айтмоқда: Исроил бош вазири «Ҳизбуллоҳ»га қарши амалиётлар ҳали якунига етмаганидан огоҳлантирди. У «Биз ҳали ишимизни охирига етказганимиз йўқ», дея асосий мақсад «Ҳизбуллоҳ»ни бутунлай йўқ қилиш эканини қўшимча қилди.

 

Ливандаги вазият

·         Сулҳ эълон қилинганига қарамай, қурбонлар бор: Ливан давлат оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирганига қарамай, мамлакат жанубида Исроилнинг мотоциклга уюштирган ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган.

·         Исроил Ливанда қарийб 2300 кишининг умрига зомин бўлди: Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигининг Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги урушда эълон қилинган сулҳнинг биринчи кунида маълум қилишича, 2 мартдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 2300 га яқин одам ҳалок бўлган.

·         Ливан уруши — «мустамлакачиликка қарши сўнгги жанг»: Таҳлилчи Рами Хурийнинг таъкидлашича, бу можаро Эронга алоқадор гуруҳларнинг Ғарб таъсирига қарши ўнлаб йиллар давом этган курашини акс эттиради ва бунда Ливан жануби асосий марказ вазифасини ўтамоқда. Таҳлилчининг фикрича, Исроилнинг «хавфсизлик ҳудуди» яратишга бўлган уриниши «Ҳизбуллоҳ» ва Эрон томонидан тўхтатилди. Бу ҳолат эса можарони ҳарбий кескинликдан музокаралар босқичига кўчириши мумкин.

Дунё иқтисодиёти

·         Нефт нархи пасайди, акциялар қимматлашди: Эрон Ҳўрмуз бўғозини қайта очишини эълон қилганидан сўнг, 17 апрел куни Уолл-стрит биржасида рекорд кўрсаткичлар қайд этилди. Бунинг ортидан «Брент» маркали нефтнинг бир баррели нархи қарийб 120 долларлик энг юқори чўққидан 90,38 долларгача тушиб кетди.

·          «Boeing» учун урушнинг фойдаси: Компания бош директорининг маълум қилишича, уруш шу пайтгача «Boeing»нинг мудофаа соҳасидаги бизнесини ривожлантиришга хизмат қилган. Шунингдек, бу ҳолат авиаёқилғи нархининг ошишидан қийинчиликларга дуч келаётган авиакомпанияларга самолётлар етказиб бериш жараёнига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаган.

 

Теглар

Мавзуга оид