Logo

Асосий пулини таълим ва таъмирга сарфлаётган аҳоли, фаолияти тўхтатилган 500 га яқин «заправка» ҳамда Янги Тошкентгача қуриладиган метро — 22 июн дайжести

Бугун 00:023 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Асосий пулини таълим ва таъмирга сарфлаётган аҳоли, фаолияти тўхтатилган 500 га яқин «заправка» ҳамда Янги Тошкентгача қуриладиган метро — 22 июн дайжести

Пойтахтда тирбандликларни камайтиришга қаратилган янги транспорт ечими жорий этилмоқда

Тошкентда жамоат транспорти ҳаракатини тезлаштириш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида автобуслар учун ажратилган «А» тоифасидаги махсус йўлаклар делиниаторлар билан жиҳозланмоқда. Илк босқичда Фурқат кўчасидан Ислом Каримов кўчасигача бўлган ҳудудда автобус йўлаклари умумий транспорт оқимидан жисмоний ажратувчи элементлар орқали чекланмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, делиниаторлар бошқа автомобилларнинг автобус йўлакларига кириб кетишининг олдини олиб, жамоат транспорти тезлиги ва қатнов жадвали барқарорлигини оширади. Режага кўра, 2026 йил давомида пойтахтнинг 30 дан ортиқ кўчасида шундай махсус йўлаклар ташкил этилиб, автобуслар ҳаракати учун янада қулай шароит яратилади.

Ўзбекистондаги автотранспортлар сони қарийб 5 миллионга етди

Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари сони қарийб 5 миллионтага етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатида мамлакат бўйича 4,9 миллиондан ортиқ автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 344,6 мингтага кўпдир.

Автомобилларнинг асосий қисмини енгил машиналар ташкил этмоқда — уларнинг сони 4,55 миллионтага етган ва умумий паркнинг 92,8 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, аҳоли тасарруфида 330,3 мингта юк автомобили, 7,5 мингта микроавтобус, 7,2 мингта махсус техника ҳамда 5,8 мингта автобус мавжуд. Аввалроқ 2026 йилнинг январь–апрель ойларида мамлакатда 121,6 минг дона автомобил сотилгани маълум қилинган эди.

500 га яқин ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистон бўйлаб ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш объектларида ўтказилган кенг кўламли текширувлар натижасида 464 та шохобча фаолияти вақтинча тўхтатилди. Хатлов давомида 6 196 та объект текширилиб, жами 46,7 мингдан ортиқ хавфсизлик ва техник қоидабузарликлар аниқланган.

Ҳукумат қарорига кўра, 2026 йил 1 сентябрдан хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқ бўлмаган босим остида ишловчи ускуналардан фойдаланиш чекланади. Шунингдек, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган шохобчаларнинг махсус реестри шакллантирилиб, уларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш режалаштирилмоқда. Текширувлар Қашқадарё вилоятидаги газ қуйиш шохобчасида 6 киши ҳалок бўлган портлашдан сўнг кучайтирилди.

Янги Тошкент ва ТТЗгача бўлган метро линиялари қурилиш муддатлари ҳақида маълумот берилди

Тошкентда Янги Тошкент шаҳри ва ТТЗ йўналишларигача янги метро тармоқларини қуриш режалаштирилмоқда. Транспорт вазирлиги эълон қилган қарор лойиҳасига кўра, «Пушкин — ТТЗ» йўналиши 11 километр узунликда бўлиб, 10 та бекат ва битта депони ўз ичига олади. «Технопарк — Янги Тошкент» йўналиши эса 21 километр узунликда қурилиб, 9 та станцияни қамраб олиши кўзда тутилган.

Лойиҳа fast-track усулида амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳужжатга кўра, Янги Тошкентгача бўлган метронинг биринчи босқичини 2026 йил охиригача ишга тушириш, тўлиқ транспорт тизимини эса 2028 йил кузида фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Шунингдек, қурилиш ишлари давомида компенсация механизмларини ишлаб чиқиш, муҳандислик тармоқларини кўчириш ва транспорт ҳаракати учун муқобил йўналишларни ташкил этиш чоралари ҳам назарда тутилган.

Даромад ва харажат: Ўзбекистонликлар нимага кўпроқ пул сарфламоқда?

Марказий банкнинг истеъмол кайфияти сўровига кўра, ўзбекистонликларнинг аксарияти яқин ойларда ҳам даромадлари, ҳам харажатлари ошишини кутмоқда. Респондентларнинг 68 фоизи даромадлари кўпайишини билдирган бўлса, ҳар тўрт кишидан учтаси келгусида харажатлар яна ортишини тахмин қилган. Аҳолининг асосий даромад манбаи ҳануз иш ҳақи бўлиб қолмоқда — иштирокчиларнинг 66 фоизи даромадини айнан ойлик ҳисобидан топишини қайд этган.

Сўров натижаларига кўра, аҳоли маблағларининг катта қисми уй-жой таъмири, таълим ва кундалик эҳтиёжларга сарфланмоқда. Паст даромадли қатлам асосан таълим ва маиший эҳтиёжларга харажат қилса, ўрта ва юқори даромадли аҳоли саёҳат, автомобиль ва уй-жой харидига кўпроқ маблағ ажратмоқда. Шу билан бирга, даромадлар ўсишига қарамай, коммунал тўловлар, кредит юки ва кундалик харажатлар сабаб кўпчилик учун жамғарма шакллантириш имконияти чекланганлигича қолмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Асосий пулини таълим ва таъмирга сарфлаётган аҳоли, фаолияти тўхтатилган 500 га яқин «заправка» ҳамда Янги Тошкентгача қуриладиган метро — 22 июн дайжести | Vaqt.uz