
Давлат шифохоналарида пулли хизмат кўрсатиш тартиби белгиланди
Режали тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз, ўз ихтиёри билан мурожаат қилганда, белгиланган тартибда пулли тиббий ёрдам кўрсатилади.

11 ноябрда 718-сонли ҳукумат қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида» ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.
Мазкур низомга кўра, тиббиёт муассасасига мижоз режали тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз, ўз ихтиёри билан мурожаат қилганда, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пулли асосда кўрсатилади.
Жумладан, давлат томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кафолатланган пакет доирасида бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлардан ташқари хизматлар қўшимча ҳисобланади ва пулли асосда кўрсатилади.
Мижоз тиббиёт муассасаларининг рўйхатга олиш бўлимлари томонидан қабул қилинади ва рўйхатга олинади. Ҳар бир мижознинг тиббий картасига унинг шахсини тасдиқловчи маълумотлари асосида пулли хизмат кўрсатилиши белгиланади.
Мижозлар тиббиёт муассасасига тўловни олдиндан тўлиқ тўлаш шартларида қабул қилинади.
Тиббиёт муассасаларига келган шахслар тасдиқланган нархнома бўйича ҳақ тўлагандан сўнг маслаҳат олиш учун мутахассис шифокорга ва (ёки) инструментал-лаборатор ташхис қўйишга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилдан давлат шифохоналари ҳафтасига беш кунлик иш режимига ўтиши ҳақида хабар бергандик.




