Logo

IMEI можароси ортидан қимматлаган iPhone, уй харидорларини ҳимоя қилувчи янги қонун ва 12 балл тўплаган ҳайдовчини кутаётган суд — 10 ноябр дайжести

Бугун 22:454 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

IMEI можароси ортидан қимматлаган iPhone, уй харидорларини ҳимоя қилувчи янги қонун ва 12 балл тўплаган ҳайдовчини кутаётган суд — 10 ноябр дайжести

«Гарант банк» Бошқарув раисига биринчи ўринбосар тайинланди

Шароф Ренатович Икрамов «Гарант банк» Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Мазкур тайинлов Ўзбекистон Марказий банки билан келишилганидан сўнг расман кучга киради. Бунга қадар у 2024 йилнинг октябрь ойидан буён «Apex Bank» Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди ва жорий йилнинг 6 ноябрь куни ушбу вазифадан озод этилди.

1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Шароф Икрамов Тошкент молия институтининг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган. У банк тизимида катта бошқарув тажрибасига эга бўлиб, ўз меҳнат фаолияти давомида 2004–2021 йилларда «Капиталбанк» тизимида, 2021–2023 йилларда «Uzum Bank» Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари ҳамда «ANORBANK» Кузатув кенгаши раисининг маслаҳатчиси каби масъул лавозимларда ишлаган.

30 кун кутасиз ёки 450 доллар тўлайсиз: IMEI-кодлари экспертизаси кучайдими?

Ижтимоий тармоқларда 6 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон аэропортларида хориждан олиб кирилаётган қимматбаҳо смартфонлар (хусусан, iPhone) ва уларнинг IMEI-кодлари назорати кучайтирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, қиймати 1 000 доллардан юқори бўлган телефонлар қўшимча экспертизага юборилиб, бу жараён 30 кунгача давом этиши мумкин. Бироқ баъзи хабарларга кўра, 450 доллар (ёки ундан кўпроқ) миқдорида тўлов эвазига ушбу экспертизани бир кунда тезкор якунлаш таклиф қилинмоқда. Бу миш-мишлар фонида Тошкентдаги "Малика" бозорида iPhone 18 Pro Max нархи 10,6 фоизга (1700 доллардан 1880 долларгача) кўтарилиб кетган.

Божхона қўмитаси мобил қурилмалар устидан назорат кучайтирилганини тасдиқлаган бўлса-да, «тезкор расмийлаштириш» ва унинг расмий тўловлари ҳақида аниқ маълумот бермаган. Расмийлар бу назоратдан мақсад IMEI-кодларни сохталаштириш ва ноқонуний импортнинг олдини олиш эканлигини билдирган (сўнгги кунларда 743 млн сўмлик 48 та шубҳали смартфон ушланган). Шундай бўлса-да, экспертиза муддатининг пулга қараб ўзгариши, барча қиммат телефонлар олиб қўйилишининг ҳуқуқий асослари ҳамда 30 кунлик текширувнинг фуқароларга туғдираётган жиддий ноқулайликлари юзасидан мутасадди ташкилотлардан батафсил расмий тушунтириш кутилмоқда.

Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарималар ва балл ҳисоблашнинг янги тартиби белгиланди

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича маъмурий ишларни юритишнинг янги тартиби тасдиқланди ва у 2027 йил 6 январдан кучга киради. Унга кўра, йўл-патруль хизмати ходимларининг қоидабузарлардан жойида нақд шаклда жарима олиши қатъиян тақиқланади. Эндиликда барча маъмурий баённомалар ЙҲХХнинг «Маъмурий амалиёт» электрон тизими орқали расмийлаштирилиб, ҳайдовчи ва гувоҳлар томонидан электрон имзо ёки бармоқ изи орқали тасдиқланади. Шунингдек, маъмурий ишлар юзасидан мурожаатлар ҳайдовчининг яшаш жойидан қатъи назар, исталган ҳудудий марказда «ягона дарча» тамойили асосида қабул қилинади.

Янги тизимда айрим қоидабузарликлар учун асосий жазо билан бирга жарима баллари (битта ҳолат учун кўпи билан 2 балл) ҳисоблаб борилади. Агар ҳайдовчи бир йил ичида 12 баллдан кўп тўпласа, қўшимча жазо тайинлаш учун иш судга оширилади, бир йил ўтгач эса тўпланган баллар автоматик равишда ўчирилади. Жарима чиқарилгандан сўнг уни 15 кун ичида 50 фоиз ёки 30 кун ичида 70 фоиз миқдорида тўлаганлар қолган қисмидан озод этилади. Аммо тўлов 60 кун ичида амалга оширилмаса, транспорт воситасини ушлаб туриш чораси қўлланилади (электрон тизимлар орқали жойида тўланса, автомобиль жарима майдончасига тортилмайди).

Энди уй олмоқчи бўлганлар пулларини тўғридан тўғри қурувчига бермаслиги мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан улушли қурилишда фуқаролар пулини ҳимоя қилувчи янги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Унга кўра, кўп квартирали уйларни қуришда фуқароларнинг пуллари энди тўғридан тўғри қурувчига берилмайди, балки банкдаги эскроу ҳисобварағида сақланади ва қурувчи маблағларни фақат уй фойдаланишга топширилгандан кейингина олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, харидор ва қурувчи ўртасидаги шартномалар ҳамда унга киритиладиган ўзгаришларни нотариал тасдиқлаш мажбурий этиб белгиланиши кутилмоқда, бу эса бир хонадонни бир неча кишига сотиш каби фирибгарликларнинг олдини олади.

Янги тизимда аҳоли пулини фақат Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган қурувчиларгина жалб қила олади ҳамда қонун талаблари бузилганда харидор ўз пулини фоизи билан қайтаришни талаб қилиши мумкин бўлади. Адлия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, бу тизим фуқаролар маблағларини ҳимоя қилса-да, қурувчилар айланма маблағ учун банк кредитларига мурожаат қилишига тўғри келиши сабабли уй-жой нархлари кўтарилишига олиб келиши мумкин. Мазкур қонун талаблари у расман кучга кирганидан кейин қурилишга рухсат олинган объектларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.

«Талимаржон» ИЭС'нинг 1,2 млрд сўмлик танлов савдоси бекор қилинди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида «Талимаржон ИЭС» АЖ буюртмачилигидаги 1,2 миллиард сўмлик танлов савдоси бекор қилинди. Корхона ҳудуди ва биноларига реклама баннерлари ҳамда ёзувлар ўрнатиш мақсадида ташкил этилган мазкур харид жараёнида «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани, хусусан, савдоларда рақобатни чеклайдиган ҳолатларга йўл қўйилгани аниқланган.

Қўмитанинг аралашуви ва тегишли текширувларидан сўнг қонунбузилиш ҳолати тасдиқланиб, «Талимаржон ИЭС» АЖ томонидан мазкур тендер ихтиёрий равишда бекор қилинган. Масъул идоранинг қайд этишича, бу каби қонунбузилишларнинг олди олиниши давлат маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишини таъминлашга ҳамда тадбиркорлар учун очиқ, адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид