Logo

Мўғулистон президенти коррупцияга оид айбловлардан сўнг истеъфога чиқмоқда

Кеча 21:303 дақиқа

Ўз партиядоши томонидан илгари сурилган ушбу айбловларни туҳмат деб атаган президент, жамоатчилик олдида ўзини оқлаш мақсадида ваколатларини топшириб, оддий фуқаро сифатида терговда қатнашишини эълон қилди.

Мўғулистон президенти коррупцияга оид айбловлардан сўнг истеъфога чиқмоқда

Мўғулистон президенти Хурелсух Ухнаа сешанба куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда. Давлат раҳбарининг бундай қарори ҳукмрон Мўғулистон Халқ партиясидаги бошқа сиёсатчи томонидан унга нисбатан йирик коррупция айблови илгари сурилганидан сўнг қабул қилинди.

Маълумотларга кўра, шанба куни мамлакат пойтахти Улан-Баторнинг собиқ ҳокими Нямбаатар Хишгее президентни етти йил олдин, бош вазир лавозимида ишлаган вақтида давлат темир йўли лойиҳасидан молиявий манфаат кўрганликда айблаган. Айбловга кўра, Хурелсух «Тавантолгой-Гашуунсухайт» темир йўл лойиҳаси доирасида 25 миллион доллар миқдорида пора олган.

Ушбу баёнотдан сўнг мухолифатдаги Демократик партия Хурелсухнинг истеъфосини талаб қилиб чиқди.

«Мен халқимдан ҳам, давлатимдан ҳам ўғирламаганман»

Президент сешанба куни халққа қилган мурожаатида барча айбловларни рад этди. Унинг таъкидлашича, сўнгги бир ойдан кўпроқ вақт давомида унинг обрўсига путур етказишга қаратилган тизимли ҳужумлар уюштирилган.

«Мен халқимдан ҳам, давлатимдан ҳам ҳеч қачон ўғирламаганман», — деди президент. «Мен президентлик вазифаларимни топшириб, оддий фуқарога айланаман». У терговчилар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Айбловларда тилга олинган бошқа юқори лавозимли шахслар — Мўғулистон Адлия ва ички ишлар вазири ўринбосари Мунх-Эрдене Демберелтсерен ҳамда Вазирлар Маҳкамаси котибияти раҳбари Энхбаяр Баттумур ҳам сешанба куни истеъфога чиқишларини маълум қилди.

Айбловнинг моҳияти ва раддиялар

Илгари сурилган айбловларга кўра, Хурелсух 2019 йилда темир йўл шартномаси ҳеч қандай рақобатли тендерсиз мамлакатдаги энг йирик конгломератлардан бири бўлган «Bodi International LLC» компаниясига берилишини таъминлаган ва бунинг эвазига компаниядан пора олган.

Душанба куни «Bodi International LLC» баёнот бериб, юқори мартабали ҳукумат амалдорларига ёки давлат хизматчиларига нақд пул кўринишида пора берганини қатъиян рад этди. Компания айбловларни туҳмат деб атади ва ҳеч қандай ноқонуний ҳаракат содир этмаганини билдирди.

Мўғулистон Миллий университети ўқитувчиси Мунх-Эрдене Гантулга ушбу истеъфони навбатдаги «сиёсий ўйин» сифатида баҳолади. Унинг фикрича, бу қадам жамоатчиликка ижобий таъсир қилади ва Хурелсухга келажакда бошқа лавозимларга номзодини қўйиш имконини бериши мумкин.

Хурелсух бунгача ҳам — 2021 йил январида президентлик сайловларида иштирок этиш учун бош вазирлик лавозимидан воз кечган эди. Орадан олти ой ўтиб у сайловларда ғалаба қозонган ва унинг партияси парламентда кўпчилик ўринни эгаллаган эди.

Бироқ, сўнгги йилларда ҳукмрон партия ички зиддиятлар гирдобига тушиб қолган. Бунинг оқибатида Мўғулистонда бор-йўғи тўққиз ой ичида уч марта бош вазир алмашди.

Хурелсухнинг истеъфоси Давлат Буюк Хурали (парламент) томонидан қабул қилинганидан сўнг кучга киради. Ушбу масала ҳафта охирида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Агар истеъфо тасдиқланса, парламент спикери вақтинчалик президент вазифасини бажарувчига айланади.

Айни пайтда, хорижда (тахминан Канадада) яшаётгани айтилаётган собиқ ҳоким Нямбаатар ўзининг Facebook саҳифасида шубҳали шахслар томонидан кузатилаётгани ҳақида ёзган. У Хурелсухни хорижда хуфёна операциялар ўтказишга уринмаслик ҳақида огоҳлантириб, бўлажак жонли эфирларда «давлат сирлари ниқоби остида яширилган ўғирлик ва коррупциянинг ақл бовар қилмас ҳаракатларини» фош қилишда давом этишини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид