Ўзбекистон аҳолиси 16 йилда қарийб 10 миллионга кўпайди
Энг катта йиллик ўсиш 2023-йилдан 2024-йил бошигача бўлган даврда қайд этилган. Бу вақт ичида мамлакатнинг доимий аҳолиси 792,4 минг кишига кўпайган.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМиллий статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида 2010–2026-йиллардаги доимий аҳоли сонини қайта ҳисоблаб чиқди.
Янгиланган ҳисоб-китобларга кўра, 2026-йил 1-январ ҳолатида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 23,6 минг кишини ташкил этган. 2010-йил бошида эса мамлакатда 29 миллион 215,9 минг киши яшаган. Натижада 16 йил ичида аҳоли сони 9 миллион 807,7 минг кишига ёки 33,6 фоизга ошган.
Аҳоли сони 10 йилда қандай ўзгарди?
Йиллик кўрсаткичларни солиштирганда, энг катта ўсиш 2022-йил бошидан 2023-йил бошигача бўлган даврга тўғри келади. Бу вақтда доимий аҳоли сони 785,2 минг кишига кўпайган. Кейинги йилларда ҳам ўсиш юқори бўлган. 2024-йил бошида 792,4 минг кишилик, 2025-йил бошида эса 762,5 минг кишилик ўсиш қайд этилган.
2026-йил бошида доимий аҳоли сони 39 миллиондан ошиб, бир йил ичида 702 минг кишига кўпайган. Бу аввалги икки йилга нисбатан камроқ бўлса-да, йиллик ўсиш 700 минг кишидан юқори даражада қолган.
Қуйидаги жадвалда аҳоли сонининг йиллар кесимида қандай ўзгарганини кўриш мумкин.
Yil | Doimiy aholi soni, ming kishi |
2010 | 29 215,9 |
2011 | 29 689,1 |
2012 | 30 139,5 |
2013 | 30 596,6 |
2014 | 31 110,7 |
2015 | 31 654,6 |
2016 | 32 228,0 |
2017 | 32 788,1 |
2018 | 33 327,4 |
2019 | 33 928,4 |
2020 | 34 585,0 |
2021 | 35 258,4 |
2022 | 35 981,5 |
2023 | 36 766,7 |
2024 | 37 559,1 |
2025 | 38 321,6 |
2026 | 39 023,6 |
Шу тариқа, қайта ҳисоблаш натижасида аввал эълон қилинган статистик кўрсаткичлар ҳам ўзгарган. Хусусан, 2026-йил бошидаги аҳоли сони олдинги маълумотдан 786,9 минг кишига ёки 2,1 фоизга кўп чиққан. 2011–2026-йиллардаги кўрсаткичлар бўйича тафовут 1,9–2,1 фоиз, 2010-йилда эса 4,3 фоизни ташкил этган.
Аҳоли сони қандай қайта ҳисобланди?
Қўмита аввалги йиллардаги аҳоли сонини аниқлашда кейинги йил бошидаги кўрсаткичдан келиб чиққан. Бунда йил давомида туғилганлар ва мамлакатга кўчиб келганлар айирилган, вафот этганлар ва хорижга кўчиб кетганлар эса қайта қўшилган.
Ҳисоб-китоблар аҳолининг умумий сони билангина чекланмаган. Ҳар бир йил учун маълумотлар жинс ва ёш гуруҳлари бўйича алоҳида қайта тикланган. Масалан, ўша йили туғилган болалар ҳисобдан чиқарилган, қолган аҳоли эса бир ёшга кичрайтирилган. Бу жараёнда ҳудудлар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси таркиби ҳамда маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар ҳисобга олинган.
Шу тариқа, 2010–2026-йиллар учун ўзаро боғланган янги статистик маълумотлар шакллантирилган.
Янгиланган статистик маълумотлар мамлакатдаги демографик ҳолатни аниқроқ баҳолаш имконини беради. Аҳолининг сони, ёши ва ҳудудлар бўйича тақсимотини билиш таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой ва инфратузилма соҳаларидаги режаларни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистон аҳолисининг жинсий, ҳудудий ва миллий таркибига оид маълумотларни ҳам эълон қилганди. Унга кўра, 2026-йил 15 январ ҳолатида эркаклар сони аёллардан 485,1 минг нафарга кўп бўлган. Мамлакат аҳолисининг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи эса қишлоқларда яшаган.





