
Ўзбекистонда 9 ойда олийгоҳларда 5,1 мингта янги талаба ўрни яратилди
Мамлакатдаги олий таълим муассасаларида қўшимча ўринлар ташкил этилиб, ҳудудлар бўйича энг кўп янги талаба ўринлари Наманган ва Андижон вилоятларига тўғри келди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ—сентябр ойларида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 5 100 та янги талаба ўринлари фойдаланишга топширилди.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида энг катта улуш Наманган вилоятида қайд этилиб, бу ерда 2 000 та янги талаба ўрни яратилди.
Шунингдек, Андижон вилоятида 1 800 та, Самарқанд вилоятида эса 1 000 та ўрин фойдаланишга топширилди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 300 та қўшимча ўрин ташкил этилгани маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилида мамлакат бўйлаб олий таълим муассасаларига 381,7 минг талаба қабул қилинган. Бу кўрсаткич 2020/2021 ўқув йилидагидан 2,2 баробарга ортган.





