Logo

Perfectum’дан сўнг: Фарҳод Мамажоновнинг яна бир йирик бизнеси сотилмоқдами?

Бугун 14:243 дақиқа

Устав капитали 300 млрд сўмдан ошадиган «Uztex Group» АЖнинг 100 фоиз акциялари ўзидан етти баробар кичик компанияга ўтмоқда. Битимдан икки ҳафта олдин эса гуруҳ «InfinBank» билан 30 млрд сўмлик шартнома тузган.  Аввалроқ, Мамажонов 50 фоизига эгалик қиладиган Perfectum Veon гуруҳига сотилганди.

Perfectum’дан сўнг: Фарҳод Мамажоновнинг яна бир йирик бизнеси сотилмоқдами? © O'zbekiston24

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Uchkurgan Textile» МЧЖ томонидан «Uztex Group» АЖнинг 100 фоиз акцияларини олиш бўйича иқтисодий концентрация битимига розилик берди.

«Uchkurgan Textile» МЧЖ пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш фаолияти билан шуғулланади. Очиқ маълумотларга кўра, компания 2013-йилда Наманган вилоятининг Уйчи туманида рўйхатдан ўтган. Унинг устав капитали 40 млрд сўмга тенг, ягона акциядори сифатида Акмал Баҳодирович Зоҳидов кўрсатилган.

«Uztex Group» АЖ эса трикотаж устки кийимлар ишлаб чиқаради. Компания 2010-йилда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган, устав капитали 300 млрд 566 млн сўмни ташкил этади. Ягона акциядор сифатида Фарҳод Фахриддинович Мамажонов қайд этилган.

Қизиғи, июл ойининг охирида Рақобат қўмитаси «Uztex Group» МЧЖга «Zarofattex» МЧЖни қўшиб олиш бўйича битимга рухсат берганди. Демак, орадан кўп ўтмай «Uztex Group»нинг мулкчилик шакли акциядорлик жамиятига ўзгартирилган.

5-октябрда «Uztex Group» АЖнинг навбатдан ташқари акциядорлар йиғилиши бўлиб ўтган, унда қабул қилинган қарорлар Ягона корпоратив ахборот порталида эълон қилинган. Йиғилишда компания устав капиталига тенг — 300 млрд 566 млн сўмлик оддий акцияларни ёпиқ обуна йўли билан чиқариш бўйича қарор қабул қилинган.

Устави 40 млрд сўм бўлган компания ўзидан етти баробар катта компанияни қандай шартлар асосида ва қанча суммага сотиб олаётгани ҳозирча ошкор этилмаган.

Сотувдан икки ҳафта олдин: банк билан 30 млрд сўмлик гаров

«Uztex Group»ни сотишга рухсат берилишидан олдин гуруҳ «InfinBank» билан йирик битим тузган. Банк ошкор қилган муҳим фактга кўра, 30-октябрда банк кузатув кенгаши «Uztex Group» билан депозит омонати гарови тўғрисидаги шартномани маъқуллаган ва шартнома ўша куни имзоланган. Битим суммаси 30 млрд сўмдан бироз кўпроқни ташкил қилади.

Ушбу битим банк томонидан аффилланган шахс билан тузилган битим сифатида эълон қилинган. Сабаби — «Uztex Group» ва «InfinBank» битта эгага бориб тақалади: Фарҳод Мамажонов банкнинг мажоритар акциядори ва «Uztex Group» асосчиси ҳисобланади.

Бундан ташқари, у «UZTEX TASHKENT» МЧЖда 27,05 фоиз улушга эгалик қилади, компаниянинг 70,85 фоиз улуши эса Фахриддинов Фаррух Фарҳод ўғлига (катта эҳтимол билан унинг ўғли — таҳр.) тегишли экани кўрсатилган. Юқорида тилга олинган муҳим фактда ушбу компания ҳам «InfinBank»нинг улушдори экани келтирилган.

Фарҳод Мамажоновнинг сотилган бошқа бизнеси

16-июлда Рақобат қўмитаси Мамажоновга «Rubicon Wireless Communication» МЧЖ (Perfectum)нинг 50 фоиз улушини олишга рухсат берган.

18-августда президент Хоразм вилоятида тадбиркорлар куни муносабати билан йиғилиш ўтказганди. Унда таниқли тадбиркор, Perfectum акциядори Фарҳод Мамажонов сўзга чиқиб, VEON гуруҳи Perfectum мобил операторига 200 млн доллар сармоя киритмоқчи эканини маълум қилганди.

Тадбиркор ушбу битим учун Рақобат қўмитасининг рухсати керак бўлаётганини айтиб, бу борада президентдан ёрдам сўраганди. Давлат раҳбари эса масалани шахсан назоратга олишини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, 19-октябрда VEON гуруҳи (Beeline Uzbekistan эгаси — таҳр.) Perfectum’нинг 100 фоиз улушини 207 млн долларга сотиб олишини эълон қилганди. Орадан кўп ўтмай битимга рухсат ҳам берилганди.

Теглар

Мавзуга оид