Президент баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бири нобуд бўлганини танқид қилди
Ўзбекистонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлган, айрим жойларда эса амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга киритилган.
© Foto: nova24Ўзбекистонда Янги Тошкент шаҳридаги ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича кунлик манзилли назорат ўрнатилади, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида эса жорий йилда экиладиган кўчатларнинг камида 90–95 фоизи тутиб кетиши таъминланади. Бу ҳақда 2026 йил 18 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ижроси юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда бир ой аввал Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, натижаларни ҳар ой муҳокама қилиб боришга кўрсатма берилгани, ўтган ҳафтада қабул қилинган алоҳида фармон билан эса инвесторлар, тадбиркорлар ва ҳудудлар учун қўшимча имтиёзлар ҳамда янги ташкилий механизмлар жорий этилгани қайд этилди.
Давлат раҳбари Янги Тошкентдаги ишлар мутлақо янгича ёндашув ва қатъий ижро интизоми асосида ташкил этилиши лозимлигини кўрсатиб ўтди. Тадбиркорлар сармоя киритишга тайёр экани, бунинг учун уларга ортиқча тўсиқларсиз, тезкор ва аниқ ечимлар тақдим этиш зарурлиги таъкидланди. Қурилиш майдонларини ўз вақтида тайёрлаш ва инвесторларга зарур шароитлар яратиш ишлари марказлашган ҳолда Янги Тошкент дирекцияси орқали ташкил этилади.
Янги Тошкент: инфратузилма ва меъморий талаблар
Йиғилишда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши муҳандислик-коммуникация тармоқларининг тайёрлигига бевосита боғлиқлиги қайд этилди. Электр энергияси, ичимлик суви, канализация, иссиқлик таъминоти ва йўл тармоқлари объектлар фойдаланишга топширилгунга қадар тайёр бўлиши шартлиги белгиланди. Шу муносабат билан вилоятларга бириктирилган ҳудудларни зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Вилоятларга бириктирилган ҳудудлар фақат турар жойлар билан чекланиб қолмаслиги, уларда замонавий бизнес ва савдо марказлари, меҳмонхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари, шунингдек, аҳоли дам олиши учун қулай жамоат масканлари ташкил этилиши зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир иншоот янги шаҳарнинг ягона меъморий концепцияси ва «яшил қурилиш» талабларига тўлиқ мос келиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳудудлар ўртасида замонавий архитектура ечимларини қўллаш, йирик халқаро брендларни жалб қилиш, хиёбонлар ва жамоат жойларини намунали ташкил этиш бўйича соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга эътибор қаратилди.
«Яшил макон»: баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бири нобуд бўлган
Йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ижроси танқидий кўриб чиқилди. Жорий йилнинг кузги кўчат экиш мавсуми 8 ноябрдан бошланганига қарамай, айрим ҳудудларда, хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида белгиланган режалар ижроси қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлгани, айрим жойларда эса амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга киритилгани кескин танқид қилинди.
Дарахт экишда сон ортидан қувиш эмас, балки кўчатларнинг тутиб кетиши ва узоқ йиллар давомида ўсишини таъминлаш асосий мезон бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, сувсизлик, иссиқлик ва шўрланишга чидамли дарахт турларини танлаш, суғориш тизимларини яратиш ҳамда кўчатларни доимий парваришлаш зарурлиги қайд этилди.
Кўкаламзорлаштиришда сувни кўп сарфлайдиган чим экиш амалиёти ўрнига тожихўроз, райҳон, жамбул каби ўсимликлар ҳамда маҳаллий буталарни экишга устувор эътибор қаратиш, бунинг учун маҳаллий гул ва манзарали ўсимликларни кўпайтиришга ихтисослашган кўчатхоналар ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллада аҳоли жон бошига камида уч тупдан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда мазкур жараёнда маҳалла раислари ва ўрмон хўжалиги ходимларининг масъулиятини кучайтириш вазифаси қўйилди. Мутасаддиларга аввалги йилларда барпо этилган яшил майдонларни сақлаш ва парваришлаш бўйича аниқ чоралар кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.





