Қиммат авиачипталар, ХВЖ хавотирлари ва ягона QR
Иқтисодчи Отабек Бакиров билан «Аввал иқтисод» дастурининг янги сонида Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари, ХВЖнинг огоҳлантируви, асосий ставка, ёқилғи нархлари, авиация бозори ва ягона QR тизими муҳокама қилинди.
«Аввал иқтисод» дастурининг 18-сонида иқтисодиётидаги энг долзарб мавзулар таҳлил қилинди. Суҳбат аввалида Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари, унда имзоланган келишувлар ва инвесторлар учун аҳамиятли бўлган йўналишлар муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича навбатдаги миссияси якунлари, иқтисодиётнинг қизиб кетиши билан боғлиқ хавотирлар, бюджет харажатлари, имтиёзли кредитлаш ва ички талабнинг юқорилиги каби масалалар атрофлича таҳлил қилинади. Эксперт ХВЖ қайд этаётган хатарларнинг инфляция, кредит бозори ва валюта курсига эҳтимолий таъсири юзасидан ҳам фикр билдиради.
Дастурда Марказий банкнинг асосий ставкани кетма-кет 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш қарори ҳам муҳокама қилинади. Пул-кредит сиёсатининг истиқболлари, ставкани пасайтириш учун қандай шароитлар зарурлиги ҳамда бу қарорнинг аҳоли ва бизнес учун оқибатлари ҳақида сўз юритилади.
Навбатдаги мавзу сифатида ёқилғи бозори кўтарилади. Жаҳон бозорида нефть нархлари пасаяётган бир пайтда Ўзбекистонда АИ-92 бензини ва пропан нархларининг рекорд даражаларга чиқиши, импортдаги қарамлик, бозордаги рақобат муҳити ва нархлар истиқболи таҳлил қилинади.
Кўрсатувда авиация соҳасидаги ўзгаришлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Ҳукумат томонидан Uzbekistan Airways қийматини ошириш бўйича билдирилган режалар, «очиқ осмон» сиёсати, лоукостерлар кириб келиши ва бунинг авиачипталар нархига таъсири муҳокама қилинади.
Дастур якунида эса 1 июлдан бошлаб мажбурий бўлиши кутилаётган ягона QR тизими, унинг бизнес ва истеъмолчилар учун афзалликлари ҳамда эҳтимолий муаммолари юзасидан фикр алмашилади. Эксперт ягона QR атрофидаги комиссиялар, рақобат масалалари ва янги тизимнинг бозорга таъсирини баҳолайди.
Теглар






