Сулҳ ёки уруш: 22 апрел Яқин Шарқ тинчлиги учун сўнгги муддат
Нефт нархининг 10 фоизга арзонлашиши Эроннинг дипломатик юриши натижасидир. Бироқ уран захираларидан воз кечиш — Ислом инқилоби муҳофизлари учун суверенитетни топшириш билан баробар. Теҳрондаги сиёсий мувозанат кимнинг фойдасига ҳал бўлади?

Эрон савдо кемалари учун Ҳўрмуз бўғозини очганини эълон қилди. АҚШ эса Эрон портларига нисбатан қамал ўз кучида қолишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, 22 апрел куни сулҳ муддати якунлангач, уруш қайта бошланмаслигига доир ишоралар пайдо бўлди. Хўш, энди вазият қандай тус олади?
Нефт бозори Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғозини очиш ҳақидаги баёнотига дарҳол муносабат билдирди — нефт 10 фоиздан кўпроққа арзонлаб, бир баррели 83 долларга тушди. Дарвоқе, Эрон расман Вашингтоннинг бўғозни очиш ҳақидаги талабини бажарди, бироқ бунга баъзи шартларни илова қилди: бўғоз «душман давлатлар» учун ҳамон ёпиқ қолади.
Трамп ҳам уруш «жуда тез орада тугаши мумкин»лигини айтмоқда.
Аммо қанчалик тез? Ахир унинг ўзи, агар Теҳрон келишувга рози бўлмаса, зарбалар қайта бошланишини таъкидламоқда.
Маълум бўлишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тартиби анча самарали ишламоқда, бироқ унинг якунланиш муддати — 22 апрел ҳам яқинлашиб қолди. «Associated Press» манбаларига кўра, воситачилар ҳар икки томоннинг сулҳни яна камида икки ҳафтага узайтириш бўйича «принципиал розилиги»га эришган.
Шу билан бирга, муайян музокаралар ҳам қизғин паллага кирмоқда: «Axios» нашрининг ёзишича, Теҳрон бойитилган уран захираларидан воз кечиши эвазига Вашингтон 20 миллиард долларга яқин музлатилган Эрон активларини қайтаришини кўзда тутувчи битим муҳокама қилинмоқда. Айнан сўнгги банд энг кўп баҳсларга сабаб бўляпти. Трамп эса уран бойитишдан воз кечиш жараёни аллақачон амалга ошганига ишонтиришга уринмоқда. Ядро дастуридан бутунлай воз кечилдими ёки у вақтинча тўхтатиб турилдими? Энг асосий масала мана шу. Уруш бошланишидан аввал ҳам Эрон дастурни беш йилга тўхтатиб туришга рози бўлгандек эди. Бу вақт мобайнида у ўзининг тадқиқотлари ва тайёргарлик ишларини яширинча давом эттириши мумкин бўларди. У бу ишларни авваллари ҳам расман АЭХА «назорати остида» муваффақиятли амалга ошириб келган.
Теҳрон томонидан бўғознинг очилиши Ғарб давлатлари учун ҳам муҳим сигнал бўлди: бу билан Эрон энергетика хавфсизлиги масалаларида конструктив ҳамкор бўлишга тайёр ва қодир эканини намойиш этди. Бундан ҳам муҳимроқ — оператив аҳамиятга эга ишоралар ҳам мавжуд. Агар Трампнинг сўзларига ишониладиган бўлса, Эрон ҳатто АҚШга бўғозни миналардан тозалаш ишларида кўмаклашмоқда. Бу ўта муҳим жиҳат: кескинликни юмшатиш йўлидаги бундай ҳамкорлик — айни вазиятда ўзаро ишончнинг энг юқори нуқтасидир. Агар томонлар тинчлик жараёнини давом эттиришдан манфаатдор бўлмаганида, ҳеч бири миналанган майдонлар ҳақидаги тезкор маълумотларни бир-бири билан алмашмаган бўларди.
Трамп Исроилга Ливан бўйлаб зарба беришни очиқчасига тақиқлади. Бу Теҳрон учун ўта муҳим аҳамиятга эга, чунки Эрон раҳбарияти Исроилни беқарорлик ва можароларни кескинлаштирувчи асосий манба деб билади. Агар АҚШ Исроилни жиловлай олса, музокаралар мазмунли бўлади— Эрон ўзининг ортидан «иккинчи фронт» очилмаслигига кафолат олади. Қолаверса, Исроилнинг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиши бошиданоқ Теҳроннинг асосий талабларидан бири бўлган.
Ниҳоят, Эронга қайтарилиши ваъда қилинаётган 20 миллиард долларлик музлатилган активлар — санкциялар гирдобида қолган мамлакат иқтисодиёти учун жуда катта рағбатдир. Мабодо ушбу таклиф ўз тасдиғини топса, Эрон раҳбариятида «бунинг эвазига биз нима оламиз?» деган саволга аниқ жавоб пайдо бўлади.
Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, Вашингтонда учта мантиқий сценарий шаклланган.
Биринчиси — «Трамп битими»нинг максимал кўриниши: бу кенг қамровли келишув бўлиб, унга кўра Эрон бойитилган урандан воз кечади, ядро инфратузилмасининг асосий қисмларини демонтаж қилади, бунинг эвазига 20 миллиард доллар олади ва санкциялар босқичма-босқич бекор қилинади. Бу орқали Трамп Обама эриша олмаган натижани қўлга киритади: яъни «энг мақбул битим»га эришади, ядро таҳдидини бартараф этади ва нефт бозори барқарорлашуви фонида ўз рейтингини ошириб олади. Ушбу сценарий шунчаки хомхаёл эмас — олинаётган сигналлар ҳам айнан шунга ишора қилмоқда. Бироқ, айни пайтда буни энг реал сценарий сифатида қабул қилишга шошилмаслик керак.
Иккинчи сценарий (энг реал кўринишдагиси) — тактик танаффус: Сулҳ муддати қайта-қайта узайтирилади, музокаралар эса ҳеч қандай якуний қарорсиз чўзилиб кетаверади. Ҳар икки томон урушдан қочади, бироқ реал ечим топилмайди. АҚШ қамал орқали ўз босимини сақлаб қолади, Эрон эса нефт бозоридаги мавқейининг бир қисмини аста-секин тиклаб олади. Бу энг кам йўқотишга эга, аммо энг беқарор вариантдир.
Учинчи сценарий эса энг ёмони — зарбаларнинг қайта бошланиши: Трамп буни аллақачон очиқ-ойдин маълум қилди: агар тинчлик битими имзоланмаса, АҚШ ҳужумларни қайта бошлайди. Бутун масала бунинг қачон юз беришида — 22 апрелдами ёки яна икки ҳафта ёхуд бир ойдан кейинми? Катта эҳтимол билан биринчиси эмас, иккинчиси юз бериши мумкин. «The Washington Post» нашрининг хабар беришича, Пентагон аллақачон минтақага минглаб қўшимча ҳарбий хизматчиларни йўлламоқда. Бунда «қўшимча зарбалар бериш ёки қуруқликдаги операциялар» ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу сценарий — музокараларни силжитишга қаратилган эҳтиёт чораси ҳисобланади, аммо уни мутлақо имконсиз деб ҳам бўлмайди.
Эрон раҳбарияти ҳам мураккаб вазиятда қолган. Бир томондан, ядро дастури — музокаралардаги асосий «козир» ва «ҳеч ким ядровий салоҳиятга эга мамлакатга ҳужум қилмайди» деган мантиққа кўра тузум хавфсизлигининг кафолатидир. Иккинчи томондан эса — АҚШ билан урушни давом эттириш Ислом республикасининг бугунги кўринишда мавжуд бўлиб қолишига жиддий хавф туғдиради.
Эрон раҳбариятининг прагматик қаноти бир нарсани яхши тушунадики, 20 миллиард долларлик таклиф санкциялар босимидан қутулиш учун ноёб имкониятдир. Агар Эрон бойитилган уран захираларидан воз кечса (инфратузилмани бутунлай йўқ қилиши шарт эмас — бу муҳим жиҳат), у иқтисодиётни барқарорлаштириш учун зарур молиявий ресурсга эга бўлади. Қолаверса, Ҳўрмуз бўғозининг очилиши амалда ўз тасдиғини топиб улгурди, битим якунига етгач эса қамал бекор қилинади.
Кескин кайфиятдаги сиёсатчилар эса, аксинча, ядро масаласидаги ҳар қандай ён босишни таслим бўлиш деб қабул қилади. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси учун уран дастури — шунчаки ҳарбий восита эмас, балки суверенитет рамзи ҳисобланади. Эндиги энг асосий савол шуки: ҳозирги Эрон ички сиёсий майдонида кимнинг сўзи устун келмоқда? Сўнгги кунлардаги ҳаракатларга (бўғозни очиш, миналардан тозалаш, музокараларга тайёрликка) асосланиб айтадиган бўлсак, прагматик қанот вакилларининг қўли баланд келмоқда. Аммо бу мувозанат жуда қалтис.
Мана шундай вазиятда Исроил Вашингтон учун энг ноқулай иштирокчи бўлиб қолмоқда. Нетаняху Ливанга зарбаларни тўхтатиш бўйича Трампдан аллақачон тўғридан-тўғри «буйруқ» олиб улгурди. Исроил бош вазири Америка сиёсатини очиқчасига қўллаб-қувватлади ёки Трампнинг «Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш» ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтириб, ҳеч бўлмаганда шундай таассурот уйғотди. Бироқ Исроил юз бераётган воқеаларни яшириб ўтирмай, катта хавотир билан кузатмоқда: АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядро инфратузилмасини қисман бўлса-да сақлаб қолувчи ҳар қандай битим Исроил томонидан хиёнат сифатида қабул қилинади.
Европа ҳозирча карвондан ортда қолмоқда. Европа Иттифоқи сулҳни оғзаки олқишлади, аммо амалда иштирокчи эмас, шунчаки кузатувчи ролида қолиб кетди. Туркия ва Саудия Арабистони кўмагида Покистон асосий воситачига айланди. Айнан Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳал қилувчи 6–7 апрел кунлари Вашингтон ва Теҳрон ўртасида қатнаб турди. Гарчи Европа Иттифоқи 2006 йилдан бери Эрон ядровий дипломатиясининг асосий меъмори сифатида майдонга чиққан ва бу жараён 2015 йилда Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси доирасидаги битим билан ўз чўққисига етган бўлса-да, бу сафар европаликлар бу занжирда кўринмади.
Хўш, Теҳрон олдида энг юқори дипломатик обрў-эътиборга эга бўлган Европа қандай қилиб бутун бошли минтақа тақдирини ҳал қилувчи музокаралардан четда қолиб кетди?
Европа давлатлари Эронга қарши ҳарбий амалиётларда қатнашишдан бош тортди ва АҚШга зарбалар йўллаш учун ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермади. Бу эса НАТОни «қоғоздаги йўлбарс»га тенглаштирган Трампнинг очиқ ғазабини келтирди. Ушбу позиция стратегик жиҳатдан мантиқли бўлса-да, сиёсий майдонда қимматга тушди: Европа музокаралар столидаги ўрнидан айрилди. Европа АҚШда йўқ бўлган жуда муҳим устунликка — Теҳроннинг дипломатик ишончига эга. Аммо у бундан музокараларда таъсир ўтказиш учун эмас, балки фақатгина ўз танкерларининг хавфсиз ўтишини таъминлаш йўлида фойдаланмоқда.





