Аҳрор Бурҳонов АҚШда иш бошлади
Уч йилдан бери Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби сифатида ишлаб келаётган Аҳрор Бурҳонов Ўзбекистоннинг АҚШнинг Вашингтон штатидаги илк бош консули этиб тайинланди.

2023-йилдан бери Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири матбуот котиби сифатида фаолият юритиб келаётган Аҳрор Бурҳонов Ўзбекистоннинг АҚШнинг Вашингтон штатидаги илк бош консули этиб тайинланди. Бу ҳақда унинг ўзи «Х» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
«Мамлакатимизнинг Вашингтон штатидаги (АҚШ) илк бош консули сифатида янги вазифани бошлар эканман, ушбу давр мобайнида қўллаб-қувватлаган ва ҳамкорлик қилган барчага самимий миннатдорлик билдираман», – деб ёзади Бурҳонов.
Аҳрор Бурҳонов ким?
У Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетининг иқтисодиёт йўналиши бўйича бакалавр, Корея тараққиёт институти Давлат сиёсати ва бошқарув мактабининг тараққиёт сиёсати бўйича магистр даражасига эга.
Бурҳонов ўз меҳнат фаолиятини дипломатик соҳада бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси, Йиғма ахборот-таҳлил департаменти ва Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий марказида фаолият юритган.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ишлаган ва у ерда оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик дипломатияси, туризм, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги икки томонлама муносабатларга доир масалалар билан шуғулланган. У Ўзбекистон ва Бразилия ўртасидаги ўзаро алоқаларга ҳам масъул бўлган.
2024-йил 10-феврал куни Аҳрор Бурҳонов Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби этиб тайинланган.





