Logo

АҚШ суди Трампнинг хорижий талабаларга қўйган чекловини бекор қилди

Кеча 14:052 дақиқа

АҚШ федерал суди Трамп маъмуриятининг хорижий талабалар мамлакатда қолиш муддатини тўрт йил билан чеклаш ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топди.

АҚШ суди Трампнинг хорижий талабаларга қўйган чекловини бекор қилди © wikipedia

АҚШ федерал суди президент Доналд Трамп маъмуриятининг хорижий талабалар ва алмашинув дастурлари иштирокчиларининг мамлакатда қолиш муддатини тўрт йил билан чеклаш ҳақидаги қарорини қонунга зид деб топди. Бу ҳақда 16-ноябр куни Массачусетс штати федерал округ суди судяси Деннис Сайлор чиқарган қарорда маълум қилинди.

Суд ҳукмига кўра, Ички хавфсизлик вазирлиги (ДҲС) томонидан жорий этилган ва Ф-1 ҳамда Ж-1 визаларига тааллуқли бўлган янги тартиб бекор қилинди.

Энди бакалавриат, магистратура ёки докторантура дастурларида тўрт йилдан кўпроқ ўқийдиган талабалар учун муддатни узайтириш билан боғлиқ қўшимча маъмурий тўсиқлар олиб ташланади.

«Ўзбошимчалик ва ваколатларни суиистеъмол қилиш»

Судя Деннис Сайлор Ички хавфсизлик вазирлиги қарорини «асоссиз, ўзбошимчалик билан қабул қилинган ва ваколатларни суиистеъмол қилиш» деб баҳолади. Бу ҳақда судянинг изоҳида қайд этилган бўлиб, унда АҚШ Конгресси хорижий талабаларга таълим олиш имкониятини яратишни кўзлагани, вазирлик эса ушбу дастурни чеклаш учун қонунда назарда тутилмаган даражада кенг ваколатга эга эмаслиги таъкидланган.

Трамп маъмурияти томонидан 2026-йил июл ойида тасдиқланган ва 15-сентябрдан кучга кириши режалаштирилган қоидага мувофиқ, тўрт йилдан ортиқ ўқимоқчи бўлган талабалар муддатни узайтириш учун иммигратсия органларига алоҳида мурожаат қилиши керак эди. Бунда узайтириш автоматик тарзда амалга оширилмасдан, ҳар бир ариза алоҳида кўриб чиқилиши белгиланганди. Ҳукумат ушбу чекловни миллий хавфсизликни таъминлаш ва фирибгарликнинг олдини олиш зарурати билан изоҳлаган.

Аввалги «Duration of Status» тизимида эса талабалар иммигратсия талабларига риоя қилган ҳолда, ўқиш муддати давомида мамлакатда қолиши мумкин бўлган ва узайтириш масаласини университетнинг тегишли масъуллари орқали ҳал қилган.

Олий таълим ташкилотлари ва меҳнат уюшмалари янги тартибга қарши чиқиб, чеклов ортиқча бюрократик тўсиқлар яратишини ва хорижликларнинг АҚШда ўқишга бўлган қизиқишини пасайтиришини билдирган.

Талабалар оқимининг қисқариши

Мазкур суд қарори АҚШда хорижий талабалар оқими камайиб бораётган бир вақтда қабул қилинди.

Халқаро таълим институти (ИИЭ) томонидан 800 дан ортиқ олий таълим муассасаси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 2026-йил кузги семестрида АҚШ университетларидаги халқаро талабалар сони 9 фоизга, биринчи марта келган талабалар сони эса 15 фоизга қисқарганлиги маълум қилинди.

Университетлар ушбу пасайишни виза расмийлаштиришдаги қийинчиликлар, саёҳат чекловлари, таълим харажатларининг ошиши ва иммигратсия сиёсатидаги ноаниқликлар билан изоҳлаган.

Шу билан бирга, суд қарори хорижий талабаларга автоматик равишда виза берилишини ёки АҚШда исталган муддат қолиш ҳуқуқини англатмайди. Талабалар Ф-1 визаси ва иммигратсия мақомига қўйилган бошқа талабларни бажаришда давом этиши шарт.

Теглар

Мавзуга оид