Logo

«Asia Alliance Bank» исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олди

Кеча 18:552 дақиқа

Ушбу муҳим воқеа банк ривожланишида янги босқични бошлаб бериб, исломий молиялаштириш тамойилларига асосланган молиявий хизматларни тақдим этиш имкониятларини кенгайтиради. Лицензиянинг қўлга киритилиши банк томонидан исломий банк хизматларини жорий этиш учун зарур ташкилий, меъёрий ва технологик инфратузилмани яратиш бўйича изчил олиб борилган ишлар натижасидир.

«Asia Alliance Bank» исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олди

2026-йил 18-ноябр куни «Asia Alliance Bank» АТБ Ўзбекистон Марказий банкидан исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олди. 3-I-сонли лицензия Марказий банк бошқарувининг 30/9-сонли қарори асосида берилган бўлиб, банкка Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуни 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молиявий операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Лицензия чекланмаган муддатга берилган.

Лицензиянинг қўлга киритилиши банк томонидан исломий банк хизматларини жорий этиш учун зарур ташкилий, меъёрий ва технологик инфратузилмани яратиш бўйича изчил олиб борилган ишлар натижасидир. Хусусан, корпоратив бошқарув тизимини шакллантириш, шариат назоратини йўлга қўйиш ҳамда исломий банк операцияларининг алоҳида ҳисобини ташкил этиш бўйича зарур чоралар амалга оширилди.

Исломий банкинг — мижозлар учун янги имкониятлар

Исломий молиялаштириш — шариат тамойилларига асосланган муқобил молиявий хизматлар кўрсатиш модели бўлиб, у ссуда фоизидан (рибо) воз кечиш, реал активлар ва иқтисодий фаолиятни молиялаштириш, таваккалчиликларни адолатли тақсимлаш ҳамда бизнес юритишда ахлоқий тамойилларга риоя этишни назарда тутади. Ушбу йўналишнинг ривожланиши «Asia Alliance Bank»га корпоратив ва чакана мижозлар, жумладан, исломий молиялаштириш тамойилларига мувофиқ молиявий воситалардан фойдаланишга қизиқиш билдирган тадбиркорлар учун молиявий ечимлар кўламини кенгайтириш имконини беради.

Мазкур йўналишни янада ривожлантириш доирасида банк Ўзбекистон қонунчилиги талаблари ва шариат стандартларига риоя этган ҳолда исломий банк маҳсулотлари ҳамда хизматларини босқичма-босқич жорий этишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон молия секторини ривожлантиришга қўшиладиган ҳисса

Исломий банк хизматларининг жорий этилиши мамлакат молия тизимини диверсификация қилиш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Лицензиянинг қўлга киритилиши «Asia Alliance Bank»нинг мижозлар эҳтиёжларига жавоб берадиган ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган замонавий молиявий ечимларни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлайди.

«Asia Alliance Bank» янги исломий банк маҳсулотлари ва хизматларини ишга тушириш муддатлари ҳамда уларни тақдим этиш шартлари ҳақида мижозларни ўзининг расмий ахборот каналлари орқали хабардор қилиб боради.

Теглар

Мавзуга оид