Logo

GTA 6 интернетни «қулатади»ми? «Nvidia»даги «жосус» ва ўғирланган 6 млрд доллар!

Кеча 21:306 дақиқа

Битта ўйин бутун дунё бўйлаб интернетни «қулатишга қодир»ми? Крипто-оламдаги тарихдаги энг йирик — 6,3 млрд долларлик ўғирлик қандай ёпди-ёпди қилинди? Триллион долларлик империя раҳбари нега «жосус аёл» қаршисида таслим бўлди? Vaqt.uz’нинг ушбу кўрсатувида технология, AI ва блокчейн оламининг энг йирик можаролари ҳамда ютуқлари ҳақида сўз боради.

Битта ўйин сабаб бутун дунёда интернет узилиб қолишига ишонасизми? Ёки IT-оламидаги 3 триллион долларлик компания раҳбари битта хитойлик «айол жосус»нинг тузоғига тушганига-чи? Хакерлар қандай қилиб 6 миллиард долларни атиги 20 дақиқада ўғирлаб кетди ва нега «Apple» битта уринишда барча рақобатчиларини «ер тишлатди»?

GTA 6 ва глобал интернет инқирози

Болалигида компьютерхоналарда «Vice City»нинг варақдаги кодларини ёдлаб ўтирган, вертолёт миссиясида асаби бузилган, милтиқ ўқини тўлдириш учун «Nuttertools», полициядан қочиш учун «Leave me alone» ёки жонини тўлдириш учун «Aspirine» териб бармоқлари қадоқ бўлган қадрдон GTAчилар — яқинроқ келинг, бу хабар айнан сизлар учун!

Ниҳоят, 13 йиллик кутишлардан сўнг, «Rockstar Games» ўзининг шоҳ асари — Grand Theft Auto 6 ўйинини 2026-йилнинг 19-ноябр куни расман оммага тақдим этмоқда. 13 йил ичида ҳамма нарса ўзгарди. Биз яна ўша севимли «Vice City» шаҳримизга қайтамиз, аммо бу сафар сюжет замонавий «Бонни ва Клайд» услубидаги жуфтлик — Лусия ва Жейсон атрофида айланади. Ўйинни ишлаб чиқиш учун «Rockstar» ва бош компания «Take-Two Interactive» нақд 1 миллиарддан тортиб 2 миллиард долларгача маблағ сарфлаган. «RAGE 9» двигателидан физика ва реализм шунчалик мукаммалки, ҳатто қаҳрамонларнинг соч толалари ва кийимлари шамолда тебранади.

Лекин бутун дунёни ташвишга солаётган асосий хавф бошқа. Ўйиннинг ҳажми ниҳоятда катта — салкам 200 гигабайтдан юқори. Тасаввур қилинг, 19-ноябрга ўтар кечаси ўн миллионлаб одамлар бир вақтнинг ўзида бу ўйинни юклаб олишни бошлайди. Мутахассислар ушбу оммавий юклашлар сабабли глобал интернет трафигида жиддий узилишлар содир бўлишидан огоҳлантирмоқда. Қолаверса, АҚШ ва Европада юз минглаб геймерлар 19-ноябр ва ундан кейинги кунларда ўйин ўйнаш учун расман ишдан жавоб сўраб, таътилга чиқмоқда. Хуллас, GTA 6 ер юзида ҳаётни 1-2 ҳафтага «тўхтатиб қўйиши» аниқ.

Геймерлар GTA 6’да рақамли банкларни қандай ўмаришни ўйлаётган бир пайтда, кибержиноятчилар реал ҳаётда рекордларни янгилаб ташлади!

«Binance Hack» ва 6,3 миллиард доллар

Атиги 20 дақиқа ичида нақд 6 миллиард 340 миллион доллар йўқ бўлиб қолса-я! 29-октябр куни дунёдаги энг йирик крипто-биржа «Binance» айнан шундай даҳшатли киберҳужумга учради. Дастлабки текширувларга кўра, бу ҳужум ортида Шимолий Кореянинг «TraderTraitor» хакерлик гуруҳи турибди. Лекин воқеаларнинг энг қизиқ томони, мабодо сизнинг ҳисобингиздан ҳам маблағлар йўқолган бўлса, ҳозир кирсангиз, баланс тўлиқ жойига қайтганини кўрасиз.

Пуллар хакерлардан қайтариб олиндими? Йўқ. «Binance» халқаро майдондаги обрўсини сақлаб қолиш ва ваҳима кўтарилмаслиги учун бу ўғирланган пулларни шунчаки ўз захира фондидан қоплаб берди. Компания одатда захиралар қайдини ҳар ойда бир марта эълон қилади, бироқ бу воқеадан сўнг 16-ноябр куни навбатдан ташқари ҳисобот беришга мажбур бўлди. Ҳисоботга кўра, 4-ноябрдан буён фойдаланувчиларнинг Bitcoin захираси 0,35 фоизга ўсиб, 687 минг 900 та BTC га етган. «Ethereum» 1,04 фоизга, BNB эса 1.03 фоизга кўпайган. Фақатгина стейблкоин бўлган USDT баланси 3,68 фоизга қисқарган — бу тахминан 928 миллион долларга кам дегани. Хуллас, «Binance» обрў учун миллиардлардан воз кечишга ҳам тайёрлигини исботлади.

Ўғрилар крипто оламини ташқаридан бузишга уринаётган бир пайтда, сунъий интеллект оламининг энг йирик империясини битта чиройли «жосус аёл» ичкаридан бузиб юборди!

«Nvidia» раҳбари ва жосуслик можароси

Сунъий интеллект чипларини ишлаб чиқарувчи, қиймати 3 триллион доллардан ошган «Nvidia» компанияси бош директори Женсен Хуанг атрофида кутилмаган можаро юз берди. Ўзининг қора чарм курткаси билан танилган AI қироли узоқ йиллардан бери Элис Хуанг исмли хитойлик аёл билан яширин ишқий муносабатларда бўлиб келган. Уларни йиллар олдин айнан Элиснинг қонуний эри таништирган экан.

Ҳаммаси силлиқ кетаётган эди, токи ишга АҚШ миллий хавфсизлиги ва жосуслик аралашмагунича. Ҳукумат Хитойга илғор AI чипларини сотишни тақиқлаган бир пайтда, Сингапурдаги «Megaspeed» компанияси қандайдир йўллар билан 4,8 миллиард долларлик ускуналарини сотиб олишга эришган. Энди разведка тизимлари ўша маъшуқa Элис Хуанг аслида Хитойнинг махсус тайёргарликдан ўтган жосуси экани, у Женсеннинг ҳаётига атайлаб киритилгани ва санкцияларни айланиб ўтиш айнан унинг ёрдамида амалга ошганини иддао қилмоқда.

Вазият ўта жиддий. Женсен Хуанг можаро фош бўлгач, бутун компания ходимларига очиқ хат билан чиқиш қилишга мажбур бўлди. Хатда шундай дейилади:

«Мен хотиним ва болаларимга хиёнат қилдим. Хатойимнинг узри йўқ ва бунинг учун ўзим жавобгарман».

У рафиқаси Лоридан кечирим сўраган бўлса-да, бу уни сиёсий босимдан қутқармади. Ҳозирда «Nvidia» директорлар кенгаши унинг устидан махсус мустақил текширув бошлаган, АҚШ Сенати эса бу ишларни тушунтириб бериш учун уни сўроққа чақиртирган. Тасаввур қиляпсизми, агар жосуслик айблови тасдиқланса, AI қироли ўз лавозимидан ҳайдалиши, «Nvidia» акциялари эса қулаши мумкин. Бу воқеа фонида эса интернет портлади: Илон Маск «Женсенни ишга олиш мен учун шараф бўларди» деб ҳазиллашмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги минглаб мемларда эса «Келажакни AI ёки терминаторлар эмас, чиройли жосус қизлар бошқарар экан!» деган киноялар «болалаб кетди».

«Nvidia» раҳбарлари рақобатчилардан қандай ҳимояланишни ўйлаётган бир пайтда, «Apple» ёпиқ эшиклар ортида чизган битта қораламаси билан бозор гигантлари эътиборини ўзига қаратди.

«Apple» букланадиган смартфонлар бозорини эгаллади

Кутиб олинг, букланадиган смартфонлар бозорида янги қирол — «Apple»! Хитой бозорида сотувга чиққан янги iPhone Duo смартфони атиги 10 кун ичида «Samsung», «Xiaomi» ва «Huawei» каби гигантларнинг йиллик меҳнатини чиппакка чиқарди. Инсайдерларнинг маълумотларига кўра, iPhone Duo бор-йўғи 10 кун ичида 264 мингдан ортиқ сотилган. Келинг, рақобатчилар билан солиштирамиз: Samsung Galaxy Z Fold 8 смартфони 87 кунда бор-йўғи 71 мингта сотилган. Xiaomi 18 Fold эса 53 кунда 119 мингта харидорга етиб борган. Ҳатто Хитойнинг ўз ғурури бўлган Huawei Pura X Max ҳам 191 кун ичида 1,17 миллион дона сотилган, холос.

Тармоқларда iPhone Duo’нинг букланиш механизмида айрим муаммолар борлиги айтилаётган бўлса-да, бу савдога умуман салбий таъсир кўрсатмагани яққол кўриниб турибди.

«Apple» ердаги рекордларни янгилаётган бўлса, Илон Маск одатдагидек осмонда мўъжизалар яратмоқда.

«SpaceX» ва 15-парвоз

«SpaceX» компанияси Starship космик кемасининг 15-синов парвозини амалга оширди. Бу сафар улкан ракетанинг «Ship» қисми парвоздан сўнг ерга қайтиб тушаётганда, учириш минорасининг улкан темир қўллари (chopsticks) уни ҳавода худди ўйинчоқдек тутиб олди! Бу дегани, ракеталар энди океанга қулаб йўқ бўлиб кетмайди, улар тўғридан-тўғри минорага қайтиб, кейинги парвозга тайёрланади.

«XPeng» учар автомобиллари

Хитойнинг «XPeng» компанияси 2027-йилнинг ёзида ўзининг учар автомобилларини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. «Land Aircraft Carrier» деб номланган бу улов кўринишидан футуристик кибертракка ўхшайди, лекин энг қизиғи учадиган автомобил унинг юкхонасида жойлашган: у ердан 6 парракли улкан одам ташувчи дрон ажралиб чиқади! Машинанинг нархи тахминан 300 минг доллар атрофида бўлиши айтилмоқда ва бу нарх ичига парвоз қилишни ўргатувчи махсус тайёргарлик курслари ҳам киради. Ўзининг қуввати билан у ердан бир неча марта кўтарилиб, ҳавода етарлича узоқ вақт учиб юриши мумкин.

«Microsoft» узилиши тикланди

Яқиндагина дунё бўйлаб юз минглаб корхоналар ва аэропортлар ишини тўхтатиб қўйган «Microsoft» тизимидаги глобал узилиш ниҳоят тўлиқ бартараф этилди. 14-ноябр куни компания барча хизматлар, жумладан Microsoft 365, Teams ва Outlook юз фоиз ишчи ҳолатига қайтганини расман эълон қилди. Тизимлар яна ишга тушгани яхши. Айниқса, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва крипто-бозор кундан-кунга қонуний ва кенг қамровли бўлиб бораётган бир пайтда.

Ўзбекистонда крипто-дўконлар кўпаймоқда

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабарига кўра, 9-ноябр куни «C-store» МЧЖ корхонасига қонуний крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Шу билан Ўзбекистон ҳудудида лицензияга эга бўлган крипто-дўконлар сони 15 тага етди. Шунингдек, ҳозирда «Asterium» ва «Coinpay» каби 2 та крипто-биржа, шунингдек 6 та крипто-депозитарий корхонаси ҳам лицензия асосида фаолият юритмоқда. Маблағларингиз хавфсизлиги учун барча операцияларни фақат рухсатномаси бор платформаларда амалга оширишингизни маслаҳат берамиз. Лицензияга эга корхоналар рўйхатини исталган вақтда «napp.uz» сайти орқали текширишингиз мумкин.

Бу галги техно-олам янгиликлари шулардан иборат эди. GTA 6 учун компьютерингизда жой ва ишингиздан таътил олдингизми ёки жосуслар дунёни бошқараётганидан хавотирдамисиз? Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг!

Теглар

Мавзуга оид