Logo

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича дунёда 76-ўринни эгаллади

Бугун 20:023 дақиқа

Жаҳон иқтисодий форумининг 2026-йилги рейтингида Ўзбекистон 110 та мамлакат орасида 3,69 балл тўплади. Марказий Осиёда мамлакат фақат Қозоғистондан ортда қолди.

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича дунёда 76-ўринни эгаллади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон саёҳат ва туризмни ривожлантириш учун яратилган шароитлар бўйича халқаро рейтингда 76-ўринни эгаллади. Жаҳон иқтисодий форуми (WEF) маълумотлари асосида тузилган рейтингни Канаданинг Visual Capitalist таҳлилий платформаси эълон қилди.

Жаҳон иқтисодий форумининг Саёҳат ва туризмни ривожлантириш индекси (Travel & Tourism Development Index — TTDI) мамлакатларда туризм соҳаси ривожланиши учун яратилган шароитларни баҳолайди. 2026-йилги рейтингга 110 та давлат киритилган.

Индекс 17 та йўналишдаги 102 та кўрсаткични қамраб олади. Улар бешта асосий гуруҳга бирлаштирилган: қулай муҳит, давлат сиёсати ва шароитлар, инфратузилма ва хизматлар, туризм ресурслари ҳамда барқарорлик.

Баҳолашда мамлакатларнинг хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш тизими, виза тартиби, транспорт инфратузилмаси, меҳмонхона ва ресторанлар фаолияти, табиий ва маданий ресурслари, шунингдек, туризмнинг атроф-муҳитга таъсири ҳисобга олинади. Ҳар бир кўрсаткич 1 дан 7 баллгача баҳоланади.

Муҳим жиҳати, ушбу индекс мамлакатга ташриф буюрган сайёҳлар сонини эмас, балки туризмни ривожлантириш учун мавжуд шароитларни ўлчайди.

Япония биринчи ўринни эгаллади

2026-йилги рейтингида Япония 5,27 балл билан биринчи ўринни эгаллади. АҚШ 5,23 балл билан иккинчи, Испания эса 5,22 балл билан учинчи бўлди.

Кучли ўнталикдан қуйидаги мамлакатлар ҳам жой олди:

●     Австралия — 5,18 балл;

●     Франция — 5,17 балл;

●     Германия — 5,09 балл;

●     Буюк Британия — 5,08 балл;

●     Хитой — 5 балл;

●     Швейцария — 4,97 балл;

●     Италия — 4,93 балл.

Биринчи ўнталикда Европа давлатлари устунлик қилмоқда. Уларнинг ортидан олтитаси ушбу минтақага тўғри келади. Ривожланган транспорт тизими, туризм инфратузилмаси ва тарихий-маданий мерос Европа мамлакатларининг юқори натижаларида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда иккинчи

Ўзбекистон рейтингда 3,69 балл билан 76-ўринни эгаллади. Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса иккинчи натижани қайд этди.

Минтақа давлатларининг кўрсаткичлари қуйидагича:

j

МДҲ ҳудудидаги бошқа давлатлардан Озарбайжон 4,07 балл билан 58-ўринни, Арманистон эса 3,81 балл билан 72-ўринни эгаллаган. Россия ва Беларусь рейтингга киритилмаган.

Демак, Ўзбекистон минтақада Қозоғистон дан кейинги ўринда турибди. Бироқ жаҳон миқёсида 76-ўрин мамлакатда туризм инфратузилмаси ва хизматлар сифатини ривожлантириш учун ҳали имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.

Рейтингнинг қуйи поғоналарида қайси давлатлар?

2026-йилги рейтингида энг паст натижани Мали қайд этди. Унинг кўрсаткичи 2,75 баллга тенг бўлди.

Шунингдек, қуйи ўринлардан Сьерра-Леоне (2,91 балл), Камерун (3,05 балл), Малави (3,08 балл), Бенин (3,13 балл), Ангола (3,18 балл), Нигерия (3,20 балл), Гондурас (3,22 балл), Кот-д’Ивуар (3,26 балл) ва Зимбабве (3,27 балл) жой олди.

Рейтингдаги паст натижа мамлакатда сайёҳлик масканлари ёки табиий ресурслар мавжуд эмаслигини англатмайди. Бунда транспорт инфратузилмасининг ривожланиш даражаси, инвестициялар, хавфсизлик ва туризм хизматларининг сифати каби омиллар ҳам ҳисобга олинади.

Шу сабабли TTDI рейтинги мамлакатнинг сайёҳлар орасидаги машҳурлигидан кўра, туризм соҳасини ривожлантириш учун яратилган иқтисодий ва институционал шароитларни баҳолашга хизмат қилади.

Аввалроқ Vaqt.uz Осиё тараққиёт банкининг 2026-йил учун иқтисодий ўсиш прогнозларига асосланиб, минтақа мамлакатлари рейтингини эълон қилган эди. Унда Қирғизистон 8,9 фоизлик ўсиш прогнози билан Осиёда иккинчи, Ўзбекистон эса 7 фоизлик кўрсаткич билан Тожикистон ва Ҳиндистон қаторида 4–6-ўринларни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича дунёда 76-ўринни эгаллади | Vaqt.uz