Ўзбекистонда тўққиз ойда 77 мингдан ортиқ киши маъмурий қамоққа олинди
Мамлакатда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича энг кўп ишлар Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида кўрилган.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026-йилнинг январ—сентябр ойларида Ўзбекистонда 420 245 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланди. Уларнинг 77 мингдан ортиғи маъмурий қамоққа олинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тўққиз ой давомида туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судларнинг тергов судялари 662 237 нафар шахсга нисбатан 549 231 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиққан.
Жазоланганларнинг 340 986 нафарига жарима, 77 309 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, ярашилгани муносабати билан 71 450 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида кўрилган.
Қайси ҳуқуқбузарликлар энг кўп?
Олий суд маълумотларига кўра, судларда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар орасида майда безорилик, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ва ҳақорат қилиш ҳолатлари салмоқли ўрин тутган.
Шунингдек, автомобил транспортида йўловчилар ташиш билан лицензиясиз шуғулланиш, совуқ қурол ёки ундан фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни олиб юриш ҳолатлари ҳам кўп учраган.
Бундан ташқари, электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, савдо ва хизмат кўрсатиш талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари қайд этилган.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказиш, жамоат жойларида алкогол истеъмол қилиш ҳамда транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ҳам энг кўп учраган ҳуқуқбузарликлар қаторига кирган.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга 11 006 та тақдимнома юборилган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар юқори инстанция судларида ҳам кўриб чиқилган. Апелляция тартибида 7 656 нафар шахсга нисбатан 6 804 та иш кўрилиб, 1 496 нафар шахс бўйича қарорлар бекор қилинган, 2 495 нафарига нисбатан эса ўзгартирилган.
Кассация тартибида 10 152 та иш кўриб чиқилган. Натижада 4 379 нафар шахсга нисбатан қарорлар бекор қилиниб, 2 347 нафар шахсга оид қарорлар ўзгартирилган. Тафтиш тартибида эса 918 та иш кўрилиб, 187 нафар шахс бўйича қарорлар бекор қилинган.
Маълумот учун, 2025-йилда 690 879 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилиб, 509 146 нафар шахсга маъмурий жазо қўлланилган.





