Logo

Ўзбекистонда Хитой автомобиллари савдоси қарийб 50 фоизга ошди

Кеча 16:052 дақиқа

Жорий йилнинг дастлабки ўн ойида янги автомобилларнинг жами савдоси 6,5 фоизга камайиб, шу даврда Хитой брендларининг бозордаги улуши 11,6 фоиздан 18,4 фоизга кўтарилди.

Ўзбекистонда Хитой автомобиллари савдоси қарийб 50 фоизга ошди

2026-йилнинг январ–октябр ойларида мамлакатда жами 318 минг 949 та янги автомобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 минг 257 тага ёки 6,5 фоизга кам. Бу ҳақда Ўзбекистон Автомобил бизнеси ассоциацияси хабар берди.

Умумий савдо камайган бўлса-да, Хитой брендларининг автомобил савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 48,2 фоизга ошди.

Chevrolet’нинг бозордаги улуши 81,8 фоиздан 74 фоизга тушганига қарамай, етакчиликни сақлаб қолди. ADM Global 12,3 фоиз билан иккинчи, BYD 10,7 фоиз билан учинчи бўлди. Ўтган йилнинг шу даврида BYD ҳиссасига янги автомобиллар савдосининг 5,6 фоизи тўғри келган эди.

Шундай қилиб, октябрда 36 минг 176 та янги автомобиль сотилди. Бу сентябрдагидан 6,3 фоизга кўп, ўтган йилнинг октябрига нисбатан эса қарийб 12 фоизга кам.

Октябрда савдоси энг кўп ошган моделлар Cobalt ва Damas бўлди. Сентябрга қараганда 2 минг 175 та кўпроқ Cobalt ва 1 минг 843 та кўпроқ Damas сотилди.

BYD моделларидан Song Plus DM-i Champion савдоси 496 тага, Yuan Up DM-i савдоси 246 тага ошди. Chazor Champion эса сентябрдагидан 820 та кам сотилди.

Ҳудудлар кесимида ўн ойда энг кўп янги автомобил Тошкент шаҳрида 92,6 мингта сотилди. Бу жами савдонинг қарийб 29 фоизига тенг. Пойтахтдан кейин эса Самарқанд (25,9 мингта) ва Фарғона (25,1 мингта) вилоятларида сотилган. Энг кам савдо Сирдарё ва Қорақалпоғистонда кузатилди. Сирдарёда 4 минг 952 та, Қорақалпоғистонда 9 минг 384 та янги автомобил сотилди.

Эслатиб ўтамиз, йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонда енгил автомобиль ишлаб чиқариш 9,2 фоизга ошиб, 356 минг донадан ошди.

Теглар

Мавзуга оид