Logo

Қозоғистонда ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига қанча пул берилиши айтилди

Бугун 17:402 дақиқа

Маблағлар ёрдам йиғиш бўйича ягона оператор этиб белгиланган жамғармага ўтказилади. Бадаллар ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Қозоғистонда ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига қанча пул берилиши айтилди © Foto: gov.kz

Каспий денгизида, Манғистау вилояти яқинида ўтказилган ҳарбий машғулотлар вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига жами 2,3 миллиард тенгедан (тахминан 5,2 миллион доллар) ортиқ молиявий ёрдам кўрсатилади. Маблағлар «Адолат» партияси аъзолари ва Қозоғистон халқ кенгаши томонидан ажратилади.

«Адолат» партияси ва унинг Бизнес кенгаши ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард тенге (3,3 миллион доллар) ажратади. Маблағлар ёрдам йиғиш бўйича ягона оператор этиб белгиланган «Ұлттық рух» жамғармасига ўтказилади. Бадаллар ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Қозоғистон халқ кенгаши аъзолари эса ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига ёрдам бериш учун 815 миллион тенге (1,8 миллион доллар) йиғиб бўлган. Ушбу маблағлар ҳарбий хизматчиларнинг қариндошларига бевосита топширилади.

Маълумот учун, ушбу фожиа 24-сентябр куни Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг Каспий денгизи соҳилларида ўтказилган машғулотлари вақтида юз берган. Ҳарбий-ўқув топшириғини бажариш чоғида об-ҳаво шароити кескин ёмонлашиб, шамол кучайган. Оқибатда 17 ҳарбий хизматчи очиқ денгизда қолиб кетган. Улардан уч нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган.

Қидирув-қутқарув ишлари 25-сентябр куни бедарак йўқолган сўнгги икки ҳарбийнинг жасади топилганидан сўнг якунланган.

Ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши юзасидан оғир оқибатларга олиб келган хизматга бепарво муносабат ва кемаларни бошқариш қоидаларини бузиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳодисанинг сабаблари ва барча ҳолатларини ҳукумат комиссияси аниқламоқда.

Фожиа муносабати билан 25-сентябр куни Қозоғистонда умумхалқ мотам куни деб эълон қилинган. Манғистау вилояти ҳокимлиги ёрдам бермоқчи бўлган фуқароларни маблағларни фақат расмий «Ұлттық рух» жамғармаси орқали ўтказишга чақирган. Маблағларнинг ҳаракати давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назоратида.

Теглар

Мавзуга оид