Россияда 2027-йилдан даромади ҳақида маълумот бўлмаган мигрантларнинг патенти бекор қилинади
Расмийлар мигрантнинг ишлаётгани ҳақидаги маълумотларни унинг расман кўрсатилган даромади билан солиштириш имконига эга бўлади. Бу текширув ишлаш рухсатномаси ёки патент олиш ва уни узайтириш жараёнида амалга оширилади. Ишлаш патенти бекор қилинган тақдирда мамлакатдан чиқиб кетиш муддатлари ҳам белгиланади.
© rg.ru2027-йил 1-январдан Россияда хорижлик ишчиларнинг даромадини назорат қилиш бўйича янги қоидалар кучга киради. Агар давлат идораларида мигрантнинг қанча даромад олгани ҳақида зарур маълумотлар бўлмаса, унга ишлаш рухсатномаси ёки патент берилмайди. Аввал берилган ҳужжатлар ҳам бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция хизмати хабар берди.
«2027-йил 1-январдан бошлаб хорижий фуқаронинг уч, олти, тўққиз ва 12 ой давомида олган даромади ҳақида маълумот бўлмаса, унга ишлаш рухсатномаси ёки патент берилмайди. Аввал берилган ҳужжатлар ҳам бекор қилинади», — дейилади вазирлик хабарида.
Мигрантларнинг даромади қандай текширилади?
Ички ишлар вазирлиги даромадни назорат қилишнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилаётганини маълум қилди. 2026-йил 1-октябрдан Россия Федерал солиқ хизмати хорижий фуқароларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига юборишни бошлаган. Бу маълумотлар мигрантларнинг уч, олти, тўққиз ва 12 ой давомида олган расмий даромадларини қамраб олади.
25-октябрдан Россия Ижтимоий жамғармаси ҳам ушбу маълумот алмашинувига қўшилган. Жамғарма давлатнинг электрон ахборот тизимлари орқали хорижий фуқароларнинг иш жойи ва меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига тақдим этади. Натижада Россия расмийлари мигрантнинг ишлаётгани ҳақидаги маълумотларни унинг расман кўрсатилган даромади билан солиштириш имконига эга бўлади. Бу текширув ишлаш рухсатномаси ёки патент олиш ва уни узайтириш жараёнида амалга оширилади.
Мигрантлар оиласини таъминлаш учун етарли даромадга эга бўлиши керак
2027-йил 1-январдан кучга кирадиган яна бир ўзгариш Россияда яшайдиган хорижий ишчилар ва уларнинг оила аъзоларини молиявий таъминлаш билан боғлиқ. Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, хорижий фуқаролар ўзини ва Россияда бирга яшаётган қарамоғидаги оила аъзоларини таъминлаш учун етарли даромадга эга эканини тасдиқлаши керак бўлади.
Бунинг учун зарур бўлган энг кам даромад миқдори ҳар бир ҳудудда белгиланган яшаш минимуми асосида ҳисобланади. Бунда Россия ҳудудлари учун алоҳида белгиланган коэффициент ҳам инобатга олинади.
Агар хорижий фуқаро бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудда ишласа, талаб қилинадиган даромад миқдори энг юқори яшаш минимуми белгиланган ҳудуд асосида ҳисобланади. Демак, мигрант қанча даромад топиши кераклиги у ишлаётган ҳудудга қараб фарқ қилади.
Мигрантларнинг фарзандлари учун қандай қоидалар белгиланмоқда?
Янги тартиб Россияда ишлаётган хорижий фуқароларнинг вояга етмаган фарзандлари мамлакатда қанча муддат қолиши мумкинлигини ҳам белгилайди. Агар ота-она патент асосида ишласа, фарзандининг Россияда вақтинча қолиш муддати ота-онанинг патенти амал қиладиган давргача узайтирилади. Бироқ бу муддат бола 18 ёшга тўлгунига қадар амал қилади. Бунинг учун патент бўйича олдиндан тўланадиган солиқ тўловлари ўз вақтида амалга оширилиши шарт.
Мигрантнинг фарзанди 18 ёшга тўлгач, 30 кун ичида Россиядан чиқиб кетиши ёки мустақил равишда патент олиб, белгиланган тўловларни амалга ошириши ва ишга жойлашиши керак бўлади. Ички ишлар вазирлиги патентнинг амал қилиш муддати тугаганда ёки у бекор қилинганда мамлакатдан чиқиб кетиш тартибини ҳам тушунтирди. Агар хорижий фуқаронинг патенти узайтирилмаса ёки бекор қилинса, унинг ўзи ва вояга етмаган фарзандлари Россияда қолиш учун бошқа қонуний асосга эга бўлмаган тақдирда, 15 кун ичида мамлакатни тарк этиши керак.
Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев Федерация Кенгашидаги ҳукумат соати давомида янги чоралар мамлакатдаги ижтимоий хизматларга тушаётган юкни камайтиришга қаратилганини айтди.
Вазирнинг таъкидлашича, ўзгаришлар хорижий фуқароларнинг меҳнат фаолияти ва ўзини ҳамда оиласини таъминлаш имкониятини назорат қилишни кучайтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда иш ҳақи ва бандлик ошган бўлса-да, корхоналар таклиф қилаётган бўш иш ўринлари 9,8 фоизга камайганини маълум қилганди. Меҳнат бозоридаги ўзгаришлар миграцияга ҳам таъсир қилиб, Россияга ишлаш учун кетаётган ўзбекистонликлар сони қисқарган.





