add

Россиядаги ўзбекларга бепул тураржой, фаолияти чекланган Метан «заправка»лар ва қўшниларнинг рекорд даражадаги инвестицияси — 11 декабр дайжести

11.12.2025 | 22:024673 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Россиядаги ўзбекларга бепул тураржой, фаолияти чекланган Метан «заправка»лар ва қўшниларнинг рекорд даражадаги инвестицияси — 11 декабр дайжести

Россияда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликлар бепул турар жой билан таъминланади — Миграция агентлиги

Россияда қийин аҳволга тушган ўзбекистонлик мигрантлар учун Миграция агентлиги томонидан 30 кунгача бепул турар жой ва ижтимоий ёрдам тизими жорий этилди. Москвадаги Ваколатхона бир нечта хостел ва меҳмонхоналар билан шартномалар тузиб, молиявий қийналиш, турар жойсиз қолиш, тазйиқ ёки мажбурий меҳнатга дуч келган фуқароларни вақтинча жойлаштиришни бошлади.

Маълумотларга кўра, мурожаатлар шахсан Ваколатхона манзилида қабул қилинади ва вазият ўрганилгандан сўнг фуқароларга бепул турар жой ажратилади. Шунингдек, Урал, Сибир, Узоқ Шарқ каби ҳудудларда ҳам шундай хостеллар билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Хориждаги фуқароларни қўллаш механизмлари Вазирлар Маҳкамасининг 252-сон қарори билан умумлаштирилган.

Қўшнилар бир-бирига йирик инвестиция киритмоқда. Марказда — Ўзбекистон

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро инвестициялар 2021 йилдан буён тез суръатда ўсиб, 2025 йил биринчи ярмида 1,3 млрд долларга етди. Евроосиё тараққиёт банки маълумотига кўра, асосий сармоядорлар Қозоғистон ва Ўзбекистон бўлиб, Қозоғистоннинг улуши 72 фоиз, Ўзбекистонники эса 28 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистон минтақа бўйича энг йирик инвестиция қабул қилувчи мамлакат сифатида ажралиб туриб, жами оқимнинг 53 фоиз — 680 миллион долларини жалб этди. Инвестицияларнинг асосий қисми Қозоғистон бизнесининг Ўзбекистондаги лойиҳаларига тўғри келади; маблағлар асосан қурилиш ва қайта ишлаш соҳаларига йўналтирилган.

Метан «заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилмоқда

Ўзбекистонда метан «заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда. Энергетика вазирлигига кўра, қўшни мамлакат газ тармоғидаги техник носозлик сабаб импорт ҳажми кескин камайган ва аввал аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифага айланган.

Газ таъминотидаги босимни меъёрда ушлаш учун ҳокимликлар билан келишилган ҳолда метан АГНКСлар иши вақтинча тўхтатиб турилади. Вазирлик чекловлар доимий эмаслигини, барқарорликни тиклаш бўйича техник ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилиши айтилди.

Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк 2025 йил 11 декабрдаго йиғилишида асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолишга қарор чиқарди.

Регулятор бу қарор инфляциянинг пастлаб бориши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатда сақланаётгани билан изоҳланишини маълум қилди.

Ноябр ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 7,5 фоизга, базавий инфляция эса 6,3 фоизга тушгани қайд этилди.

Марказий банк 2025 йил якунига қадар инфляция прогнозини 7,3 фоизга пасайтирди. 2026 йил учун асосий инфляция кутилмалари 6,5 фоиз атрофида шаклланмоқда. Иқтисодий фаоллик бўйича прогрессив динамика сақланиб, йил якунларига кўра ялпи ички маҳсулот ўсиши 7–7,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Hyundai Rotem Ўзбекистонга илк юқори тезликдаги поездларни жўнатди

«Жалолиддин Мангуберди» номи берилган янги тезюрар поездлар Hyundai Rotem ва «Ўзбекистон темир йўллари» ўртасида 2024 йил июн ойида имзоланган 200 млн долларлик шартнома доирасида ишлаб чиқарилмоқда. Бу келишув мамлакатнинг темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчи ташиш тизимини тезкор ва қулай йўналишга айлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, янги поездлар Ўзбекистонда ички туризм, регионлар ўртасидаги қатнов ва иқтисодий фаолликни рағбатлантиришда катта аҳамият касб этади. Юқори тезликдаги ҳаракат натижасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби йирик шаҳарлар ўртасида саёҳат вақти сезиларли қисқариши кутилмоқда. Илк тезюрар поезд Тошкент–Урганч–Хива йўналишида йўлга қўйилади ва юқори тезлик туфайли йўлга кетадиган вақт 14 соатдан 7,5 соатгача қисқариши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид