Татаристондаги ҳужумда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 8 нафарга етди
Президент топшириғи билан Ҳукумат комиссияси тузилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Россиянинг Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрида содир бўлган ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Фавқулотда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Унга кўра, Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган.
Бугун юз берган мазкур ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳри ҳудудида фаолият юритган қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган жами 8 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлган ҳамда яна бир нечта ўзбекистонликлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган.
Президент топшириғи асосан ташкил этилган Ҳукумат комиссиясига:
➖жабрланган фуқаролар ҳолидан хабар олиш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш;
➖ҳалок бўлган фуқароларни махсус авиарейс орқали Ўзбекистонга олиб келиш;
➖марҳумларни тегишли манзилларга етказиш;
➖уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилган.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миграция агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Россияга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 10 август куни эрталаб Украина дронлари Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилганди, бунинг оқибатида эса дастлабки маълумотларга кўра, 14 нафар одам ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор.
@pressuzb





