add

Халқаро суд амнистия берилса ҳам Путин бўйича ордерни бекор қилмоқчи эмас

Бугун 21:391632 дақиқа

Халқаро жиноят суди Вашингтоннинг тинчлик режасида назарда тутилган умумий амнистия қабул қилинган тақдирда ҳам, Путин ва Россия расмийларига чиқарилган ордерлар муҳлати бекор бўлмаслигини билдирди.

Халқаро суд амнистия берилса ҳам Путин бўйича ордерни бекор қилмоқчи эмас

Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинга нисбатан чиқарилган ҳибсга олиш ордери ҳар қандай сиёсий келишувлардан мустақил ҳолда амал қилишини расман тасдиқлади. Судда таъкидланишича, Вашингтон томонидан Украина бўйича ишлаб чиқилган тинчлик режасида амнистия моддаси назарда тутилган бўлса-да, у ХЖС қарорларига таъсир қилмайди.

Бу ҳақда ХЖС бош прокурори ўринбосари Нажот Шамим Хон билдириб, ордерни тўхтатиш ёки кечиктириш учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг алоҳида резолюцияси талаб этилишини таъкидлади. «Ҳатто тинчлик келишуви тузилса ҳам, бу суд адолатининг амал қилишини тўхтатмайди», — деди у Рим статути нормаларига ишора қилиб.

Путинга нисбатан ордер 2023 йилда чиқарилган бўлиб, ХЖС уни Украинадаги босиб олинган ҳудудлардан болаларни ноқонуний депортация қилиш ва қатор бошқа халқаро жиноятларда айбламоқда. Шу ордер доирасида болалар ишлари бўйича омбудсмен Мария Лвова-Белова ҳам қидирувга берилган. Кейинчалик суд Россиянинг собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни ҳам жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ҳужжатлар эълон қилган.

Суднинг яна бир прокурори Маме Мандиае Нянганинг таъкидлашича, ХЖС низоми сиёсий келишувлар ёки дипломатик шартномаларни инобатга олмайди — у фақат Рим статути қоидаларига таянади.

Аввалроқ АҚШнинг 28 пунктдан иборат тинчлик режаси матбуотга чиқиб кетган ва унда «барча томонларга тўлиқ амнистия» имконияти назарда тутилгани маълум бўлган эди. Бироқ кейинчалик Женеваларда Украина делегацияси билан олиб борилган музокаралардан сўнг АҚШ қисқартирилган вариантдан амнистия бандини чиқариб ташлагани хабар қилинди.

Теглар

Мавзуга оид